"ЖЧ-2026": Аргентина оғир ўтган ўйинда Кабо-Вердени таслим қилиб, кейинги босқичга чиқди
АҚШ, Канада ва Мексика давлатлари мезбонлик қилаётган Жаҳон чемпионатининг 1/16 финал босқич баҳслари давом этмоқда. Ушбу босқич доирасида Аргентина ва Кабо-Верде миллий терма жамоалари ўзаро баҳс олиб борди.
Муросасиз кечган учрашувда амалдаги жаҳон чемпионлари 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. Дастлаб, 29-дақиқада Лионель Месси ҳисобни очган бўлса, 59-дақиқада Дерой Дуарте мувозанатни тиклади. Асосий вақтда бошқа гол урилмагани боис баҳс қўшимча бўлимларга йўл олди.
Қўшимча вақтнинг биринчи бўлимида Лисандро Мартинес Аргентинани яна олдинга олиб чиқди. Бироқ 103-дақиқада Кабрал ажойиб гол муаллифи бўлиб, ҳисобни яна тенглаштирди. Учрашув тақдирини эса Кристиан Ромеро ҳал қилди. Унинг бош билан йўллаган зарбаси Диней Боргесга тегиб, дарвоза тўридан жой олди.
Шу тариқа, Лионель Скалони шогирдлари 1/8 финалда Миср терма жамоасига қарши майдонга тушади.

Фикрлар