Карлсен Синдаровни Гукешга қарши фаворит деб атади
Жаҳон шахмат юлдузи Магнус Карлсен Жавоҳир Синдаров ва Доммаражу Гукеш ўртасидаги баҳс ҳақида фикр билдирди.
"Ҳозирнинг ўзида Синдаровни фаворит демаслик қийин. Жаҳон чемпионлиги учун баҳсда ҳар нарса юз бериши мумкин, лекин мен учун энг қизиғи — Синдаров яқин ойларда нималар кўрсатиши. У Гукешдан анча фарқ қилади. Гукешда ўйинни тушуниш борасида аниқ кўринадиган камчиликлар бор, Синдаровда эса бу унчалик сезилмайди. У анча универсал шахматчи", — деди Карлсен.
Шунингдек, норвегиялик гроссмейстер Синдаров эҳтимолий ғалаба қозонса, бу уни классик жаҳон тожи учун курашга қайтишга ундамаслигини айтди.
"Баъзи форматларда — албатта. Аммо классик шахматда — мутлақо йўқ. Мен ўзим хоҳлаган мусобақаларда қатнашаман ва қарорларимни бошқалар мендан нимани кутишига қараб эмас, ўз хоҳишимга кўра қабул қиламан. Мен шахматда эришмоқчи бўлган мақсадларимга эришдим. Классик жаҳон чемпионати мени умуман қизиқтирмайди", — деди Карлсен.

Фикрлар