Клубларимизнинг "режиссёр"лари тайёрми ёхуд натижани бўйнига олган бош мураббийлар
3 март куни “Мавсум-2023” старт олади. Барча жамоалар деярли чемпионатга тайёр. Ҳозир ҳаммадан кўра мураббийларда бошқача ҳиссиётлар жўш ураётган бўлса ажаб эмас.
Чунки натижага биринчи навбатда мураббийлар жавоб беради. Уларни клубларнинг "режиссёр"лари десак ярашади. Шунинг учун ҳаммаси уларнинг бўйнида. Бу йил клубларда 4 нафар янги мураббий иш бошлайди.
Максим Шацких – “Пахтакор” бош мураббийи
2022 йилнинг иккинчи ярмидан “Пахтакор”да иш бошлаган Максим Александрович учун жорий йилги чемпионат ниҳоятда муҳим. Чунки у энди ҳаммасини ўзи қиляпти. Таркибга ҳам футболга қарашларидан келиб чиқиб, айрим ўзгаришларни киритди. Тайёргарлик босқичларини ҳам мураббий олдиндан ишлаб чиққан режаси асосида олиб боряпти.
Тўғри, Шацких “Пахтакор” билан мамлакат чемпионлигига сазовор бўлди. Лекин барибир бунда истаймизми-йўқми, биринчи даврада клубни бошқарган македониялик Славче Войнескининг ҳам ҳиссаси бор. Бу сафар Максим Александрович барчасини ўзи бир бошидан бошлаяпти. Қолаверса, уни Осиё Чемпионлар лигасидек жуда жиддий ва масъулиятли мусобақа кутиб турибди. Мураббийнинг футболчиларга бераётган жисмоний юкламалари анчайин оғир эканлиги ҳақида эшитгандик. Шунинг учун анча-мунча ўйинчининг унинг машғулотларига дош бериши осон эмас. Шацких Валерий Лобановскийнинг таълимини олгани “Пахтакор”даги ишида ҳам кўриняпти.
Самвел Бабаян – “Навбаҳор” бош мураббийи
Сўзсиз чемпионатдаги интригани қиздириб берадиган мутахассис. 2022 йили “Навбаҳор” тарихида биринчи маротаба жамоага кумуш медални тақдим қила олди. Ўзбекистон Кубоги финалигача етиб келди ва энг муҳими Осиё Чемпионлар лигаси йўлланмаси қўлга киритилди. Бу йил яна Бабаян ва “Навбаҳор”нинг иштаҳаси катта. Бу аниқ. Боиси, клубнинг шунча қилаётган ҳаракати ва меҳнати замирида чемпионлик ётибди. Бабаянни клубга таклиф қилишнинг асосий мақсади ҳам “Навбаҳор”ни 1-ўринга олиб чиқиш. Таркиби ҳам шунга яраша, бунга шубҳа йўқ. Бу йўлда Бабаян қайси футболчиларнинг хизматидан фойдаланишни яхши билади. Кўриниб турибдики, наманганлик мухлисларнинг ишончини қозонди ва бу йилги мавсум жамоа учун ҳам, мураббий учун ҳам ниҳоятда муҳим. Яқинда клуб раҳбарияти бош мураббий билан шартномани узайтиришганидан хабардорсиз. Балки наманганликларнинг энди чемпион бўлиш вақти келгандир...
Рўзиқул Бердиев – “Насаф” бош мураббийи
Ўзбекистоннинг бир неча карра энг яхши мураббийидан доим кўп нарса кутилади. “Насаф” учун расмий ўйин 19 февралда бошланди. Осиё Чемпионлар лигаси 1/8 финалида “Аш-Шабаб”га қарши ўйинда мағлубиятга учради ва юришини тўхтатди. Лекин ОЧЛнинг 2023 йилги мавсуми учун яна иштирокини бошлайди.
Юқоридаги мағлубият Бердиевнинг “Насаф”и учун у қадар жиддий таъсир кўрсатмаса керак. Олдинлари ҳам клуб бунга ўхшаш вазиятларни енгиб ўтган. Клуб ўз йўлига эга. Рўзиқул Бердиев доимгидек совринли ўринлар учун курашади. Таркиб доим қандай бўлишидан қатъий назар “Насаф”нинг анъанаси ва мақсади ўзгармайди. Чунки у ерда Рўзиқул Бердиев бор.
