Камтаринликни ундан ўрганинг
Айни дамда, Нголо Кантенинг ўйинлари кескин пасайиб кетгани бор гап. Ҳозирда, «Лестер»даги ёки Антонио Контенинг «Челси»сидаги Нголони кўра олмаяпмиз. Кантенинг фаолиятидаги пасайиш сабабли у ҳақида мақола ёзиш мақсадида интернетни «ковлаштираётган» эдим. Ногоҳ кўзимга, анча аввал бир нечта хориж сайтларида эълон қилинган қизиқарли воқеага кўзим тушиб қолди. Тўғриси, ўқиб таъсирландим. Кантенинг шахс сифатида қалби буюклигига шахсан менда ҳеч қандай шубҳа қолмади. Эскирган бўлсада, одамийликнинг энг юқори намунаси бўлган воқеани сиз азизларга ҳам илиндим.
«Челси» машғулотлар базасидан эрта чиққан Нголо Лондондан Парижга экспресс тезюрар поездга чипта харид қилди. Унинг оиласи Парижда истиқомат қилар, футболчи вақт топиши билан оиласига шошиларди.
Қаҳрамонимиз ўз клубида энг катта маош олсада, қийинчиликда катта бўлгани учун пулларни ҳавога учиришни ёқтирмайди. Унинг оиласи каттагина бўлиб, ака-укаларини ёлғизлатиб қўймайдиган қаҳрамонимиз ҳамма учун бирдек қайғуради. У ўзининг камтарона миникупер машинасида вокзалга келди ва чипта харид қилиш учун касса олдига яқинлашди. Уни таниб қолган лондонликлар дастхат сўраб анча вақтини олиб қўйишди. Камтарин Нголо ҳеч кимни дастхатсиз қолдирмади ва чипта олишга зўрға улгурди. Вокзалда поездини кутиб ўтирган чоғида соатига қараса, аср намози ўтиб кетишига озгина қолипди. Қаҳрамонимиз яратганга ибодат қилиш учун масжидга шошилди…
Аср намозидан сўнг дуо қилиб узоқ қолиб кетди шекилли вокзалга қайтганида экспресс кетиб бўлган эди. Канте бироз нима қилишни билмай турди. Уйдагиларга қўнғироқ қилди ва кеч қолишини айтиб, яна масжид томон йўналди чунки ҳадемай шом намозига азон айтилиши керак эди. Шом намозини адо қилган «Челси» ярим ҳимоячиси масжиддан чиққанида эшик тагида 4 йигит уни кутиб туришар эди…
Улар Нголо билан қучоқлашиб кўришишди ва узоқ суҳбатлашиб қолишди. Лондондга ишлашга келган йигитлар ўзлари севган футболчини масжидда кўриб қувонишганини изҳор қилиб уйга таклиф этишади. Нголо эса самимий табассум билан рози бўлади. Келиб чиқиши покистонлик бўлган йигитлар ўша куни қаҳрамонимизни қўлдан келганча меҳмон қилиб, ярим тунгача суҳбатлашиб, «Play Station» ўйнаб ўтиришади. Улар Нголони шу ерда беҳижолат тунаб қолиши мумкин эканлигини айтиб қолишини сўрашади. Камтарин футболчи эса худди ўзи сингари мусофир йигитларнинг юзларидаги ялинчоқ ифодага қараб йўқ дея олмайди ва покистонлик муҳожирларнинг 2 хонали ижара уйларида тунаб қолади.
Бомдод намозидан сўнг йигитлар уни вокзалгача кузатиб чиқишади ва биродарлари билан қучоқлашиб хайирлашишдида ортга қайтишади…
Ушбу воқеани ўзлари ишлайдиган заводдаги ҳамкасбларига айтиб беришганида ҳеч ким ишонмайди… Йигитлардан бири ўз уйида Нголо билан «Фифа 18» ўйнаб ўтирган суратини Инстаграмга жойлаштиради ва бу бир зумда тренд мавзуга айланади. Қизиқувчан инглиз журналистлари ушб мавзу юзасидан суриштирув ишларини олиб боришади ва вазиятни ойдинлаштиради. Нголо ўша куни акасининг туғилган кунига шошилиб кетаётган экан. «Чесли» футболчиси клуб мутасаддиларидан 2 суткага уйга бориб келишга рухсат сўраган экан. Мусофир биродарларининг илтимосини рад эта олмаган Нголо аслида ўша куни камтарона меҳмондорчиликдан сўнг яна клуб базасига қайтиб кетган еди…
Дарҳақиқат, ҳафтасига 500 минг АҚШ доллари ишлаб топсада ўзлигини йўқотмаган канте бутун дунё мусулмонларини яна бир бор ҳайратга солди. Канте мусофирларнинг уйида улардан қўрққани ёки уялгани учун эмас, инсонийлик важидан қолди.Биродарларининг ярим кўнглини
чўктирмаслиги учун ўз истакларига қарши чиқсада уларни хушнуд қила олди …
Дарҳақиқат, Нголо ҳар жабҳада бугунги кун футболчилари учун ўрнак бўла олади. Пол Погба Жаҳон чемпионлигини қўлга киритгач, «L'equipo» нашри учун каттагина интервью берган эди. Ўша суҳбатда, «Манчестер Юнайтед» футболчиси Нголо ҳақида таъсирланиб сўзлаган, унинг ҳаётда қанчалар камтарин эканлигини ифодалаб берган эди.
«Биласизми, у ўзгача. У сира бизга ўхшамайди. Ундаги камтарлик ва уятчанлик бугунги авлод футболчилари учун умуман бегона. Биз Аргентинани мағлуб этган ўйинимизда у энг катта ишни бажариб берди. Биз учрашув олдидан Лео Мессини қандай қилиб бўлсада тўхтатиб қолишимиз лозимлигини билар эдик. Энг қийин вазифани Кантега юкладик. У ўша учрашувда Мессига ҳеч қандай имкон қолдирмади. Ўйиндан кейин кийиниш хонасида катта байрам уюштирдик. У эса, бир чеккада индамай жилмайиб ўтирар эди. Ваҳоланки айнан у байрамнинг асосий сабабчиси эди. Финалдан сўнг, совринни бизга топширишди. Эсдалик учун барча футболчилар расмга тушдик. Кейин ҳамма алоҳида суратга тушди. Қарсам Канте ийманиб бир четда турибди. Уни журналистлар суратга тушишга зўрға кўндирди. Канте тортиниб бўлсада медиа олам вакилларининг илтимосини бажарди. Тўғриси, у билан қисқа муддат бирга бўлган бўлсакда, жуда илиқ хотиралар қолди.»
Дарҳақиқат, қимматбаҳо машина ёки олмос билан безатилган соат футболчининг даражасини билдирмайди. Бу унинг имижига таъсир кўрсатиши мумкин, бироқ шахс сифатида ўсишига ёрдам бермайди. Канте бугунги кун футболчилари учун чинакам намуна.
Яҳёхўжа Улуғхўжаев
Фикрлар