Лэмпарддан Раньеригача! Абрамовичнинг «қўлқопларини» ёдга оламиз

Яқиндагина Фрэнк Лэмпарднинг ишдан олингани ҳақида хабар пайдо бўлди. Тўғриси, мутахассислар бу қарорни турлича талқин қилди. Кимдир ўз вақтида қилингани яхши бўлгани ҳақида ёзса, яна кимлардир вақт бериш лозимлигини айтди. Умуман олганда, бугунги мавзумиз бошқа. Хўш, Роман Абрамович даврида клуб нечта мураббийга чиқиш эшикларини кўрсатиб юборди? Уларнинг натижалари қандай эди? Айнан шу саволларга бугун атрофлича жавоб беришга уриниб кўрамиз.

Клаудио Раньери (Италия)

«Челси»: 2003-2004, 61% ғалаба

dax58675004

Аслида, Клаудиони чинакам омадсизлардан бири десак, адашмаган бўламиз. Мураббий фаолияти давомида 15 га яқин жамоада ишлади, бироқ фақат «Лестер»да омад кулиб боқди. Ҳозирда, у «Сампдория» жамоаси билан элитада маҳкам ўрнашиб олиш учун кураш олиб бормоқда. Италиялик мутахассис «аристократлар»нинг янги эрасидаги биринчи мураббий сифатида тарихда қолиши аниқ.

Жозе Моуриньо (Португалия)

«Челси»: 2004-2007, 5 та соврин, 67% ғалаба

daxsh124

«Беназир»нинг Лондонга илк ташрифи жуда омадли чиқди. Унинг қўл остида клуб узоқ кутилган АПЛ олтин медалларига икки бор эга чиқди. Шунингдек, Англия Лига кубоги ва Англия кубогида зафар қучди. Жозе клуб мухлислари 50 йилдан бери орзу қилаётган совринни ютиб берди ва раҳбарият билан жанжаллашиб қолгани учун «Интер»га равона бўлди.

Авраам Грант (Исроил)

«Челси»: 2007-2008, 67% ғалаба

dax3425235

Афсуски, Грант клубни бирорта соврин сари етаклаб бормади. Ваҳоланки, унинг қўл остида жамоа АПЛ ва ЕЧЛда кумуш медалларга эга чиққан эди. Кейинроқ, қаҳрамонимиз «Портсмут» ва «Вест Хэм»да фаолият олиб борди. Гана терма жамоасини бошқарди, аммо бирорта катта ютуққа эришгани йўқ. Ҳозирда, «Норт-Ист Юнайтед» бош мураббийи бўлиб фаолият олиб бормоқда.

Луис Фелипе Сколари (Бразилия)

«Челси»: 2008-2009, 56% ғалаба

dax598645

«Бунёдкор» жамоаси собиқ бош мураббийи ўз вақтида Лондон клубида фаолият олиб боргани ёдингизда бўлса керак. Шахсан Роман Абрамович томонидан тайинланган мутахассис жуда ёмон старт олди. Шу боис, уни февраль ойидаёқ ишдан олишди. Кейинчалик, Ўзбекистон ва Хитой клубларида ишлади. Ҳозирда, 72 ёшли мураббий «Крузейро»ни бошқариб келмоқда.

Гус Хиддинк (Голландия)

«Челси»: 2009, 1 та соврин, 73% ғалаба

dax8345

Сколари кетгач, Гус Хиддинк клуб бошқарувини вақтинча эгаллади. У Россия терма жамоасида ва «Челси»да бир вақтнинг ўзида мураббийлик қила бошлади. Голландиялик мутахассис 22 та учрашувнинг атиги биттасида мағлуб бўлди ва жамоани Англия Лига кубоги чемпионига айлантирди. Кейин эса, қаҳрамонимиз ўзи севган терма жамоалар бошқарувига қайтди. Аввалига Туркия, кейин Голландияни бошқарди. Ҳозирда эса, Кюрасао билан «мўъжиза» яратишни орзу қилмоқда.

Карло Анчелотти (Италия)

«Челси»: 2009-2011, 2 та соврин, 61% ғалаба

dax650970657

Анчелотти келгач, «Челси» илк уринишдаёқ олтин дублни амалга оширди. АПЛ ва Англия кубоги қўлга киритилди. Кейинги мавсумда эса, «Карло ота» бирорта соврин ютмади. Шу боис, унга чиқиш эшиклари кўрсатиб юборилди. Эътиборлиси шундаки, Анчелотти Лондонни тарк этгач, «Реал» билан ЕЧЛда, ПСЖ билан «Лига 1»да ғалаба қозонди. Кейин ватанига қайтди ва «Наполи»да иш бошлади. Ҳозирда эса, «Эвертон» билан АПЛ мусобақа жадвалида «Челси»дан олдинда бормоқда.

