Кападзе "Олимпик"нинг ғалабасиз серияси давом этаётганига қандай изоҳ берди?
“Андижон” – “Олимпик” (2:1) ўртасидаги ўйиндан кейин ташкил этилган матбуот анжуманининг дастлабки қисмида меҳмонлар бош мураббийи Тимур Кападзе иштирок этди ва журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- “Андижон” жамоасини ғалаба билан табриклайман. Албатта, ўйин қийин бўлди. Биз ўйнашга ҳаракат қилдик. Аммо майдон кўп вазиятларда бунга имконият бермади. Бунақа майдонда айниқса, бизнинг футболни кўрсатиш қийин. “Андижон”га эса бу тарафдан қулай ва осонроқ бўлди. Балки улар ўйнаётган футбол бу майдонда яхшироқдир. ПФЛ бундай майдонни қандай қабул қиляпти, саволлар берса бўлади. Бундан олдинги иккита ўйинни кўрдик, ҳолати яхши эмас. Бу эса бироз ўйинни бузди. Нима бўлганда ҳам йигитлар бундай майдонда ҳаракат қилишди. Албатта, биз бошидаёқ хато қилдик. Ҳимоячимизнинг хатоси билан гол ўтказиб юбордик. Лекин вазиятдан чиқиб кетдик ва гол урдик. Иккинчи бўлимдаги голда ўйин қоидаси бузилганди. Такрорий ҳолатда ҳам кўрдик, аммо ҳакам жим турди. Бу ердаги мухлислар, атмосфера, ҳар тарафлама кучли бўлди. Босим бор эди. Шунга қарамасдан йигитлар охиригача ҳаракат қилишди. Бунақа майдонда бўлса ҳам комбинация қилишга ҳаракат қилишди. Вазиятлар яратишга интилишди. Камчиликлар ҳам кўзга ташланди.
- Захирадан майдонга тушган футболчилар қанчалик ўйинни кучайтира олдилар?
- Менимча, кучайтиришди. Ўйинга бироз жонлантириш қўшишди. Барибир бу майдонда ўйнаш жуда қийин. “Андижон” ҳимояланаётган бўлса, албатта бу қийин. Захирадан майдонга тушиб ҳам йигитлар вазиятлар яратишди. Дуранг билан чиқиб кетсак бўларди. Бундай ўйинга киришиб кетиш осон эмас. Аммо улар яхши киришиб кетишди.
- Жамоангиздаги аксарият ўйинчилар ёшлар. Нима деб ўйлайсиз, балки стадиондаги бугунги муҳит уларга босим ўтказиб, ўйинига таъсир кўрсатгандир?!
- Бунинг ҳам балки таъсири бордир. Лекин кўпроқ таъсир - бу майдон бўлди. Рақибни билардик, аммо кўп вазиятларда майдон имкон бермади. Тўп билан ўйнашда қийинчиликларга дуч келдик. Ҳимояланаётган жамоага осонроқ бўлди.
- Адашмасам, “Олимпик” охирги марта май ойида ғалаба қозонганди. Жамоага нима етишмаяпти? Ўтган йилги “Олимпик”дан кўра бу йилги “Олимпик” нобарқарор иштирок этяпти.
- Кўп ўзгаришлар бўлди. Янги йигитлар келди. Уларга имконият беряпмиз. Ҳа, камчиликлар кўзга ташланяпти, қаердадир хатолар кузатиляпти. Бу ёшда менимча нормал ҳолат. Ҳар бир хатонинг устида ишлаяпмиз, кўрсатяпмиз. Менинг вазифам уларга имконият бериш. Камчиликлари бўлса уларни тўғрилаш. Чунки кўп футболчилар барибир ўз клубларида имкониятга эга эмасди ва бу ерда уларга имконият тақдим қиляпмиз. Яхши ўйнашса, кучли бўлишса албатта терма жамоага эшиклар очиқ.
“Андижон” матбуот хизмати.
Фикрлар