Кумиков-Агамуродов-Ҳайдаровни нима боғлаб турибди?
Футболда ютса жамоа ютади, ютқазса мураббий ютқазади, деган ёзилмаган қонун бор. Тушуниб турган бўлсангиз, бу сафар футболдаги “режиссёрлар” деб аталувчи мураббийлар ҳақида сўз юритамиз. Бизни бундай мақола ёзишга эса чемпионатимиздаги айрим мутахассисларимизнинг фаолияти туртки берди. Аниқроғи, ҳозирги пайтга қадар учта клубда бош мураббий ўзгарди. Пандемия чоғидаги истеъфо “Андижон”да кузатилган бўлиб, унда Александр Хомяковнинг ўрнини Виктор Кумиков эгаллади, сўнг “Қизилқум”да бош мураббий Ҳамид Актамов ўз жойини Тачмурод Агамуродовга бўшатиб берган бўлса, яқинда Равшан Ҳайдаров “Сурхон”да иш бошлади. Ушбу вазиятга яхшилаб эътибор берсак ва таҳлил қиладиган бўлсак, ушбу мураббийларни бир-бирига боғлаб турган жиҳатлари бор. Қуйида шу ҳақида тўхталамиз.
Кумиков бошчилигидаги “Андижон”да дуранглар эпидемияси...
“Андижон” клуби турнир жадвалида 8 та ўйинда 5 очко жамғариб, 11-ўринни эгаллаб турибди. Бир қарашда бу ҳол табиий манзарадек кўриниши мумкин. Лекин факт шуки, андижонликлар ҳисобида ҳали бирорта ҳам ғалаба йўқ. Беш очко эса бешта дуранг ортидан қўлга киритилди. Натижада бу жамоа ҳозирча чемпионатимиздаги энг кўп дуранг қайд этган клуб бўлиб турибди. Бундай пайтда “Андижон”га нисбатан ютқазишни истамаётган ва ғалаба қозонишга кучи етмаётган жамоа, деб таъриф берсак ҳам бўлаверади. Ёдингизда бўлса, дастлабки учта турдан кейин россиялик мураббий Александр Хомяков “Андижон”ни тарк этганди. Ўшанда “Бургутлар” иккита мағлубият ва битта дуранг қайд этганди. Шундан сўнг май ойига келиб жамоада яна бир россиялик мутахассис - Виктор Кумиков иш бошлади. Ўзига яраша номи чиққан ва кўпни кўрган мураббийниг “Андижон”да иш бошлагани балки кўпчилик учун кутилмаган янгилик бўлгандир.
Нима бўлганда ҳам, Виктор Балютович андижонликларнинг таклифини қабул қилиб ишга киришди. Албатта, у клубнинг ҳолати яхши бўлмаган бир пайтда фаолиятини бошлади. “Андижон” унинг бошчилигида бешта ўйинда майдонга тушган бўлса, шундан тўрттасида дуранг ва фақат биттасида мағлубиятга учрашган. Кўриб турганингиздек, ўзига яраша ажабтовур натижа, десак ҳам бўлаверади. Кумиковнинг дебют баҳсида андижонликлар Муборакда “Бухоро” билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнашди. Сўнг ўз уйида “Металлург”га 0:2 натижаси билан енгилганди. Шундан бери “Андижон” қаторасига учта турдан бери бир очкодан ишлаб келяпти. Жиззахда “Сўғдиёна” билан 1:1, Андижонда “Бунёдкор”га қарши 0:0 ва Навоийда “Қизилқум” билан 1:1 ҳисобларини қайд этди. Эътиборлиси, Жиззах ҳамда Навоийдаги беллашувларда “Андижон” охирги дақиқалардагина мағлубиятдан қутулиб қолди. Бу эса жамоа аъзоларида ирода ва характер борлигининг белгисидир.
Умуман айтганда, футболчилар аста-секин Виктор Кумиковнинг ўйин услубини ўзлаштириб бораётганликлари сезилиб турибди. Қолаверса, мутахассис ҳозирча Хомяков тузган таркиб билан ишлашга мажбур. Лекин ғалаба қозониш учун ҳозирча футболчиларнинг салоҳияти камлик қилаётгандек тасаввур уйғотмоқда. Балки трансфер ойнаси очилган пайтда бош мураббий ўзи бирга ишлашни хоҳлаган ўйинчиларни таркибга қўшиб олар. Ҳозирча клубда бир қатор муаммолар бор. Айтишларига қараганда, яқинда орада клуб раҳбариятида ҳам ўзгариш юз бериши мумкин. Буни эса албатта вақт кўрсатади.
“Қизилқум”дагилар Агамуродов борасида сабрли бўла олишармикин?
