Легионеримиз гол урди
Россия кубоги мусобақасининг гуруҳ босқичидаги учинчи тур учрашуви икки ҳамюртимиз – Рустам Ашурматов ва Умарали Раҳмоналиев тўп тепаётган “Рубин” жамоаси учун омадли келди.
Қозонликлар учинчи турда ўз майдонида “Урал” футболчиларини қабул қилди. Ўйиндаги ҳисобни очиш легионеримиз Рустам Ашурматовга насиб қилди. 10-дақиқада мезбонлар бурчак зарбасини амалга оширди. Тўп учун курашда рақиб ўйинчиси Тимур Аюповдан устун келган Ашурматов боши билан Илья Помазун дарвозасини ишғол қилди.
Биринчи бўлимнинг қолган дақиқаларида “Рубин”нинг яна бир ҳимоячиси Егор Тесленко ҳужумчиларга гол уриш қандай бўлишини кўрсатиб қўйди ва мезбонларни икки тўп фарқи билан ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Танаффусгача “Урал” футболчилари Алексей Каштановнинг аниқ зарбаси эвазига ягона жавоб тўпини киритди.
“Рубин”даги яна бир вакилимиз – Умарали Раҳмоналиев 77-дақиқада захирадан майдонга тушиб, фаол ҳаракат қилди.
Шу тариқа, ўйин 2:1 ҳисобида “Рубин” ғалаба қозонди.
Қозонлик футболчилар Россия кубогининг гуруҳ босқичидаги дастлабки икки ўйинида “Ростов” ва “Локомотив” жамоаларига бир хил – 0:1 ҳисобида имкониятни бой берган эди. Бу ғалабадан кейин қозонликлар кейинги босқичга чиқиш имкониятини сақлаб қолди.
Россия кубогининг гуруҳ беллашувларида мамлакатнинг Премьер-лигада ўйнаётган энг кучли 16 жамоаси тўрттадан тўрт гуруҳга бўлиниб, ўзаро рақобатлашмоқда. Ҳар бир гуруҳдан энг яхши кўрсаткичга эга иккитадан жамоа кейинги босқичга йўлланма олади.
Гуруҳда учинчи ўринни эгаллаган жамоалар қуйи лигалардаги жамоалар иштирокидаги саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган клублар билан куч синашиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Рустам Ашурматов ҳам, Умарали Раҳмонолиев ҳам “Рубин” жамоаси таркибига 2023 йилнинг бошида бориб қўшилган. Ўша пайтда Қозон шаҳри шарафини ҳимоя қилаётган жамоа биринчи лигада кураш олиб бораётган эди.
Рустам Ашурматов Россияга кўчиб борганидан кейин қозонликлар сафида бешта учрашувда қатнашиб, битта гол уришга эришди. Раҳмоналиев эса, янг жамоаси таркибида биринчи лигада тўрт марта кўриниш берди.
“Рубин” ўтган мавсум якунига кўра, биринчи лигада ғолиб чиқди ва Премьер-лига йўлланмасини қўлга киритди.
Чемпионат баҳсларида мураббийлар штаби кўпроқ Умарали Раҳмоналиев хизматига таянмоқда. 20 ёшли футболчимиз янги мавсумда барча – олтита учрашувда ҳам майдонга туширилди. Шунингдек, унинг ҳисобида Россия кубогида учта ўйин бор.
Ашурматов эса, Премьер-лигада икки бор ўйинда қатнашди. Россия кубогида ҳам икки маротаба майдонда ҳаракат қилди.
Ҳар икки футболчимиз Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ҳисобланади.
Фикрлар