Килиан Мбаппе мухлисларни қизиқтирган саволларга жавоб берди (Катта интерьвю)
"Amazon Prime" интервью лойиҳасининг бу галги меҳмони Килиан Мбаппе бўлди. Амалдаги Жаҳон Чемпионига саволларни Франция футболи афсонаси —Тьери Анри берди. Бундай формат сўнгги пайтларда мухлислар томонидан жуда илиқ қабул қилинаётгани рост. Собиқ футболчи ва бугунги куннинг ёрқин юлдузлари ўртасидаги диалог анча жонли чиқади. Суҳбат давомида Килиан ПСЖнинг ҳужум чизиғи, терма жамоа ва "Реал"га ўтиши ҳақидаги барчани қизиқтирган саволларга жавоб бериб ўтди
Жамоавий ва индивудал ўйин:
"Тан оламан, бир неча йил аввал шахсий совринларни қўлга киритиш иштиёқида ёнар эдим. Ҳозир, фикрлашим ўзгарган. Футболда энг муҳими — жамоавий соврин! Бундан каттароқ ғалаба бўлмайди. Мен бир ўзим яшил майдонда ҳеч нарса қила олмайман. Ўйлашимча, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлиши учун биринчи навбатда кучли жамоада тўп суриш керак".
ПСЖ ҳужуми учраётган танқидга жавоб:
"Тўғриси, "Манчестер Сити"га қарши ўйиндан сўнг, ҳужум чизиғимизга танқид тошлари ёғилиб келди. Айниқса, олдинги чизиқдаги 3 та ҳужумчининг прессингда қатнашмагани акс этган сурат ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинганидан хабарим бор. Биз ортга қайтишга эринганимиз йўқ, шунчаки рақиб танлаган ўйин схемаси сабабли бурчакка қадалиб қолдик. Жисмоний имкониятимиз 70 метрни бемалол катта тезликда босиб ўтишга етади. Шунга қарамай, ҳужум чизиғида бундай футболчилари бор ПСЖни ҳимояга ётиб олиши тўғри қарор деб ҳисобламайман. Бизга қулай бўлган ўйин модели керак. Акс холда, олдинги чизиқ вакиллари ўйиндан узилиб қолаверади".
Месси ва Неймар билан учлик ҳақида:
"Очиғини айтганда,, Месси ва Неймар билан трио бўлиб тўп сурганингда ўзингни улар орасидаги энг зўри дейиш хунук кўринади. Ҳозир кайфиятим аъло даражада. Жамоамнинг ҳам ишлари яхши кетмоқда. Тўғриси, жамоада ким "босс" эканлигини бизни хавотирга солмаяпти. Бу ҳақида ўйлаб ҳам ўтирганимиз йўқ. Энг муҳими — учликнинг биргаликда жамоа учун наф келтириши. Яқинда ўзимга ваъда бердим: Кучли футболчи бўлишни истар эканман, гол ва ассистларни бирдек қадрлашим шарт! Шу боис, жорий мавсумда Лига 1 ва ЕЧЛда энг кўп голли узатмани амалга оширган футболчиман. Бу тўп киритишни истамайман дегани эмас, шунчаки жамоам учун аввалгиданда фойдалироқ бўла олишимга ишора!".
