Легионеримиз кубок соҳиби!

Гомель шаҳрида ўтказилган Беларусь кубогининг финалида БАТЭ ва “Ислочь” жамоалари ўзаро куч синашди.

Мамлакат кубогининг амалдаги соҳиби –БАТЭ футболчилари бу галги финалга етиб келгунча, саралаш босқичларида “Гранит-Миашевичи”ни 5:0, “Динамо-Брест”ни 4:2, “Витебск”ни 2:3, 2:1, “Торпедо-БелАЗ”ни  4:1, 1:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.

“Ислочь” вакиллари эса финалгача “Днепр-М”, “Крумкачи”, “Минск” ва чемпион “Шахтёр”ни мусобақадан чиқариб юборди.

Финал учрашуви анча кескин ва муросасиз курашлар остида ўтди. БАТЭ сафида ҳамюртимиз Шаҳбоз Умаров фаол ўйнади. Беллашувнинг 31-дақиқасида Шаҳбоз Умаров голли вазият яратди ва бундан унумли фойдаланган Станислав Драгун ҳисобни очди.

Иккинчи бўлимда “Ислочь” вакили Дмитрий Комаровский вазиятни тенглаштиган бўлса-да, Ўйин якунланишига 14-дақиқа қолганида Павель Рибак ҳал қилувчи тўпни киритиб, БАТЭнинг  2:1 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.

Шаҳбоз Умаров ушбу учрашувда 61-дақиқа фаол ўйнади. У баҳс давомида Александар Филипович, Павел Нихайчик, Павел Карасев, Павел Рибак каби жамоадошларини аниқ пас билан, қулай вазиятга чиқарди. Айрим ҳолларда уларга аниқлик етишмаган бўлса, баъзан зарбаларни рақиб дарвозабони бартараф этди.

Финал учрашувида зафар қучган БАТЭ ўз тарихида бешинчи бор Беларусь кубогини қўлга киритди. Борисовликлар бу борада яққол етакчи ҳисобланади. Бунгача, БАТЭ 2006, 2010, 2015, 2020 йилларда бош соврин соҳиби бўлган. Яна беш марта финалда имкониятни бой берган.  

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!