"Кейрушнинг кетиши биз учун катта янгилик бўлмади" - Алишер Никимбаев
2024 йилнинг январь ойида Қатар майдонларида Осиё Кубоги мусобақаси бўлиб ўтади. Куни кеча мезбон Қатар терма жамоасида кутилмаганда бош мураббий ўзгарди.
Португалиялик Карлуш Кейруш истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнини "Ал Вакра" клуби бош мураббийи Маркес Лопес эгаллади.
Қатар футбол ассоциациясида фаолият кўрсатаётган футбол эксперти, ҳамюртимиз Алишер Никимбаевга бир қанча саволлар билан мурожаат қилдик.
- Алишер ака, Қатардан келган хабар кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Боиси, шу йилнинг февраль ойида Карлуш Кейруш мамлакат терма жамоасининг бош мураббийи этиб тайинланганди. Бироқ декабрь ойига келиб, Кейрушга чиқиш эшиклари кўрсатилди. Ҳолбуки, Осиё Кубоги стартига жуда оз фурсат қолганди. Бундай қарор қабул қилиш учун ўта жиддий сабаб бўлиши керак. Қатар ФАда ишлаётган мутахассис сифатида бунинг сабабини нима билан изоҳлаган бўлардингиз?
- ҚФАда ишлаётганим учун бу хусусида расмий баёнот беришга ҳаққим йўқ. Фақат расмий изоҳ эмасу, лекин битта нарсани айтишим мумкинки, Кейруш жамоаси охирги иккита ўйинни ютган бўлса ҳам муаммолар йўқ эмасди, ўйин сифати, ички муҳит...Шунақа дейиляпти. Шунинг учун бу биз учун катта янгилик бўлмади.
- Шахсий фикрингиз қандай: Кейрушнинг кетиши Қатар учун плюсми ёки минус?!
- Плёс ёки минусми, ҳозирча баҳо бериш қийин. Фақат битта тарафдан плюс бўлиш мумкинки, жамоа уни қабул қилмаган. Янги мураббий келгани учун жамоа руҳланиб, бошқачароқ ўйнаши мумкин. Ростини айтсак, одамлар Осиё Кубогидан олдин хавотирда бўлган. Кейрушнинг кетгани шахсан мен учун кеч бўляпти. Осиё Кубогига бир ой вақт қоляпти. Аммо, балки кеч бўлмаслиги ҳам мумкин.
- Қатар ўтган йили мундиални қойилмақом тарзда ўтказди ва улкан тажрибага эга бўлди. Шуни ҳисобга олганда, Осиё Кубоги мезбонлигини ҳам муаммосиз ўтказишига шубҳа йўқ. Яъни, қитъа мусобақасига тайёргарлик энди мундиалга мезбонлик қилган Қатар учун у қадар жиддий қийинчиликлар туғдирмаётгандир. Бу борада ишлар қандай олиб борилмоқда?
- Битта нарсани тушуниш керакки, катта муаммолар йўқ. Жаҳон чемпионатини қабул қилган стадионлардан фақат 7 таси Осиё Кубогини қабул қилади, 8 та эмас. Бунга қўшимча “Ал-Садд” билан “Духаил” қўшиляпти. Барибир Осиё Кубоги бу жаҳон чемпионати эмас ва мухлислар сони унчалик кўп бўлмайди. Катта стаидондан кичкина стадионга ўтишда бу кимгадир ёқмаслиги мумкин. Жаҳон чемпионати стандартларидан Осиё Кубоги стандартларига ўтишда балки мухлислар учун қулайликлар камроқ бўлиши мумкин. Ташкилий томондан муаммолар умуман йўқ. Олдиндан ҳаммада тажриба бор. Тайёргарлик яхши кетяпти.
- Нима деб ўйлайсиз, Қатар ўтган сафаргидек Осиё Кубогини ютишга қодирми?
- Қатарга ютиш бу сафар қийинроқ бўлади. Чунки бугунги кунда Осиёда камида 5-6 та жамоа Кубокни юта олади. Япония, Жанубий Корея, Эрон, Саудия Арабистони, Автсралия бўлиши мумкин. Шунинг учун Қатарга бу сафар ютишга қийин бўлади. Қатар асосан энг яхши натижаларини сафардаги мусобақаларда қўлга киритяпти.
- Ўзбекистон терма жамоасининг бу сафарги имкониятини қандай баҳолайсиз?
- Менимча, камида чорак финалгача боришга қодир. Қуръага қараб балки ярим финалгача ҳам борса бўлади. Гуруҳдан чиқиши осонроқ бўлади. Гуруҳдан чиқишига ва нимчоракда ютишига ишонаман. Кейин чорак финалдаги рақибга қараб баҳо берамиз.
- Шунингдек, Осиё Кубогидаги 6 та гуруҳ орасида сиз учун "ўлим гуруҳи" борми?
- “Ўлим гуруҳи” менимча йўқ. Чунки учинчи саватча жамоалари унчалик кучли эмас. Балки Сурия кучлироқ бўлиши мумкин. Лекин ноябрда жаҳон чемпионати саралашида Сурияни Японияга 0:5 ҳисобида ютқазганини кўрганмиз. Ҳар бир гуруҳдан деярли учта жамоа чиқаётганини инобатга олсак, “ўлим гуруҳи” умуман йўқ.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар