Константин Свиридов: "Учрашувларнинг ўз майдонимизда ўтказилиши бизга фойда келтириши аниқ"

Ўзбекистон футзал миллий терма жамоаси собиқ футзалчиси Константин Свиридов бўлажак жаҳон чемпионати ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

"2016 йилги Осиё кубогида Ироқ терма жамоасини мағлуб этганимиздан сўнг Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган эдик. Бу тарихий натижа бўлган. Мундиалдаги Гватемалага қарши кечган илк баҳсда кучли ҳаяжон бўлган эди. Балки, шу омил сабаб ҳам мағлуб бўлгандирмиз. Кейинги баҳсга қадар эса турнир темпига тушиб олдик. Мезбон Колумбияга қарши кечган учрашувда том маънода жанг қилган эдик. Сўнгги сонияларда гол ўтказиб юбордик ва ғалабани қўлдан чиқардик. 3-турдаги рақимиз ҳамда таркибида Рикардинё ва Кардинал каби футзал юлдузлари бўлган Португалия биздан “класс” тарафлама устун келган эди.

Тез орада бошланадиган Жаҳон чемпионатида, албатта, яхши натижа қайд этишимизни кутмоқдаман. Айниқса, баҳсларнинг ўз майдонимизда ўтказилиши бизга фойда келтириши аниқ. Тахминимча, йигитлар энг камида гуруҳдан чиқиш вазифасини уддалашади. Лекин рақибларга менсимаслик руҳида қарамаслик лозим. Гуруҳдаги ҳар бир жамоадан сюрприз кутиш мумкин. Ўйлайманки футзалчиларимиз мухлислар кутаётганидан-да яхшироқ натижа кўрсата олишади", - деди Свиридов.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!