Келаси ҳафта Умар Абдулраҳмон ҳамда Лионел Месси "дуэлига" гувоҳ бўламиз

ОФК томонидан “Осиёнинг 2016 йилдаги энг яхши футболчиси” деб топилган БАА терма жамоаси ҳамда “Ал Айн” клуби ярим ҳимоячиси Умар Абдулраҳмон дунё футболидаги энг кучли "трио"лардан бири яъни Месси, Суарес ва Неймарга қарши майдонга тушиши мумкин.

Гап шундаки, "Барселона” жамоаси Доҳа шаҳридаги Тани Бин Жассим стадионида Саудия Арабистонининг амалдаги чемпиони “Ал Аҳли” жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказади.

13 декабр куни каталонияликларга қарши баҳсда ўз таркибини янада кучайтириш учун “Ал Аҳли” жамоаси “Ал Айн” клубидан Умар Абдулраҳмонни бир ўйинга ижарага олишни мақсад қилмоқда.

Улар 1 декабр куни илтимоснома билан “Ал Айн” рахбариятига мурожаат қилган.

Бироқ “Ал Аҳли” ҳамда “Барселона” баҳси ўтказиладиган куни “Ал Айн” жамоаси “Форс Кўрфази” кубоги доирасида “Дибба” клубига қарши майдонга тушади. Шундоқ ҳам бу йилги Осиё Чемпионлар Лигаси ғолиблигини қўлдан чиқарган “Ал Айн” жамоаси Умарни саудияликларга тақдим этиши ҳалигача сўроқ остида қолмоқда.

Аммо “Барселона”га қарши баҳсда “араб юлдузи”нинг майдондаги ажойиб ўйинини бутун дунё томоша қилади ва бу ажойиб имкониятдан тўлақонли фойдаланиш учун ҳам “Ал Айн” футболчини Доҳага юбориши таҳмин қилинмоқда.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!