Кураш Африка ўйинлари – Конго-2023да
IKA (Халқаро кураш ассоциацияси) Президенти жаноб Ҳайдар Фармон ва Африка Миллий Олимпия қўмиталари ассоциацияси Президенти жаноб Мустафа Берраф ўртасида курашни Африка ёшлар ўйинлари Дастурига киритиш бўйича келишувга эришилган эди. Навбатдаги Африка ўйинлари эса 2023 йилнинг август ойида Конго Республикасининг Браззавил шаҳрида бўлиб ўтади.
Халқаро Кураш ассоциацияси Бош котиби, техник директор Муҳаммад Ризо Носирий мазкур ўйинлар билан боғлиқ техник масалаларни муҳокама қилиш мақсадида Конго Республикасига ташриф буюрди. Ташрифнинг дастлабки кунида Конго Республикасининг Ёшлар ва спорт, фуқаролик таълими вазири жаноб Ҳюгес Нгоуелонделе билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида курашнинг Африка ўйинларидаги иштироки, ундаги техник жиҳатларга оид кўплаб масалалар муҳокама қилинди.
Вазир томонидан мамлакатда Курашни энг оммалашган спорт турларидан бири эканлиги, мунтазам равишда Конгода йирик Кураш мусобақалари ўтказиб келинаётганлиги ва ҳукумат даражасида қўллаб-қувватланаётганлиги маълум қилинди. Бевосита Конго Кураш федерацияси учун Кураш Гилами совға қилинганлиги учун ўз миннатдорчилигини билдирди. Келгусида Кураш бўйича халқаро мусобақаларда иштирок этиши ва Кураш ватанига ташриф буйириш режалари борлиги билдириб ўтди.
23-28 ноябрь кунлари Ҳиндистон Республикасида ўтказилган Кураш бўйича Жаҳон чемпионатида -100 кг вазнда иштирок этган конголик курашчи Ама Модесте Нгамбулу бронза медални қўлга киритиши мамлакатда Курашга бўлган қизиқишни янада оширганлигини эътироф этди. Учрашувда жаноб Нассири кураш ҳақида, унинг дунё бўйлаб амалга оширилаётган ишлари ва Африка қитъасида курашнинг ривожланиши ҳақида ўз фикрларини билдирди. Учрашув якунида, вазирга IKA президенти Ҳайдар Фармон жаноблари томонидан юборилган махсус совға топширилди.
Ташрифнинг кейинги босқичида Спорт вазири Африка ўйинлари Дастурида кураш бўйича баҳслари ўтказилиши мумкин бўлган жойларга ташриф уюштирди. Спорт объектлари IKA техник директори Реза Нассири ва Конго кураш федерацияси мутахассислари томонидан кўрикдан ўтказилди.
Дастлаб, “Palais des sport de Kintele” спорт мажмуаси кўздан кечилилди. Мазкур мажмуа энг йирик спорт объектларидан бири ҳисобланади. Мажмуа ҳудуди бассейнлар, теннис кортлар, спорт машғулотлари учун қўшимча майдонлар, меҳмонхоналар ва бошқа инфрастуктураларга эгалиги билан ажралиб туради. Кейинги манзил "Nicole Oba" спорт мажмуаси бўлиб, мажмуа яхши шароитларга эга ва шаҳарнинг марказида жойлашган.
"Nicole Oba" Кураш бўйича кўп бора халқаро мусобақалар, миллий чемпионат ва қитъа чемпионатларига мезбонлик қилган. Жорий йилнинг 15-21 декабр кунлари бўлиб ўтган Африка Кураш иттифоқининг Халқаро Кураш ҳафталиги тадбирлари ҳам айнан "Nicole Oba" спорт мажмуасида бўлиб ўтган эди.
Якуний спорт мажмуаси "Etienne Mongha" бўлиб, мамлакатнинг энг яхши спорт мажмуаларидан биридир. Унда камида 4 та Кураш гиламини сиғдира оладиган даражада катта ва яна учта қўшимча залга эга. Мазкур спорт объектлари халқаро стандардларга эга бўлиб щзида йирик спорт тадбирларини юқори даражада ўтказиш имкониятига эгадир. IKA техник директори Муҳаммад Ризо Носирий томонидан масъулларга қўшимча равишда эътибор берилиши лозим бўлган техник талаблар ва таклифлар билдирилди.
Фикрлар