Андре Виллаш-Боаш (Португалия)

«Челси»: 2011-2012, 48% ғалаба

dax95694845

"Янги Моуриньо" бўлиши тахмин қилинган Виллаш-Боаш Лондонда катта муаммога дуч келди. Ёш ва улкан ғалабаларга ўч эканлиги панд берди. 40 та ўйинда «аристократлар» бор йўғи 19 бор ғалаба қозонди, холос. Клуб португалиялик ёш мураббийни бир неча ойдан сўнг, «четга» суриб ташлади. Қаҳрамонимиз «туманли альбион»да қолиш мақсадида «Тоттенхэм»ни қабул қилиб олди. Кейин «Зенит»да ишлади. Бир мунча фурсат Хитойда катта маош эвазига истиқомат қилди. Ҳозир эса, «Марсель» билан ҳаммани «ҳайрон» қолдирмоқда.

Роберто Ди Маттео (Италия)

«Челси»: 2012, 2 та соврин, 57% ғалаба

dax596956854

Роберто керакли паллада керакли жойда бўлиб қолди десак, адашмаган бўламиз. У клуб тарихидаги ягона ва энг қадрли совринни Лондонга олиб келди. «Челси» ЕЧЛда «Барселона»ни бир киши кам бўлиб «Камп Ноу»да доғда қолдирди. Финалда эса, «Бавария»ни ўз уйида «ер тишлатди». Вақтинчалик мураббий этиб тайинланган инсон учун ақлбовар қилмас натижа. Афсуски, расман иш бошлагач, 4 ойдан сўнг бошқарувдан олинди. 2016 йилдан бери Ди Маттео ишсиз.

Рафаэль Бенитес (Испания)

«Челси»: 2012-2013, 1 соврин, 58% ғалаба

dax5969586

Испаниялик мутахассис жамоага ташриф буюргач, фақат Европа Лигасида ғалаба қозонишни уддалади холос ва жамоани тарк этди. Афсуски, унинг Европадаги фаолиятида кескин пасайиш кузатилгач, Осиёга йўл олди. Яқинда, «Дальян Ифань» билан шартномани бекор қилди.

Жозе Моуриньо (Португалия)

„Челси“ (2): 2013-2015, 2 та соврин, 59% ғалаба

Жозенинг қайтиши жуда ғалати кўриниш олди. Икки мавсум давомида у АПЛ ва Лига кубогида зафар қучган жамоани шакллантирди, бироқ 3 мавсумда ҳаммаси барбод бўлди. Эва Карнейро ва Эден Азар билан жанжал ОАВ томонидан ёритилгач, Роман Абрамович Жозега иккинчи бор «рухсат» бериб юборди. Моуриньо постни топширган пайтда, жамоа АПЛ жадвалида 15-ўринда кетаётган эди.

Гус Хиддинк (Голландия)

«Челси» (2): 2015-2016, 37% ғалаба

dax8345

«Ўт ўчирувчи» вазифасини бажариш мақсадида иккинчи бор етиб келган Гус айтарли ҳеч қандай «мўъжиза» кўрсатгани йўқ. 16-ўриндаги жамоани турнир якунида 10-ўринга қадар кўтара олди, холос. Шундай бўлса-да, футболчиларнинг меҳрини қозонишга муваффақ бўлди.

Антонио Конте (Италия)

«Челси»: 2016-2018, 2 та соврин, 65% ғалаба

dax9578687

2016 йилдаги Европа чемпионатида сўнг, Конте тўғри Лондонга учиб келди. Қаҳрамонимиз биринчи уринишдаёқ, «Челси»ни чемпионлик сари етаклади ва мухлислар эътиборига тушди. Кейинги мавсумда эса, италиялик мураббий қўл остида «Челси» Англия кубогини қўлга киритди. Афсуски, чемпионатда жамоа 5-ўриндан тепага кўтарила олмади. Бу эса, Абрамович салбий натижа, деб ҳисоблади. Контенинг кейинги манзили «Интер» жамоаси бўлди. Ҳозирда, мутахасси А Серияда ғалаба қозониш иштиёқида «ёнмоқда».

Маурицио Сарри (Италия)

«Челси»: 2018-2019, 1 та соврин, 62% ғалаба

dax90469845

«Челси» мухлисларини Сарри таклиф этган услубдаги футбол хурсанд қилмади, аммо бу натижа берди. «Челси» Европа Лигасида ғалаба қозонди ва чемпионатни 4-ўринда якунлади. Доимо олдига катта мақсадларни қўювчи Абрамовичга бу камлик қилиши табиий эди. Сарри Италияга қайтди ва орзусига эришди. Италия чемпионлиги қўлга киритилганига қарамай, Турин клуби уни ЕЧЛдаги омадсизлик учун кечира олмади ва истеъфога чиқарди.

Фрэнк Лэмпард (Англия)

«Челси»: 2019-2021, 52% ғалаба

dax34985984954

Фрэнк жамоани жуда қийин паллада қўллаб юборди ва ёруғ кунларга олиб чиқди. Афсуски, жорий мавсумда унга бази жойларда омад, бази жойларда эса тажриба етишмади. Шу боис, унинг кетиши клуб мухлисларига оғир борди. Умид қиламизки, Фрэнк тез орада яна мураббийликка қайтади. Унинг келажакдаги фаолиятига SPORTS.uz омад ва зафарлар тилаб қолади.

Я.У

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!