Коронавирус vs Суперлига. Ҳозир бизга футбол керакми?
Барчага яхши маълум юртимизда Covid-19 билан боғлиқ вазият ҳамон мураккаблигича қолмоқда. Кундан-кунга ушбу касалликка чалинаётганлар ва унинг натижасида ҳаётдан кўз юмаётганлар сони ортмоқда. Эътиборлиси, касалланиш ҳолатлари футболчилар орасида ҳам қайд этилмоқда.
Аммо, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси раҳбарияти вазият кескин тус олиши мумкинлигини инобатга олмаяпти чоғи, чемпионат учрашувларини тўхтатмасликка қарор қилди. Тўғри, ПФЛ қарор чиқаришдан олдин клублари билан йиғилиш ўтказган ва улар билан маслаҳатлашган. Лекин, ҳозирги вазиятни, қолаверса, футболчилар соғлигини инобатга олган ҳолда, ортиқча ўйлаб ўтирмасдан мусобақани тўхтатиши ёки вазият барқарорлашгунича тўхтатиб туриши керак эди, назаримизда.
Нега Англия, Германия, Италия, Испания каби Европанинг кучли лигалари пандемия даврида қайта тикланди ва тўхтатилмади, деган ҳақли савол берилиши мумкин. Гап шундаки, улар мавсумни давом эттирмаса, жуда катта молиявий инқирозга юз тутишлари мумкин эди. Боиси, ушбу лигалар ўйинларни миллионлаб доллар эвазига эфир ҳуқуқларини сотиб юборишган ва реклама соҳасида жуда катта шартномалар имзолаб қўйишган. Томонлар ўртасидаги шартномага кўра, белгиланган учрашувлар ўтказилмаса, у ҳолда шартнома лига томонидан бузилган, деб топилиши ва трансляция учун тўланган маблағлар қайтариб олишини мумкин эди. Бундан ташқари, юқорида номлари тилга олинган давлатлар нақадар ривожлангани ва дунёнинг энг илғор тиббиётига эга эканини тўғри англаб етишимиз лозим. Шу ўринда, Франция, Бельгия, Голландия, Чехия каби бошқа мамлакатлар таваккал қилишни хоҳламай, ўз чемпионатларини муддатидан аввал якунлашга қарор қилганликларини ҳам эслатиб ўтмоқчимиз.
Суперлига учрашувларининг трансляция ҳуқуқидан деярли ҳеч қандай пул ишлаб олмаслигини инобатга олсак, ПФЛ учун чемпионатни муддатидан аввал якунлаш орқали футболда фаолият олиб бораётган барча инсонларнинг соғлигини асраш фойдалироқ бўлади.
Майли, чемпионатни давом эттираверайлик, аммо, коронавирус футболчининг профессионал фаолиятига нуқта қўйиб қўйиши мумкинлиги ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдикми? Шу ўринда, Россия антидопинг агентлиги раҳбари Юрий Ганус коронавирус инфекцияси спортчилар саломатлиги учун жуда катта хавф экани ҳақида билдирган қуйидаги фикрларини ёдингизга солмоқчимиз:
“Ҳозир коронавирус инфекцияси спортчилар саломатлигига таъсири, эҳтиётсизлик қилинса, оқибатлари нақадар оғир бўлиши мумкинлиги долзарб мавзу бўлиб турибди. Спортчиларни эҳтиёт қилишимиз зарур.
Коронавирус – биринчи навбатда ўпкага зарба демакдир, спортчи учун ўпка – бу ҳамма нарса дегани. Биз билан бирга ишлаётган, бу вирус ва унинг атрофидаги ҳолатни ўрганаётган мутахассисларнинг дастлабки хулосаларига кўра, бу касаллик спортчи фаолиятига нуқта қўйиши ҳеч гап эмас.
Якуний жавобни тадқиқотлар якунлангач айтиш мумкин бўлади. Албатта, кўп нарса касаллик қанчалик оғир формада ўтиши ёки акси бўлишига боғлиқ.
Ҳозир кўпчилик мени бўрттирмоқда, ошириб юборяпти дер, лекин мен ҳеч кимни қўрқитмоқчи эмасман. Шунчаки медицина соҳасидаги мутахассислар фикрини айтяпман, – деди Юрий Ганус.
Сиз қандай фикрдасиз? Сизнингча ПФЛ қайси йўлни танлаши керак? Ўз фикрларингизни изоҳларда қолдиринг. Энг яхши фикрлар сайтимизда эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, ҳозиргача "Бунёдкор", "Пахтакор" ва "Сурхон" каби Суперлига клубларида коронавирус билан боғлиқ бир нечта ҳолатлар қайд этилди.
Фикрлар