ЖЧда икки марта совриндор бўлган, таркибида Модрич каби футболчисига эга жамоа Хорватия билан танишамиз

ЖЧ-2022 стартига тобора оз вақт қолмоқда. Мухлис ва мутахассисларни интизорлик билан куттираётган турнир тез орада бошланади.

Қайси терма жамоалар "ЖЧ-2022"да иштирок этишини яхши биласиз. Агар ҳамон бундан хабардор бўлмасангиз яна бир  бор эслатиб ўтиб кетамиз.

Мундиал стартига 9 кун қолган ва биз кетма-кетликда термалар билан сизни таништириб ўтамиз. Демак, "F" гуруҳининг сўнгги вакили Хорватия орқали ўзига хос "челленж"имизни давом эттирамиз.

Жамоа ҳақида

Хорватия футбол иттифоқи. Лақаби — “шахматчилар”.

Ташкил топган йил: 1912 йил (ФИФАга 1941 йил аъзо бўлган)
Жамоа бош мураббийи: Златко Далич
Жамоа сардори: Лука Модрич

Илк расмий учрашуви: Хорватия – Швейцария 4:0 (1940)
Энг йирик ғалаба: Хорватия – Ман Марино 10:0 (2016)
Энг йирик мағлубият: Испания – Хорватия 6:0 (2018)

Хорватия терма жамоаси айни пайт ФИФА рейтингида 13-ўринни эгаллаб турибди. Уларнинг энг яхши натижаси эса 3-поғона бўлиб, 20 аср охирида мазкур ўринни эгаллаган. “Шахматчилар” тарихидаги энг ёмон кўрсаткич 125-поғона ҳисобланади. Улар анча олдин, яъни 1994 йилда кучли юзталикдан ҳам пастга тушиб кетган.

Хорватия миллий терма жамоаси 1990 йилдан қайта ташкил қилинган. Бунгача улар собиқ Югословия таркибида мусобақаларга қатнашиб келган. Мамлакат тарихидаги илк энг яхши кўрсаткич 1998 йилги мундиалда қайд этилган. Ўшанда “шахматчилар” илк марта ЖЧга йўлланма олган эди. Аммо дебютант бўлса-да, Хорватия мусобақа бронза медалларини қўлга киритди. Жамоа етакчиси Давор Шукер турнирнинг энг яхши тўпурари бўлди.

Кейинчалик улар 2002, 2006 ва 2014 йилги мундиалларда ҳам қатнашди, бироқ “шахматчилар” мусобақани гуруҳ босқичидаёқ  якунлашган.

ЖЧ-2018 саралаш турнирида хорватлар Исландияга имкониятни бой бериб, гуруҳда иккинчи ўринни эгаллади ва плей-офф орқали турнирга йўл олди. ЖЧ-2018да Хорватия Аргентина, Исландия ва Нигерия билан бирга “D” гуруҳидан жой олди. Жамоа мазкур квартетда 100 фоизлик натижа билан биринчи ўринни эгаллади, 1/8 финалда Данияни пенальтилар сериясида мағлуб этди. Чорак финалда эса россиялик футболчилардан пенальтилар сериясида кучлироқ чиқишди.

Ярим финалда Англияга қарши ўйинда яна қўшимча бўлимлар ўтказишга тўғри келди, аммо ушбу баҳс пенальтиларгача бормади. Хорватлар ўйин тугашига 10 дақиқа қолганида гол уриб, инглизлардан ғалабани тортиб олди.

Финалда эса “шахматчилар” французлар қаршисида нарса қила олмади ва рақибга 2:4 ҳисобида имкониятни бой беришди. Шу тариқа, Хорватия терма жамоаси жаҳон чемпионатининг икки карра совриндорига айланишган.

Турниргача босиб ўтган йўли

Хорватия Қатардаги мундиал учун йўлланмани қийинчилик билан қўлга киритди. Улар мусобақага бориш учун гуруҳда Россия, Словакия, Словения, Кипр ва Мальта билан кураш олиб борди. “Шахматчилар” 10 та учрашувда 23 очко тўплаб,  гуруҳ ғолиби сифатида ЖЧ чиптасига эга чиқди.

