Каратэ WKF. Тошкентда халқаро турнир ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 15-16 июнь кунлари Тошкент тумани спорт мактабига қарашли "Универсал" спорт мажмуасида спортнинг каратэ WKF тури бўйича "Keles Open"  бешинчи анъанавий халқаро турнири бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси спорт вазирлиги, Тошкент вилояти спорт бошқармаси, Тошкент тумани ҳокимлиги, Ўзбекистон каратэ WKF ассоциацияси, Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент тумани бўлими, Тошкент тумани спорт мактаби каби  қатор ташкилотлар "Keles Karate" спорт клуби билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур халқаро турнир юқори савияда ташкил этилди. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 3 ноябрдаги ПҚ- 356 сонли "Каратэ (WKF) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда иқтидорли спортчиларни саралаш орқали терма жамоаларга муносиб номзодларни аниқлаш мақсадида ташкил этилган мазкур мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан ҳамда қўшни Қозоғистон ва Тожикистон давлатлардан 5 ёшдан 18 ёшгача ва 18 ёшдан катта бўлган 700 нафардан ортиқ спортчилар ғолиблик учун кураш олиб боришди. 
Муросасиз ва қизғин баҳсларга бой тарзда ўтган бешинчи анъанавий турнирни "Keles Karate" спорт клуби раҳбари Дилшод Юсупов, мусобақа бош котиби Хуршид Шодибеков, бош ҳакам Зокир Ҳайитматовлар  бошчилигидаги 30 нафар ҳакамлар гуруҳи бошқариб боришди.
Икки кун давом этган муросасиз беллашувларнинг якуний натижалирга кўра, умумжамоа ҳисобида фахрли биринчи ўринни Тошкент вилояти каратэчилари қўлга киритди. Иккинчи ўринни Қашқадарё вилояти жамоаси эгаллаган бўлса, учинчи ўринлар Сирдарё ва хоразмликларга насиб этди.
Мусобақада барча вазн тоифаларига кўра  ғолиб ва совриндор бўлган  диплом, медаль ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланишди. 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!