
"Янги чақирувга тайёр эдим" - "Андижон"нинг янги футболчиси яна нималарни айтди?
“Андижон” клуби ёзги трансфер чоғида таркибига бир қатор янги футболчиларни қўшиб олаётганидан хабарингиз бор.
“Бургутлар” аъзосига айланган янги ўйинчилар орасида иқтидорли ҳужумкор ярим ҳимоячи Муҳаммадали Усмонов ҳам бор. “Пахтакор”да тўп сурган асли андижонлик йигит ўз уйига қайтди ва энди “Андижон” шарафини ҳимоя қилади.
Усмонов “Андижон” матбуот хизматига интервью берар экан, бир қатор саволларга жавоб қайтарди.
- Муҳаммадали иккинчи даврадан фаолиятингизда янги саҳифа очилмоқда. Бундай янги чақирувга қанчалик тайёр эдингиз?
- Барча андижонликларга, футбол мухлисларига, “Ультрас Бургут” аъзолари, ҳамма-ҳаммага ассалому алайкум. Насиб қилса, иккинчи даврадан фаолиятимда янги саҳифа очилади. “Андижон” клубига, мураббийлар штабига чақириб ишонч билдиришгани учун катта раҳмат. Албатта, чақирувга тайёр эдим. Чунки ўзингиз билганингиздек, ўйин амалиётисиз қолгандим. Шу сабабли кетишим керак эди. Кетишимни олдиндан билардим. Мен ўйнашни истаётгандим. Худо хоҳласа, “Андижон”да кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиб, ўзимни кўрсатиб, соғлом рақобат қила олишга ҳаракат қиламан.
- “Андижон” билан Тожикистон йиғинида қатнашдингиз. Қандай таассуротлар қолди?
- Албатта, жамоа билан Тожикистондаги йиғинда бўлдим. Кунига икки маҳалдан машғулотлар ўтказдик. Жамоадошларимга раҳмат, ҳаммаси илиқ кутиб олиб, яхши қабул қилишди. Ҳаммаси билан жуда яхши чиқишиб кетдим.
- Янги жамоада 99-рақамни танладингиз. Бу сизни ёқтирган рақамингизми?
- Рақам масаласига келадиган бўлсак, ёқтирган рақамларим ичида бу ҳам бор. Шунинг учун 99 ни танладим. Аввало, рақам ўйинчини эмас, ўйинчи рақамни безаб туради. Худо хоҳласа, яхши ўйинлар кўрсатсак, 99-рақам янада чиройли бўлиб кўринади.
- Мухлислар сизни хурсандчилик билан қарши олдилар ва ҳамма янги ўйинчилар қатори сиздан ҳам умидлари катта. Уларнинг қўллаб-қувватлаши сизга қўшимча мотивация бағишлаяптими?
- Мухлисларнинг бундай илиқ кутиб олиши ўзим учун ҳам бошқача қувонч ва хурсандчилик бағишлади. Чунки ҳар бир футболчининг орзуси мухлисларнинг қалбидан жой олиш. Менга ишонч билдиришяпти ва Худо хоҳласа, бу ишонч албатта оқланади.
- Иккинчи даврада олдингизга қўйган вазифангиз қандай?
- Иккинчи даврада олдимга қўйган вазифам – чиройли ўйинлар ва голларим билан мухлисларни хурсанд қилиб, жамоамга ёрдам бериш. Осиё Чемпионлар лигасида ҳам ижобий натижаларга эришиш вазифамиз ҳисобланади.
- Ўз уйингизга қайтдингиз ва қачондир шу ҳолат юз бериши керак эди. “Пахтакор”дан “Андижон”га ўтишингизни қандай изоҳлаган бўлардингиз?
- Мен уйимга қайтдим. Инсон ўз уйида қанчалик эркин бўлишини биласиз. Насиб қилса, бундай эркинлик билан янада кучлироқ бўлиб, биз барчасини албатта уддалаймиз. Мухлисларимизга раҳмат. Бизни қўллаб-қувватлаб туришса, биз албатта вазифани бажарамиз, олға, “Андижон”!
Фикрлар