Шомуродов терлашга ҳам улгурмаган учрашувдан кейин Раньери нималар деди?
Италия А Сериясининг иккинчи тур учрашувлари Сардинияда маҳаллий “Кальяри” ва ўтган мавсум совриндори “Интер” жамоалари ўртасидаги муросасиз беллашув билан якунланди.
Дебютант майдонидаги ўйин тақдирини миланликлар биринчи бўлимдаёқ ҳал қилди. Аввалига 21-дақиқада Дензел Дюмфрис ҳисобни очган бўлса, тўққиз дақиқадан кейин Лаутаро Мартинес ҳисобдаги фарқни йириклаштирди.
Клаудио Раньери тактик ўзгартиришлар киритганидан кейин иккинчи бўлимда мезбонлар анча ишончли ҳаракат қилди. Элдор Шомуродов майдонга 85-дақиқада туширилди. Ўйин охирида легионеримиз жамоадоши Пауло Аццини қулай позицияга чиқарди. Бироқ, берилган зарбани “Интер” посбони бартараф этди.
Ўйин 2:0 ҳисобида миланликлар ғалабаси билан якунланди. Клаудио Раньери матбуот анжуманида қуйидаги фикрларни айтиб ўтди.
Ўйин ҳақида
“Интер” биринчи ва иккинчи гол урилган вазиятларда жуда яхши ўйнади. Рақиб босимни ошириб борди. Иккинчи бўлимда биз ўзимизни йиғиштириб олдик ва “Интер”га муаммо туғдиришга ҳаракат қилдик. Учрашув қийин бўлишини олдиндан билардик ва биз рақиб ҳаракатларига етарлича қаршилик кўрсата олмадик.
Чемпионат старти ҳақида
Мен дастлабки саккизта ўйинимиз жуда қийин ўтишини инобатга олганман. Чемпионат стартида ҳамма нарса юкламаларни ва босимни қай даражада кўтара олишингизга боғлиқ бўлади. “Интер” ўзини жуда яхши ҳис қиляпти. Мен эса ўз жамоамга туртки беришга уриняпман. Бу гал ҳеч нарса қила олмадик.
“Кальяри” ҳақида
Аслида мен ўз жамоамдан қониқяпман. “Интер” каби каби жамоалар қандай ўйнаш кераклигини тушуниб етишимизга сабабчи бўлади. Биринчи бўлимда таркибимизда тажрибали ўйинчилар бўлса ҳам, уларга қаршилик кўрсата олмадик. Беллашувнинг иккинчи қисмида биз яхшироқ ўйнадик. Демак, ҳозирги вазиятдан чиқиб кета оламиз.
Жамоадан кетиши ҳақида
Саудия Арабистонига кетган бўлармидим? Тўғрисини айтсам, у ерга бормасдим. Футболда фақат пул муҳим эмас. “Кальяри” клублар миқёсидаги фаолиятимда охириги иш жойим бўлади. Балки ўзимга ёққан терма жамоа бўлса, кейинчалик халқаро миқёсда мураббийлик қилишим мумкин.
Мақсади ҳақида
Энди олдимиздаги вазифа ҳақида бош қотиришимиз керак. Бу мавсум юқори дивизиондаги жойимизни сақлаб қолиб, клуб раҳбарияти ва ажойиб мухлисларимиз ишончини қозонишимиз талаб этилади. Бу йўналишда ҳар куни ишлашни йўлга қўйиб олганмиз.
Мухлисларга жамоамиз ёқади. Футболчилар ҳам мақсадга етиш учун борини беряпти. Биз менталитетимизни тўғри шакллантиришимиз лозим. Биз ағлуб бўлишимиз мумкин, лекин ҳеч қачон таслим бўлмаймиз, курашдан тўхтамаймиз.
Ана холос: Ўзбек боксчидан нокаутга учраган қозоқ жангчиси боксдан четлатилди
Легионерларимизга аниқ шарт қўйилди
Тўрт футболчимиз дунёнинг энг қиммат лигаларида тўп тепмоқда!
Фикрлар