Легионер футболчимиз фаолият юритаётган мамлакат ва Ўзбекистондаги карантин талабларини солиштирди

Ўтган мавсумнинг иккинчи қисмини «Бунёдкор»да ўтказган Шоҳруҳ Гадоев 2020 йилни Озарбайжоннинг «Кешла» жамоаси таркибида бошлаганидан хабарингиз бор. "Бунёдкор" клуби матбуот хизмати карантинни Озарбайжонда ўтказаётган футболчининг фикрларини тақдим этди.

- Аввало Ўзбекистон халқига, юртдошларимиз, футбол мухлисларига салом йўллайман! Айни кунларда дунёнинг деярли барча мамлакатларида коронавирус сабабли карантин эълон қилинган. Хусусан, шу кунларда мен истиқомат қилиб турган Озарбайжонда ҳам. Бу ерда чемпионатнинг сўнгги учрашувини 8 март куни ўтказганмиз. Навбатдаги ўйинимиз 14 мартда бўлиб ўтиши лозим эди. Шу беллашувга тайёргарлик кўраётганимизда ҳукумат карантин эълон қилди. Мана орадан икки ой ўтдики, ҳали карантин бекор қилингани йўқ. Футболчи учун футболсиз ҳаёт қанчалик қийин ва зерикларли эканлигига яна бир бор гувоҳ бўлдим.

Озарбайжонда ҳам карантиннинг илк кунлари қаттиқ тартибда ўтди. Белгиланган қарорга кўра 5 май куни мамлакатда карантин якунланиши керак эди, бироқ ҳукумат муддатни 31 май санасига қадар чўзди. Лекин кечадан бошлаб тартиб бироз енгиллашди. Ўзбекистон билан солиштирадиган бўлсак талаблар орасида деярли фарқ йўқ. Бу ерда ҳам автомашинада юриш учун махсус рухсатнома олиш керак. Кўчага чиқиш тартибларида ҳам фарқ кўрмайсиз. Амал қилмаган жарима тўлайди.

Федерация чемпионатни муддатидан олдин тугатиш ёки давом эттириш ҳақида якуний қарорни қабул қилмади. Машғулот ўтказяпмиз, фақат майдонда эмас, балки уйда. Аниқроғи, жамоанинг жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийи ижтимоий тармоқ орқали онлайн тарзда машғулот ўтказяпти.

Халқимиздан карантин қоидаларига қатъий амал қилиб, вирусни тезроқ чекинишига ҳисса қўшишини сўраб қоламан, - деди Гадоев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!