CHERY AUTO

Ўзбекистон миллий терма жамоаси марказий ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов  “Манчестер Сити”га ўтганидан бери ҳамюртларимиз ушбу клубга мухлислик қилиб келмоқда.

Tecno

Янги мавсумда ҳам, Хосеп Гвардиола шогирдлари одатга кўра,  ўзлари иштирок этадиган барча турнирларда бош соврин учун курашиши  кутиляпти. Аммо бу осон бўлмайди.

“Манчестер Сити” қисқа муддат – беш кун ичида Англия Премьер-лигаси ва Европа Чемпионлар лигасида учта муҳим учрашув ўтказишига тўғри келяпти. “Шаҳарликлар” миллий чемпионатнинг тўртинчи турида 14 сентябрь куни ўз уйида “Манчестер Юнайтед”ни қабул қилади. Кейин 20 сентябрь куни ашаддий рақиб – “Арсенал” майдонига сафар қилади.

Орада эса, Хосеп Гвардиола шогирдлари Европа Чемпионлар лигаси умумий босқичи биринчи турида Италия чемпиони “Наполи” билан куч синашиши лозим. “Этихад” стадиони мезбонлик қиладиган бу ўйин 18 сентябрга белгиланган.

Манчестер дербиси олдидан “Манчестер Сити”нинг 13 нафар футболчиси жароҳат туфайли сафдан чиққан эди. Sports.uz портали нуфузли манба – cityxtra.co.uk сайтига тарқатган клубдаги сўнгги вазият ҳақида маълумотларни ўзбекистонлик ишқибозлар эътиборига ҳавола этади.

- Хосеп Гвардиола якшанба куни принципиал рақиб – “Манчестер Юнайтед” билан бўладиган дерби олдидан таркибни кучайтиришга эришди. Бу учрашув “Манчестер Сити” учун мураккаб давр – ички чемпионатдаги кураш ва Чемпионлар лигасининг дастлабки ўйини ўтказиладиган паллага тўғри келди.   

Охирги ҳафталарда Гвардиола жамоаси ўйинчиларнинг жароҳати ва жисмоний ҳолатидаги муаммоларга дуч келди. Бу “шаҳарликлар”нинг чемпионатдаги ўйинлари натижасига ва айрим футболчилар халқаро танаффус вақтида ўз мамлакатлари терма жамоаларига боришига салбий таъсир кўрсатди.

“Манчестер Сити” учрашувларга мукаммал таркибни тушира олмаяпти. Хосеп Гвардиола ҳужум ва ҳимояда турли ротацияларга қўл уришига тўғри келяпти. Тиббий штаби ходимлари легионерлар ўйнаётган миллий терма жамоаларга мурожаат қилиб, айрим ўйинчиларнинг саломатлигини тиклаш учун уларни халқаро танаффусдаги йиғинларга жалб қилинмаслигини таъминлашига тўғри келди.  

Хусусан, Жазоир терма жамоаси Райан Айт-Нури саломатлигини тиклаши учун уни ФИФА кунларидаги йиғинга чақирмади. Англия терма жамоаси мураббийлари Рико Льюис ва Жон Стоунзни ортга қайтариб юборди.

“Брайтон” билан учрашувда жароҳат олган Абдуқодир Ҳусанов Ўзбекистон миллий терма жамоаси ғалабаси билан якунланган “CAFA Nations cup 2025” халқаро турнирида қатнаша олмади.

Энди “Манчестер Сити”да вазият секин-аста изига тушмоқда. Халқаро танаффусдан кейин City Football Academy  базасида ташкил этилган биринчи жамоавий машғулотда жароҳатидан қутилган саккиз футболчи – Савио, Фил Фоден, Йошко Гвардиол, Абдуқодир Ҳусанов, Рико Льюис, Кэлвин Филлипс, Нико О’Рейли ва дарвозабон Маркус Беттинелли ҳам иштирок этди.

Бу ўйинчиларнинг сафга қайтиши Хосеп Гвардиолага бўлажак учрашувларда янги тактик схемаларни қўллаш, мураккаб вазиятда чиқишда турли вариантларни ишга солиш имкониятини беради.

Абдуқодир Ҳусанов ва Йошко Гвардиолнинг оёққа тургани “Сити” ҳимоясидаги камчиликларни бартараф этади.

Фил Фоден, Савио ва Нико О’Рейли эса, мураббийлар штабига ҳужумкор ўйинчилар ротациясида қўшимча имкониятлар яратади.

“Манчестер Сити”нинг шаҳар дербисида ва “Наполи” ҳамда “Арсенал”га қарши бўладиган учрашувларда таркибни тўғри танлай олиши, футболчилар аҳволи ва натижаларидан келиб чиқиб, ротацияларни ўз вақтида амалга ошириши муҳим аҳамият касб этади.

Ўз навбатида, клубнинг бутун дунёга ёйилган кўпмиллионли мухлислари ҳам футболчиларнинг сафга қайтиши “Манчестер Сити”нинг ўйинларининг ижобий томонга ўзгариши ва жамоа мавсум бошидаёқ тушиб қолган мураккаб вазиятдан тезроқ чиқишга ёрдам беришига ишонмоқда, - деб ёзди cityxtra.co.uk сайти журналисти Фредди Пай.

Эслатиб ўтамиз, Англия Премьер-лигаси тўртинчи туридан ўрин олган “Манчестер Сити” ва “Манчестер Юнайтед” баҳси 14 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 20:30 да бошланади.

ЕЧЛ олдидан Ҳусанов ва 12 футболчи “хавф” остида!

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!