ЖЧ–2026нинг сўнгги иштирокчилари маълум: ДР Конго ва Ироқ йўлланмани қўлга киритди
ДР Конго ва Ироқ терма жамоалари Жаҳон чемпионати–2026 финал босқичининг сўнгги иштирокчиларига айланди. Ҳар икки жамоа халқаро плей-офф баҳслари орқали мусобақага йўлланма олди.
Конголиклар ҳал қилувчи учрашувда Ямайкани 1:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, ироқликлар Боливияни 2:1 ҳисобида таслим қилди. Шу тариқа ЖЧ–2026да иштирок этадиган барча 48 та терма жамоа номи тўлиқ аниқ бўлди.
Турнир тарихда илк бор кенгайтирилган форматда ўтказилади: 48 та жамоа 12 та гуруҳга, ҳар бири 4 тадан қилиб тақсимланади.
Африка қитъасидан 10 та жамоа иштирок этади: Марокаш, Тунис, Миср, Жазоир, Гана, Кабо-Верде, ЖАР, Сенегал, Кот-д’Ивуар ва ДР Конго. Шу билан CAF жамоалар сони бўйича Европадан (16) кейин иккинчи ўринни эгаллади.
Осиё эса 9 та жамоа билан қатнашади: Япония, Австралия, Эрон, Ўзбекистон, Жанубий Корея, Иордания, Саудия Арабистони, Қатар ва Ироқ. Бу ОФК учун тарихий натижа бўлди.
Жанубий Америкадан 6 та жамоа — Аргентина, Эквадор, Колумбия, Уругвай, Бразилия ва Парагвай қатнашса, КОНКАКАФдан АҚШ, Канада, Мексика, Панама, Гаити ва Кюрасао иштирок этади. Океаниядан эса ягона вакил Янги Зеландия бўлади.

Фикрлар