Каннаваронинг камчилик ва ютуқлари очиб берилди
Ўзбек футболи афсонаси Азамат Абдураимов Россиянинг “Спорт Экспресс” нашрига берган интервьюсида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваронинг иши ҳақидага саволларга ҳам жавоб берди.
- Жаҳон чемпионатида ишлаётган мураббийлар орасида энг катта маош олувчилардан ҳисобланган Фабио Каннаваронинг бош мураббий этиб тайинланиши ва ишига қандай қарайсиз? Жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиққан Темур Кападзени қолдириш тўғрироқ эмасмиди?
- Каннаварони бош мураббий этиб тайинлашнинг ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари бор. Бир томондан, у футболчи сифатида улкан обрў ва жаҳон футболида катта номга эга. Шунингдек, мураббий сифатида у футболчиларимизга янги нигоҳ билан қаради, шу сабабли аввал терма жамоа рўйхатида кўрмаган янги футболчилар чақирилди. Менимча, аввалги даврда атиги 19 ёшли Беҳруз Каримов асосий таркибда майдонга тушиши қийин эди.
Иккинчи томондан эса, Каннаваро мураббий сифатида маҳаллий мутахассисларимиздан устун эмаслиги маълум бўлди. Энди бемалол айтиш мумкинки, Кападзенинг ўрнига Каннаваронинг келиши ҳеч қандай устунлик бермади. Мен энг аввало Фабио жаҳоннинг энг яхши ҳимоячиларидан бири сифатида ҳимоя чизиғимизни тўғри йўлга қўйиб, ўз тажрибаси ва билимларини ҳимоячиларимизга ўргатади, деб умид қилган эдим. Амалда эса аксинча бўлди – учта ўйинда 11 та гол ўтказиб юбордик.
Бундан ташқари, мусобақа давомида таркиб танлашдаги хатоларни ҳам кўрдик. Дарвозабон позицияси энг заиф нуқта бўлиб қолди. Конго Демократик Республикаси футболчилари билан ҳал қилувчи ўйиннинг иккинчи бўлимида жамоа бутунлай муваффақиятсиз ҳаракат қилди ва мураббийлар штаби алмаштиришлар ҳамда тактик ўзгаришлар орқали ғалабали ҳисобни сақлаб қола олмади.
Кенгроқ таҳлилни кейинроқ қилиш мумкин. Аммо ҳозирнинг ўзидаёқ Каннаваронинг тайинланиши ҳозирча Ўзбекистон терма жамоасига ҳеч қандай устунлик бермагани аниқ. Мен терма жамоага маҳаллий мутахассис раҳбарлик қилиши тарафдорим.
Бу ерда гап фақат катта маош ҳақида эмас. Агар жаҳон миқёсидаги катта ном ва улкан тажрибага эга инсон келиб, ўз иши билан Ўзбекистон футболи ривожига янги туртки берганида, худди Гус Хиддинк Россияда қилганидек, унда бу маблағлар нима учун сарфланганини тушуниш мумкин бўларди. Аммо ҳозир Каннаваронинг штабида тажриба ўрганадиган бирорта ҳам ўзбек мураббийи йўқ. Каннаваро оиласи ўзидан кейин қандай из қолдиради?
- Отангиз жаҳон чемпионати ўйинларини кўрдими ва бу ҳақда сизга нимадир дедими?
- Ҳали отам билан гаплашмадим. У ҳозир стационарда даволанмоқда. Уйга қайтганимда суҳбатлашамиз. Албатта, у терма жамоа ўйинларини кузатди ва натижалардан қаттиқ қайғураётганини биламан. Эҳтимол, Каннаваро ишига ва терма жамоа ўйинига берган баҳоси меникидан ҳам қаттиқроқ бўлади.
Шуни ҳам айтишни истардимки, отам ўтган йили Никита Павлович Симоняннинг вафоти ҳақида эшитганида жуда қаттиқ қайғурган эди. Биз учун у футболга садоқатнинг ҳақиқий намунаси бўлган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида Колумбия, Португалия ва Конго Демокрактик Республикаси футболчиларига барча учта ўйинда мағлуб бўлиб, плей-оффга чиқа олмади. Терма жамоа ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатининг финал босқичида иштирок этди.
Мундиалда Ҳусанов билан тўқнашган Роналду Абдуқодирга нималар дегани ошкор бўлди
Ҳусанов борми? Мареска етти юлдузни кетказади
Kicker: "Боруссия" Ўзбекистон терма жамоаси футболчисини олади

Фикрлар