Чемпионатимиздаги ғалабасиз сериясини давом эттираётган яна бир клуб – “Қизилқум”да ҳам бош мураббий ўзгарганини яхши биласиз. Пандемия туфайли юзага келган танаффуснинг охирги лаҳзаларида Тачмурод Агамуродов “Қизилқум”нинг бош мураббийига айланди. Лекин ҳозирча жамоада мураббий ўзгаргани билан ўйин борасида бундай дея олмаймиз. Пандемиядан кейин ҳам “Қизилқум” рақибларига очко улашишда давом этяпти. Агамуродов бошчилигидаги навоийликлар кетма-кет тўртта ўйинни гол урмасдан ҳолда ютқазишди. Фақат 8-турга келиб “Андижон”га қарши ғалабага бўлган имкониятлари бироз юқори баҳоланган учрашувда дуранг ўйнашди ва шу тариқа, Агамуродов янги клубидаги дастлабки очкосини қўлга киритди. Қизиқ, клуб раҳбарияти Тачмурод Шамакович масаласида қанчалик сабр қила олишаркин? Негаки, олдинда навоийликларни қийин учрашувлар кутмоқда. Тақвим бўйича “Қизилқум” 9-турда “Навбаҳор” майдонида меҳмон бўлса, кейин ўз уйида “Бухоро”ни қабул қилади. 11-турда Бекободда “Металлург”га қарши майдонга тушгач, Навоийда “Сўғдиёна” билан беллашишади. Биринчи давранинг охирги турида эса сафарда “Бунёдкор”га қарши ўйнайди.
Кўриб турганингиздек, Агамуродов ва унинг жамоасига ҳавас қилиб бўлмайди. Устига-устак “Қизилқум” футболчиларининг кўзида ғалабага бўлган кучли иштиёқ ҳам кўринмаяпти. Демак, Агамуродов ҳали кўп меҳнат қилишига тўғри келади. Аммо маълумотларга қараганда, у биринчи даврадан кейин таркибда жиддий ўзгаришларга қўл урмоқчи. Унгача эса “Қизилқум” биринчи давра охиригача ғалаба қозона олармикин, буни Худо билади. Агар очко йўқотишлар давом этаверса, балки Агамуродов биринчи давра охиригача етиб бора олармикин, деган савол ҳам янграши шубҳасиз.
Ҳайдаров ҳам мағлубият билан бошлади
Чемпионатда мағлубиятлар гирдобига тушиб қолган яна бир клуб – “Сурхон” ҳам вазиятдан чиқиш учун бош мураббийини алмаштирди. Қизиғи, Суперлига бошланганидан бери бу жамоада иккинчи мураббий ўзгартирилди. Биринчи турдан сўнг фарғоналик Баҳром Ҳайдаров бош мураббийликка тайинланганди. Унгача жамоани Владимир Андреев бошқариб турганди. Бироқ Ҳайдаров бошчилигида бир бор ғалаба қозонишгач, сўнг кетма-кет мағлубиятлар кузатилди. Оқибатда у ҳам истеъфога чиқди ва ўрнини тажрибали Равшан Ҳайдаров эгаллади. Унинг дебюти эса “Локомотив”га қарши ўйинга тўғри келди. Ўша ўйинда “Сурхон” ёмон таассурот қолдирмади. Бироқ янги мураббий келибоқ бирор нимани ўзгартириб юбориши ҳам қийин. Кўриниб турибдики, Равшан Акмаловичга ҳам вақт керак. Барибир у ҳам “Сурхон”даги дебютини мағлубият билан бошлагани тарихдан жой олади.
Мақоланинг сарлавҳасини бежизга Кумиков-Агамуродов-Ҳайдаровни нима боғлаб турибди, деб номламадик. Эътибор берган бўлсангиз, ўзлари учун янги клубларда иш бошлаган мураббийлар ҳозирча ғалаба нималигини билмай келмоқдалар. Одатда, янги мураббий иш бошласа, унинг жамоасида қандайдир ижобий ўзгаришлар бўлиши кутилади. Албатта, юқорида номлари келтирилган бош мураббийларнинг натижалари турлича.
Масалан, Кумиков бошчилигидаги “Андижон” дуранглар исканжасига тушиб қолган бўлса, Агамуродовнинг “Қизилқум”даги ишлари яхши эмас. Ҳайдаров эса энди битта ўйинда ишлади ва у ҳам мағлубият билан тугади. Балки мавсум давомида яна бошқа истеъфоларга ҳам гувоҳ бўлишимиз ҳеч гап эмас. Ҳар ҳолда бу борада турли гап-сўзлар қулоққа чалиниб турибди. Масалан, “Бухоро” ҳам ҳали ғалаба нималигини билмай келмоқда. Табиийки, бундай пайтда бош мураббий танқидларга учрамоқда. Аммо ҳозирча Муҳсин Муҳаммадиев ўз жойида. Шуни унутмаслик керакки, мураббийларнинг фаолияти улар қайд этаётган натижаларга бевосита боғлиқ.
Фикрлар