Асосий мазмунга ўтиш
Футбол

Жозе Моуриньо "Реал"даги асосий вазифасини айтди

Ali Ahmadxo’jayev
Изоҳлар: 0

Анча гапи бор экан

Мадриднинг «Реал» жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо клубдаги асосий мақсади ва ўз олдига қўйган вазифалари ҳақида сўзлаб берди.

«Менинг истагим – клубнинг бугунги кунига ҳам, келажагига ҳам ўз ҳиссамни қўшиш. Албатта, мен ғалаба қозонишни хоҳлайман. «Реал Мадрид» яна титуллар юта бошлаши керак, чунки бу клуб учун ғолиб бўлиш табиий ҳолат. Лекин илк бор келганимда бўлганидек, бу сафар ҳам мураббийнинг иши фақат бугунги натижа билан чекланмаслигини таъкидламоқчиман – у клубнинг келажагини тайёрлаш билан ҳам бевосита боғлиқ», – дейди мутахассис.

Моуриньонинг таъкидлашича, у жамоага қаттиқ тартиб-интизом ўрнатиш учун эмас, аввало, соғлом фикр билан иш юритиш учун келган.

«Кўпчилик мен жамоага қаттиқ қоидалар билан келаман, деб ўйлайди. Йўқ, мен энг аввало соғлом фикр билан келаман. Биринчи кунданоқ футболчилардан шуни талаб қиламан. Машғулотга ўз вақтида келиш, ўз вақтида кетиш, залдаги иш, майдондаги меҳнат, тактик таҳлил бўйича индивидуал машғулотлар… Профессионаллик, касбга ҳурмат ва энг муҳими, клубга ҳурмат нуқтаи назаридан мен улардан нимани талаб қилсам, буларнинг барчаси мен учун оддий соғлом мантиқ. Ва ўйлайманки, футболчилар ҳам буни худди шундай қабул қилишяпти», – дея қўшимча қилади у.

Португалиялик мутахассис ўз учун жуда муҳим бўлган бир тушунчани ҳам алоҳида қайд этди.

«Испанча қандай айтишни билмайман, лекин португал тилида мен учун жуда муҳим бир ибора бор: биз «Реал»да ишламаслигимиз керак, биз «Реал» учун ишлашимиз керак. Мен учун бу – барчамиз қабул қилиши, тушуниши ва ҳар куни амалда қўллаши лозим бўлган тамойил. Клубга айнан шу руҳни олиб киришни истайман: «Реал» манфаати йўлида меҳнат қилиш», – дея Моуриньюнинг сўзларини мадрид клубининг расмий сайти келтиради.

Эслатиб ўтамиз, 18 август куни Жозе Моуриньо расман мадриднинг «Реал» жамоаси бош мураббийи сифатида тақдим этилган эди. Унинг клуб билан тузган шартномаси 2029 йилгача мўлжалланган.

Улашиш
SPORTS.uz'ни Youtube'да томоша қилинг!

Изоҳлар (0)

Ҳозирча изоҳлар йўқ