Катанец ғалаба, Ҳиндистоннинг даражаси, ёш футболчиларимиз ва стартдаги босим ҳақида гапирди. Шунингдек, у ЖУРНАЛИСТЛАРГА мурожаат қилди
Бугун Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубоги иккинчи турида Ҳиндистон билан куч синашди. Устунликка эришган ҳамюртларимиз 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ўйиндан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида Сречко Катанец ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Ўтган бир йил давомида асосан 3 марказий ҳимоячи билан ўйнадик. Бундай ўйинда терма жамоамиз ўзини яхши ҳис қилади. Ҳаттоки, "Интер" клуби ҳам 3 та марказий ҳимоячи билан ўйнайди. Фарқи улар кўпроқ ҳужумга интилади. Мен ҳимоячиларимга ҳеч қачон "фақат орқада туринглар", демайман. Фақатгина Сурияга қарши баҳсда ҳужум уюштиришда қийнайлдик.
Масалан, бугун Австралия - Сурия учрашувининг биринчи таймини кўрдим. “Кенгурулар” 4 та ҳимоячи билан ўйнади. Бу билан Австралия кўплаб ҳужумлар яратди, демаган бўлардим. Уларда имконият кам бўлди. Тўрт ҳимоячи дегани кўплаб ҳужумлар ташкил қилишини англатмайди.
Биз озроқ сабр қилишимиз керак. Сабаби, таркибда ёш ва бу каби турнирларда майдонга тушмаган футболчилар етарлича. Кўриб турибсиз, улар жараёнга мослашиб олиши билан ҳаммаси изига тушиб кетмоқда.
Бошида босим бўлиши аниқ эди. Аммо ҳозир йигитларга осонроқ бўлаётганини ҳис қилиб турибман. Биз ўйиндан ўйинга яхшиланиб бора оламиз, бунга ҳар томонлама кучимиз етади.
Ҳиндистон ФИФА рейтингида биздан пастки поғонада турибди. Аммо уларни жуда ёмон жамоа, демасдим. Шунчаки, биз яхшироқ ҳаракат қилдик ва ғалабани қўлга киритдик. Мағлубият - бир жамоанинг ўта ёмон эканини англатмайди. Мен бу фикрга қўшилмайман.
Ёш футболчиларимизнинг ҳаракатидан қониқиш ҳосил қилдим. Улар яхши ўйин кўрсата олса, биз ҳар қандай рақибга қарши муносиб қаршилик кўрсата оламиз. Бугунги 3 очко қўлга киритилишида уларнинг ҳиссаси катта. Умид қиламанки, йигитларда босқичма-босқич ривожланишда давом этади.
Мен ҳақимда нима ёзишаётгани, қарорларим борасида қандай фикрлар айтишаётганига эътибор қаратмаяпман. Мен шунчаки ўз ишимни мукаммал бажаришга ҳаракат қиляпман. Журналистларни ҳурмат қиламан, аммо қайтараман, уларнинг нима дейиши менинг иш услубимга таъсир қилмайди.
Агар мен журналистлар фикри билан иш қилаверсам, эртага мағлуб бўлганимизда ҳам улар гапиришда давом этади. Унда бу мағлубиятлар учун масъулиятни улар ўз бўйнига олишга қурби етадими?", - деди мутахассис.
Фикрлар