Миржалол Қосимов – АГМК бош мураббийи
Бир неча йилдан бери АГМК устози сифатида ишлаб келаётган Миржалол Қосимов ўзи бошқараётган клубнинг мавқеини аллақачон кўтара олди. Лекин, тўғри, баъзида барқарорлик етишмай қоляпти. Шунга қарамай, Қосимов жамоаси совринли ўринлар учун курашадиган клублар қаторида эътироф этиляпти. Жорий йилда АГМК яна медаллар учун курашади. Ўтган йилги натижадан яхшироғини кўрсатиш жамоанинг қўлидан келади. Аммо унутмаслик керакки, Қосимов жамоаси бу йил Осиё Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида ўйнайди. Агар натижалар яхшиланиб кетса, гуруҳ босқичига йўл олиши ҳам мумкин.
Асрор Алиқулов – “Қизилқум” бош мураббийи
Суперлигада бу йил дебютант бош мураббий бор. Асрор Алиқулов мураббийлик фаолиятини бошлаганидан буён ҳали Суперлигада ишламаганди. Про лигада “Машъал” ва “Шўртан”ни бошқарганини биламиз. “Қизилқум” эса Асрор Чориевич учун Суперлигада дебютини бошлашга имконият тақдим этган клуб сифатида қайд этилмоқда. Ҳозирча унинг Суперлигадаги илк мавсуми қандай кечишини олдиндан айтиш қийин. Бироқ кўпчиликдан Алиқулов ҳақида яхши гапларни эшитганмиз. Ўтган йили 5-ўринни эгаллаган “Қизилқум”ни янги мураббий бошчилигида қандай ўйин ва натижалар кўрсатиши мухлислар учун қизиқ. Алиқулов “Қизилқум”да ўзининг ўйин услубини “қуриши”га қанча вақт кетишини чемпионат давомида билиб оламиз.
Тимур Кападзе – “Олимпик” бош мураббийи
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳамда “Олимпик” клуби бош мураббийи Тимур Кападзе ўтган йили барчада илиқ таассурот қолдирганини биламиз. Бу йил мазкур мураббийдан янада кўпроғини кутаётганлар бор. Ўтган мавсумда “Олимпик” дебютидаги иштирокидаёқ “чақилмас ёнғоқ” эканини кўрсата олди. Бу сафар унинг ёш шогирдлари анчайин шаклланиб қолдилар. Шундай экан, жорий Суперлигада Кападзе ва “Олимпик” янада хавфли рақибга айланса ажаб эмас.
Ёрқин Назаров – “Сўғдиёна” бош мураббийи
2022 йилги чемпионат якунланишига икки тур қолганида “Сўғдиёна” бош мураббийи лавозимига тайинланган Ёрқин Назаров жорий йилда ҳам Жиззахдаги ишини давом эттиради. Ёдингизда бўлса, мавсум тугагач, “Сўғдиёна”га бир қатор мураббийларни келиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди. Бироқ якунда Назаров ўз жойида қолди. Яхши мураббийлиги ҳақида кўп эшитганмиз. Аммо унга доим ҳам ўзини кўрсатиш учун етарли имконият тақдим этилмаган. “Сўғдиёна” эса унинг фаолиятида туб бурилиш ясаши ҳам мумкин.
Мурод Отажонов – “Бунёдкор” бош мураббийи
“Бунёдкор”да қандай ўзгаришлар юз берганини биласиз. Мураббийлар алмашди. Бош мураббий лавозимида ишлаган Иван Бошкович истеъфога чиқарилгач, ўрнига Мурод Отажонов тайинланди. Аввалига Ҳикмат Ҳошимов жамоани бошқариши ҳақида айтилди. Кейинчалик Отажоновга бош мураббийлик лавозими топширилди. Бунга сабаб унда Про лицензиясининг борлигидир. Шундан сўнг “Бунёдкор”нинг Анталиядаги йиғинида ўзи бош-қош бўлди. Яқинда Sports.uz сайтига берган интервьюсида “Бунёдкор”да иш бошлаганини уйга қайтгандек қабул қилганини айтди. Хуллас, Суперлиганинг яна бир клубида янги бош мураббий иш бошлади. Бунинг қанчалик самара келтиришини биргаликда кузатамиз.
Виталий Левченко – “Нефтчи” бош мураббийи
Илҳом Мўминжоновнинг ўрнига келган украиналик Виталий Левченко “Нефтчи”даги дастлабки йилида ўзидан ёмон таассурот қолдиргани йўқ. “Навбаҳор” сингари фарғоналиклар ҳам янги мавсумга тайёргарликнинг асосий қисмини Туркиянинг Анталия шаҳрида олиб бордилар. 40 кундан ортиқ вақт мобайнида хориж йиғинида бўлган “Нефтчи” Левченко бошчилигида янада шаклланяпти. Бу йил мақсад жиддий - медаллар учун курашиш. Боз устига украиналик мураббийга совринли ўринлар учун курашадиган клубда ишлаш ёқади.
