Кимга тўй, кимга аза! Аббос Файзуллаев РПЛга кетиб тўғри қилдими?
Аббос Файзуллаевнинг РПЛга ўтгани икки хил таассурот қолдиради. Ким учундир унинг легионерга айлангани қувонарли ҳол бўлиб кўринган бўлса, баъзилар Россиядаги бошқа футболчиларимиз сингари у ҳам вақтини бекорга сарфлашини тахмин қилмоқда. Хўш, аслидачи?
Аббосбек жорий мавсумни "ёндириб" ташлади. Иккита катта халқаро мусобақада иштирок этибгина қолмай, ўзининг энг кучли жиҳатларини намойиш этиб берди. Соддароқ қилиб айтсак, Файзуллаев том маънода футболчи сифатида кашф этилди. Ўтган мавсумда Ўзбекистонда йилнинг энг яхши ёш футболчиси мақомини қўлга киритган йигитча бир зумда терма жамоадан чақирув олди. Ҳатто, Эронга қарши финал ўйинида 35 минг мухлис уни исмини айтиб майдонга туширилишини талаб этди. Бу воқеалар хронологиясини бежизга тиклаганим йўқ. Шунчаки, қандайдир бир йил ичида Аббосбекнинг атрофидаги пиар ва хайп қай даражада кўтарилганини сезишингизни истадим. Аслида, бундай кўтарилишнинг мантиқий якуни - кучлироқ лигага йўл олган ҳолда легионерга айланиш! Аббоснинг "Пахтакор"ни тарк этиши ҳар қандай критерия бўйича разм солинганда ҳам 100 фоиз ўзини оқлайдиган қарор, бироқ асосий масала бошқа...
РПЛ ўзбек футболчилари учун...
Бир неча кун аввал айнан шу мавзуда SPORTS.uz сайтида мақола эълон қилинган эди. Унда сўнгги 2 йил ичида Россия томонлардан ўз омадини синаб кўрган футболчиларимизнинг "эришган ютуқлари" ҳақида сўз борган. Ачинарлиси, кеча мамлакатимиз футболи келажаги деб қаралган Ҳусаин Норчаев, Ҳожимат Эркинов, Рустам Ашурматов деярли ўйин амалиётисиз қолиб кетди. Боз устига, Аббосбекни Москванинг ЦСКА жамоаси келажак активи сифатида харид қилаётганини яшириб ўтиргани йўқ. Қаҳрамонимиз бирданига асосий таркибда кўриниш бермаслигини, мураббийларнинг тактик кўрсатмаларини тўлиқ ўзлаштиргунига қадар катта футболдан узоқроқ бўлишига тўғри келади. Балки, адаптация тезроқ ўтар, балки йўқ. Нима бўлган тақдирда ҳам ёш футболчи босимга тайёр бўлиши шарт. "Пахтакор" Аббоснинг жамоани тарк этишини оқламагани сезилиб турибди. Кеча "Олимпик" билан баҳсдан сўнг Максим Шацких беш маротаба гаплашсада, қолишга кўндира олмагани, РПЛ ҳеч кимга қизиқ эмаслиги борасида билдирган фикридан ичкарида кайфият қандай эканлиги сезилиб турибди. "Пахтакор" учун Аббоснинг кетиши катта йўқотиш. Айниқса, мавсум ўртасида ва ўрнини тўлдириш учун "шерла"да деярли вариант йўқ бир пайтда! Тошкент клуби Аббосни ўзининг энг қиммат баҳо активи сифатида қараётган бир пайтда (Айниқса, ЖЧ ва ОК мусобақаларидан сўнг) 500 минг доллар деярли кутилган сумманинг 4/1 ҳам эмас.
Трансфер амалга ошишидан бир неча ҳафта илгари Файзуллаев сайтимизнинг "Дангал"лойиҳасида меҳмон бўлган ва унда келажаги борасида фикрлар билан ўртоқлашган эди:
"Менга бир неча бор РПЛ клубларидан таклифлар бўлди, аммо рад этдим. Мақсадим, Европанинг "кучли бешлик"ка яқинроқ бўлган чемпионатларида тўп тепиш!"
Афсуски, кўп ўтмай Файзуллаев "армиячилар" аъзосига айланиши хақидаги хабарлар ўз тасдиғини топди. Менимча, "Пахтакор" собиқ аъзоси воқеалар ривожидан бироз илгарилаб кетди. ЦСКАдаги кучли рақобат, РПЛнинг жисмоний кучга таянган тезкор футболига мослашиш анчагина вақтни олиб қўяди. Ўйин тонусида бўлиб турган Аббос учун бу сезиларли даражада минус. Шунга қарамай, юртимизда узоқ қолиб кетиш ҳам "хавфли". У сингари 1-2 мавсум ёрқин ўйиндан кейин регресс кузатилган ёш иқтидорлар ҳам талайгина. Қисқаси, уни РПЛга кетиши ёки юртимизда қолиши чинакам парадокс.
Икки ҳолатда ҳам плюс ва минуслар бор. Бу баҳсда қайси томонда бўлсангиз ҳам, қўлингизда етарли аргументингиз бор. Бу трансферни муваффақиятли қилиш эса легионеремизнинг ўз қўлида. Кучли рақобат, "Пахтакор"дан бўлган босим, бегона мамлакат ва янги услубдаги машғулотлар чоғида Аббоснинг характери тобланади. У бу муаммоларни барчасини енгиб ўтса, қабул қилган таваккал қарори 100 фоиз ўзини оқлаган бўлади. Барчаси футболчининг кейинги фаолиятига боғлиқ. Ҳозир бу кўчиб ўтишни мақташ ёки қоралаш имконсиз.
Фикрлар