Прогресс ва катта футболдаги муаммолар:
"Мен ўсяпман. Улғаймоқдаман. "Монако"да тўп сурган давримда биз асосан қарши ҳужумга таянган футболни тарғиб этар эдик. Ўйин услубим ҳам шунга мос эди. Парижга кўчиб ўтгач, ҳаммаси ўзгариб кетди. Бизга қарши деярли барча рақиблар 5 ҳимоячи билан тўп суради. Баъзилар, тўлиқ "автобус"га суянади. Бу эса фаолиятимдаги янги саҳифа очилишига сабаб бўлди. Бундан ташқари, ҳозир ўнг қанот ҳужумчиси сифатида ҳам майдонда ҳаракат қиляпман. Шунга қарамай, саҳна ортида нималар бўлаётганига ҳеч ким эътибор қаратмайди. Мен ПСЖга жуда катта маблағ эвазига ёш пайтимда ўтдим. Келганимда жамоа аллақачон халқаро даражадаги юлдузларга тўла эди. Улар орасида ўзимни йўқотиб қўймаслигим ва аввалгиданда кучлироқ бўлишга ҳаракат қилишим шарт эди. Жуда кучли босим бўлганига қарамай, барчасини секин-аста енгиб ўтмоқдаман. Одамлар бизни пул учун футбол ўйнайдиган роботлар деб ҳисоблашади. Клублар эса, тўлаган пулларини тезроқ қайтариб олишга интилади. Афсуски, майдондаги муаммоларнинг барчаси унинг ташқарисида бошланади. Мураббий сизни ўзингиз учун ноқулай позицияда тўп суришингизни талаб қилади. Клуб директори олаётган маошингизга яраша тўп тепиш кераклигини писанда қилса, жамоадошларингиз сиздан ҳар ўйинда "мўжиза" кутади. Шунга қарамай, бу муаммоларни олдини олиш, уни енгиб ўтиш имкони бор. Бунинг учун чинакам профессионал футболчи бўлиш, ҳаётингизни тўлиқ шу спорт тури учун "қурбон" қилишингизга тўғри келади".
Европа чемпионатидаги омадсиз иштирок ҳақида:
"Қитъа биринчилигида (Евро-2020) жуда ёмон иштирок этдик. Айниқса, плей-офф ўйинида ўзимни катта тезликда деворга бориб урилгандек ҳис қилдим. Айниқса, амалга оширилмаган пенальти менга салбий таъсир қилди. Бу борада ўзимга жуда кўп савол бердим. Бундай оғир вазиятда ота-онамнинг қўллаб-қувватлаши кўмак берди. Улар билан суҳбатлашиб бироз ўзимга келдим. Ўша тунда виждон азоби мени тинч қўймади. Отам қаттиқ койиб берди. Бор эътиборимни келажакка қаратганим учун ҳам майдонда ҳаёлларимни йиға олмаганимни, эртанги кунни деб бугунимни бой берганимни тушунтирди. Одамларга эса, менинг руҳий ҳолатимга ва ички кечинмаларимга тупурган. Уларга гол ва ғалаба керак. Шу боис мухлислар олдидаги айбимни майдондаги фойдали ҳаракатларим билан ювмоқчиман".
Нимадан қўрқади?
"Мен атрофимдагиларга панд беришдан қўрқаман. Улар мени кучли футболчи бўлиб етишишимга ишонади. Бу ишончни оқлай олмасликдан жуда қўрқаман. Шунинг учун ўз устимда кўпроқ ишлаяпман. Айнан шу куч мени ҳар куни машғулотларда бор кучим билан шуғулланишимга кўмак беради. Бу ҳис мени қачондир тарк этишидан жуда қўрқаман".
Келажаги ҳақида:
"Ажойиб кунларнинг бирида бу янгиликдан хабар топасиз. Бу осон бўлмаган қарор. Нима бўлган тақдирда ҳам, келаси мавсумда катта клуб шарафини ҳимоя қилмоқчиман. Тўғри, "Реал"га ўта олмаганим учун хафа бўлдим, бироқ ҳозирги жамоам 3 лигада тўп сурадиган жамоа эмас. ПСЖ ҳам ўз олдига ЕЧЛда зафар қучишни мақсад қилиб қўядиган кам сонли жамоалардан бири! Боз устига, Париж мен туғилиб ўсган шаҳар. Мен доимо бу ерда ўзимни бахтли ҳис этганман. Шунчаки, ёзда янги чақирувларни қабул қилгим, ўзимни янги чемпионатда синаб кўргин келган эди".
Нечта тилни билади?
"Ҳа, аллақачон инглиз тилида сўзлашишни бошладим. Испан тилида ҳам секин-аста ютуқларга эришяпман. "Реал" Мадридда тўп суриш учун эмас, шунчаки омма эътиборини ўзига торта оладиган шахс бўлишни истайман. Тиллар эса, кўпроқ инсонлар билан эркин суҳбат қуришим учун керак".
Я . У
Фикрлар