Луисма Эрнандес – “Металлург” бош мураббийи
2022 йилнинг декабрь ойида испаниялик Луисма Эрнандес билан шартнома узайтирилди. Бу эса раҳбариятнинг унга нисбатан ишончи юқорилигини билдиряпти. Биргина “Металлург” Анталия сафарига бора олмади. Бу тўғрисида Sports.uz журналисти Эрнандесдан сўраганида бундан бироз хафалигини яширмаган. Шундай бўлса-да, испаниялик мутахассис шу ерда режасига биноан тайёргарлик олиб бормоқда. Қолганини вақт кўрсатади.
Рауф Инилеев – “Сурхон” бош мураббийи
Анча йиллик танаффусдан сўнг яна мураббийлик фаолиятига қайтган Рауф Инилеев “Сурхон” клубида кўриниш берди. Билсангиз керак, Термиз жамоасида яна ўзгаришлар юз берди. Натижада мураббийлар ўзгарди. Дастлаб Сергей Токов “Сурхон”да иш бошлади. Кейин маълум бўлишича, унда бош мураббийлик қилиш учун тегишли лицензия етарли эмаслиги боис Рауф Талгатович таклиф қилинди. Клубни эндиликда Инилеев ва Токов тандеми бошқаради. Яна фаол мураббийлик фаолиятига қайтган 72 ёшли Рауф Талгатович “Сурхон”да ишлаш орқали яна ўзини эслатиб қўйса ажаб эмас. Лекин куни кеча Инилеевнинг Про лицензия муддати тугаганлиги ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлди. Воқеалар ривожини кузатамиз.
Александр Хомяков – “Андижон” бош мураббийи
Ўтган йили про лигада муддатидан илгари 1-ўринни қўлга киритиб Суперлига йўлланмасига эга чиққан “Андижон” клубини бу йилдан Александр Хомяков бошқаришини энди яхши биласиз. Ўтган йили россиялик бошқа бир мутахассис Виктор Кумиков самарали фаолият олиб борди. Аммо унга Қозоғистондан таклиф тушгач, клубни тарк этди ва ўрнига Хомяков тайинланди. Яна собиқ жамоасига қайтган Александр Андреевич охирги пайтларда бирор-бир клубда кўриниш бермаганди. “Андижон” эса унга ўзини кўрсатиш учун имконият тақдим этди. Талабчан мухлислар ундан ҳам кўп нарсаларни кутмоқдалар.
Ҳаким Фузайлов – “Бухоро” бош мураббийи
“Андижон” каби про лигадан Суперлига йўлланмасини қўлга киритган “Бухоро” клуби бош мураббийлик лавозимида Ҳаким Фузайловни қолдирди. Тожикистонлик мутахассис ўтган йил бошида “Бухоро”га бош мураббий этиб тайинланди ва олдига қўйилган вазифани уддалади. Натижада клуб раҳбарияти Суперлигада ҳам “Бухоро”ни Фузайловнинг ўзи бошқаришда давом этишини маълум қилдилар. Натижада шартнома узайтирилди. Аммо “Бухоро” клубида натижани узоқ кутмайдилар. Буни тожикистонлик мутахассис яхши сезиб турибди.
Бахтиёр Ашурматов – “Турон” бош мураббийи
Про лигада 3-поғонани банд қилиб плей-офф орқали Суперлига масаласини ҳал қилган “Турон” табиийки, Бахтиёр Ашурматов билан шартномани узайтирди. Хабарингиз бор, 2022 йилги чемпионат охирларида “Турон” про лигада қийин вазиятга тушиб қолганида раҳбарият томонидан бош мураббийликка Ашурматов таклиф қилинди. Бахтиёр Аъзамович эса клубни Суперлигага олиб чиқа олди. Бу энг муҳими. Раҳбарият унинг олдига айнан “Турон”ни Суперлигага қайтариш вазифасини қўйганди. Шу сабабли аввалига шартнома мавсум охирига қадар қўйилганди. Вазифа бажарилгач, Ашурматов билан янги шартнома тузилди. “Турон” таркибини кучайтирди ва бир қатор тажрибали ўйинчилар қўшиб олинди. Жамоа қандай натижа кўрсатишини чемпионат мобайнида кўрамиз.
Шуҳратбек Жўраев.
Фикрлар