Кураш. Халқаро турнир олдидан матбуот анжумани ўтказилди
Хабарингиз бор, Термиз шаҳри кураш бўйича Президент соврини учун мусобақага мезбонлик қилмоқда.
Бугун ушбу нуфузли турнир олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда бир қатор расмийлар сўзга чиқиб, қуйидаги фикрларни билдириб ўтди. Хусусан, Ўзбекистон жисмоний тарбия ва спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов қуйидаги фикрларни билдириб ўтди:
"Ушбу турнирни ташкиллаштиргани учун Президентимизга катта раҳмат айтмоқчиман. Пандемия шароитида бу каби турнир уюштириш осон эмас. Тайёргарлик жараёнлари кутилганидан ҳам аъло даражада кечмоқда. Ўйлайманки, бу сафарги мусобақа аввалгиларидан кўра, кўтаринки руҳда ўтади".
Сурхондарё вилояти ҳокимининг туризм ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Жўрабек Тўраев:
"Ҳурматли тадбир қатнашчилари, сизларни бу ерда кўриб турганимиздан жуда хурсандмиз. Бу сафар соврин жамғармаси 100 минг доллар этиб белгиланган. Кейинги мусобақалар учун ушбу мукофот миқдорини янада оширишга ҳаракат қиламиз".
Халқаро кураш ассоцияцияси техник директори Ризо Носирий:
"Бу ерда эканлигимдан жуда хурсандман. Жорий йил коронавирус туфайли юзага келган пандемияга қарамай, кўплаб полвонлар мазкур турнирда қатнашиш истагини билдирди. Бу жуда ажойиб. Сабаби, аксарият спортчиларимизда узоқ муддат профессионал мусобақада иштирок эта олмади. Ўз навбатида, бу тушкун кайфиятни юзага келтирганди".
Ўзбекистон Кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, замонавий кураш қоидалари асосчиси Комилжон Юсупов :
"Барчангизни ушбу халқаро турнирда кўриб турганимдан жуда хурсандман. Ҳар бир мусобақани кўтаринки руҳда ўтказишга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу ҳақда Президентимиз шахсан топшириқ берган эдилар. Мазкур мусобақа учун катта тайёргарлик кўрилди. Албатта, бу турнирнинг аҳамияти нақадар юқори эканлигини ташкилотчилик нуқтайи назаридан ҳам кўриш қийин эмас".
Шундан кейин расмийлар журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб қайтарди:
-Чет элдан ташриф буюрган ва маҳаллий полвонларнинг аниқ сони ҳақида маълумот берсангиз.
"Мазкур халқаро турнирга 30 га яқин давлатдан 60 га яқин спортчи ташриф буюрмоқда. Жумладан, уларнинг 25 нафари аёл спортчилардир. Таъкидлаш жоизки, ҳар бир вазнда хорижлик вакил ўз омадини синаб кўради. Ҳатто, қўшни давлатлар ҳам ҳар бир вазн тоифасида биттадан спортчи жўнатиш вариантини қўллаб-қувватлади. Бу ҳолат мусобақага қизиқиш юқори экалининг яна бир исботи".
-Бу каби ҳар бир мусобақа туризм ривожига катта туртки бўлади. Мусобақа 1993 йилдан бери ўтказиб келинаётганини ҳисобга олсак, бу мамлакатимиз туризмига қай даражада таъсир кўрсатгани ҳақида маълумот бера оласизми?
"Шахсан ўзим Термиз шаҳрида яшайман. Ҳеч иккиланишсиз айта оламанки, бу маҳаллий аҳолининг кичик бизнес салоҳиятига жуда катта таъсир ўтказади. Турнир давомида турли шаҳарлардан меҳмонлар келади ва улар орқали маҳаллий аҳоли даромад кўриши мумкин. Албатта, бу ҳолат ҳар икки томон учун фойдали".
-Кейинги йилларда ёшлар ўртасида курашни ривожлантириш бўйича қандай ишлар олиб борилади? Яхши биламизки, Сурхондарё курашнинг ватани ҳисобланади. Хусусан, вилоят миқёсида бу борадаги ишлар қандай?
"Сурҳондарёлик ҳар бир йигит энг камида бир марта бўлса ҳам кураш тушиб кўрган. Бу уларнинг қон-қонига сингиб кетган. Бизнинг ўзимиз ҳам ёшлигимизда ушбу спорт тури билан шуғулланганмиз. Президентимиз топшириғи билан кейинги йил курашга ихтисослашган махсус мактаб ҳам очилиши кутилмоқда. Асосий мақсадимиз Ўзбек курашини Олимпия ўйинларида кўриш".
-Мазкур турнирга 60 га яқин мамлакатдан спортчилар келишини таъкидлаб ўтдингиз, асосан қайси мамлакатлар ўз паҳлавонларини Термизга жўнатганини айта оласизми?
"Бугунги кунга келиб Ўзбек кураши 130 дан ортиқ давлатга тарқалиб улгурди. Африка, Панамерика, Европадан бир қатор спортчилар ушбу мусобақада иштирок этиши кутилаётганди. Бироқ пандемия туфайли Европа ва Осиёдан кўплаб полвонлар кела олмади. Шу сабабли, асосан қўшни мамлакатлардан спортчиларни таклиф этганмиз. Менимча, ғолиблик учун асосий рақобат ушбу полвонлар орасида кечади. Кураш барчамизнинг фахримиз. Уни олимпияда кўришни истаймиз. Ҳозирда бутун дунё бизнинг курашимизни ўрганиб олди ва рақобат туғдирмоқда".
-Ўзбек курашини жаҳонга ёйиш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда ва бу турнирга қандай машҳур спортчилар таклиф қилинган?
"Бу 1-2 марта ўтказилиб, кейин тўхтатиб қўйиладиган оддий турнир эмас. Жорий йил 15-марта ўтказилаётганлигининг ўзи ҳам сўзимизга исбот бўла олади. Ўзбекистон кураш ватани. Ва бу ердаги барча спортчилар ғолиблик учун асосий номзодлар қаторида. Бу халқнинг менталитетига айланиб улгурган. Масалан, Наврузда сиз оилангиз билан кураш турнирларини томоша қиласиз ва унда фарзандларингиз ҳам иштирок этади. Сизлардаги бир неча вилоят спортчиларининг натижалари ҳурматга сазовор".
-Эртага қандай ҳакамлар ўйинларни бошқариб боради?
"Ўзбекистон ва халқаро кураш федерациясидан хакамлар тайинланган ва ишонтириб айта оламанки, улар турнирнинг адолатли ўтишини таъминлай олади".
-Умумий соврин жамғармаси 100 минг АҚШ доллари экан. Бу қандай тақсимланган?
"Ҳар бир вазн тоифасида ғолибларга 3 минг АҚШ доллари, иккинчи ўринни эгаллаган спортчиларга 2 минг АҚШ доллари, учинчи ўрин соҳиблари эса 1 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофотлари берилади. Мутлақ вазнда ғолиб бўлган полвон Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – 10 минг АҚШ долларига сазовор бўлади. Иккинчи ўрин соҳиби 5 минг, иккита учинчи ўриндан жой олган полвонлар 3 минг 500 АҚШ долларидан мукофотланади".
Фикрлар