Аммо улар учун саралаш қийин бошланди. Боиси, Далич шогирдлари илк турда сафарда Словенияга 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Шундан кейин улар саралаш охиригча мағлубиятсиз ўйнашди. Фақатгина Россия ва Словакия хорватлар билан дуранг ўйнашни уддалади. Хорватия 21 та гол уриб, ўз дарвозасида 4 та тўп ўтказиб юборди.

Айтиш керакки, Хорватия сўнгги тургача гуруҳда иккинчи ўринда бораётган эди. Улар саралашнинг охирги ўйинида ўз майдонида кечадиган Россияга қарши ўйинда ғалаба қозониши шарт эди ва буни амалда уддалади.

Сплитда кечган учрашув тақдирини битта автогол ҳал қилди. Аслида бу ўйиндаги дуранг ҳам русларни қаноатлантирар эди, бироқ унга хорватлар йўл қўймади ва Фёдор Курдяшовнинг автоголи эвазига ғалабани тантана қилди. Қўлга киритилган 3 очкодан кейин “шахматчилар” 23 очко билан гуруҳда биринчи ўринга чиқиб олди. 22 очкоси бор Россия эса плей-оффда иштирок этадиган бўлди.

Жамоа етакчилари

Барчага маълумки, Хорватия терма жамоасининг асосий етакчиси ва сардори Лука Модрич ҳисобланади. “Реал” футболчиси анча вақтдан бери нафақат “шахматчилар” сафида, балки бутун дунёдаги энг яхши ярим ҳимоячиси сифатида эътироф этилади.

Катта эҳтимол билан ушбу турнир Лука учун сўнггиси ҳисобланади.  Сабаби кейинги ЖЧга қадар Модрич 41 ёшда бўлади ва унинг ўйнаши имконсиз.

Шунингдек, таркибда “Тоттенхэм” футболчиси Иван Перишич, “Интер” етакчиси Марсело Брозович, анча вақтдан бери гранд клублар эътиборида бўлган Йошко Гвардиол, “Челси” ҳимоячиси Матео Ковачич каби жаҳон даражасидаги футболчилар бор.

Сўнгги пайтларда хорватларда ҳам яхши футболчилар етишиб келмоқда. Эҳтимол Қатар-2022 бизга яна кўплаб иқтидорларни кашф қилишимизга сабабчи бўлади?!

Хорватия терма жамоаси “Transfermarkt” порталида 388 миллион еврога баҳоланмоқда. Таркибдаги энг қиммат футболчи эса Йошко Гвардиол ҳисобланади. “Реал”, “Ман Сити” ва “Челси” каби клублар “радари”даги футболчининг нархи 60 миллион еврога баҳоланган. Кучли бешликдан эса Ковачич (40 миллион евро), Брозович (35 миллион евро) , Пашалич (25 миллион евро) ва Ловро Майер (22 миллион евро) каби футболчилар жой олган.

Хорватия терма жамоасининг Қатардаги мундиал учун чақирилган футболчилари рўйхати:

Даровзабонлар: Доминик Ливакович (“Динамо” Загреб), Ивица Ивушич (“Осиек”), Иво Грбич (“Атлетико”).

Ҳимоячилар: Домагой Вида (АЕК), Деян Ловрен (“Зенит”), Борна Баришич (“Рейнджерс”), Йосип Юранович (“Селтик”), Йошко Гвардиол (“РБ Лейпциг”), Борна Соса (“Штутгарт”), Йосип Станишич (“Бавария”), Мартин Эрлич (“Сассуоло”), Йосип Шутало (“Динамо” Загреб).

Ярим ҳимоячилар: Лука Модрич (“Реал” Мадрид), Матео Ковачич (“Челси”), Марсело Брозович (“Интер”), Марио Пашалич (“Аталанта”), Никола Влашич (“Торино”), Ловро Майер (“Ренн”), Кристиян Якич (“Айнтрахт” Франкфурт), Лука Сучич (“РБ Зальцбург”).

Ҳужумчилар: Иван Перишич (“Тоттенхэм”), Андрей Крамарич (“Хоффенхайм”), Бруно Петкович (“Динамо” Загреб), Мислав Оршич (“Динамо” Загреб), Анте Будимир (“Осасуна”), Марко Ливая (“Хайдук” Сплит).

ЖЧ-2022даги тақвими

23 ноябрь. Марокаш — Хорватия
27 ноябрь. Хорватия — Канада
1 декабрь. Хорватия — Бельгия

 

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!