Каруана: Синдаровда "қотил инстинкти" бор!
Деярли барча экспертлар яқинлашаётган Номзодлар турнирида Фабиано Каруанани асосий фаворит деб ҳисоблаяпти. Аммо Фабианонинг ўзи бу ҳақда нима дейди?
— Албатта, мен ғалаба қозонишни хоҳлайман. Номзодларда қатнашишдан ягона мақсад — ютиш.
Унинг фикрича, олдинги турнирларга қараганда иштирокчиларнинг тайёргарлик даражасидаги фарқ анча камайган. Энди ҳамма деярли бир хил даражада тайёр. Шу туфайли натижани энди бошқа омиллар ҳал қилади.
Рақиблар ҳақида фикрлари
Праггнанандҳа
— Мен Праггнанандҳани энг юқори ўринга қўяман. Сўнгги олти ой у учун унчалик омадли ўтмаган бўлса-да, ўтган йилги ТОП-турнирлардаги ғалабалари билан ўз даражасини кўрсатган эди. Бу мен учун жорий рейтингдан ҳам муҳимроқ.
Гири
— Жуда чуқур фикрлайдиган шахматчи. Стратегик жиҳатдан кучли. Лекин ғалаба учун етарли даражада кўп партия юта оладими?
У ўн йилдан бери топ-10 даражасида. Мен унинг имкониятларини Вей Идан бироз юқори, лекин Праггдан пастроқ деган бўлардим.
Вей И
— Уни баҳолаш қийин. Баъзида у жуда аниқ ва мукаммал ўйнайди. Лекин йирик ғалабалари кўп эмас.
Есипенко
— Мен унинг ўйинини ҳурмат қиламан, лекин рейтинги ва йирик турнирларни ютмаганини ҳисобга олиб, асосий фаворит дейиш қийин. Шунга қарамай, у жуда хавфли. У ўзи ютмаслиги мумкин, лекин бошқаларнинг натижасига ёмон таъсир ўтказиш эҳтимоли бор.
Блюбаум
— У ҳам бошқаларнинг натижасига таъсир қилиши мумкин. Балки яхши натижа кўрсатар, лекин турнирни ютиш имконияти чекланган. Обектив қарасам, уни ғалаба имконияти бўйича охирги ўринга қўйган бўлардим.
Синдаров
— У албатта турнирни юта олади. Жуда хавфли. Унда “қотил инстинкти” бор. Тажрибаси кам, лекин балки унга тажриба керак ҳам эмасдир. Мен ҳам биринчи Номзодлар турниримда катта тажрибага эга эмасдим, лекин барибир биринчи ўрин учун курашганман.
Ҳозир у жуда яхши формада. Ғалаба қозониш эҳтимолини Аниш билан бир даражада ёки ундан бироз юқорироқ қўйган бўлардим.
Накамура
— Мен уни Прагг билан бир даражага қўяман. У қандай ғалаба қозонишни билади. Энг тажрибали иштирокчи. Охирги сафар у сўнгги турда Гукешга қарши турнирни ютиш имконига ҳам эга эди. У албатта ғалаба қозона олади.
Фикрлар