Левандовски ва Холанднинг тарихий рекорди ўчди. Улардан зўри чиқиб қолди

  • 12 февраль, 08:25
  • Zohir Toshxo’jayev
  • 0
  • Футбол
TIGGO 2 PRO

Европа Чемпионлар лигаси плей-офф босқичининг дастлабки учрашувида “Спортинг” ўз майдонида “Боруссия Дортмунд” жамоасига 0:3 ҳисобида ютқазди.

Ушбу баҳс қаҳрамони дортмундликлар ҳужумчиси Серу Гирасси бўлди. Африкалик форвард беллашувда биттадан гол ва ассист муаллифи бўлди.

Бу самарадорлик унга клуб тарихида янги рекорд келтирди.

Opta Sport статистика марказининг маълум қилишича, Гирасси Чемпионлар лигасининг бир мавсумида самарали ҳаракатлар бўйича рекорд ўрнатди. Жорий мусобақада тажрибали ҳужумчи тўққизта учрашувда 13 та самарали ҳаракатни (10 та гол ва 3 та ассист) амалга оширди.

Шу тариқа, Гирасси яқин ўтмишда Дортмунд клубида тўп тепган Роберт Левандовски ва Эрлинг Холанд рекордини йўққа чиқарди. Польшалик форвард 2012-2013, норвегиялик тўпурар 2020-2021 йилги мавсумларда Чемпионлар лигасида 12 та самарали ҳаракатни (10 тадан гол, иккитадан ассист) амалга оширган эди.

Бундан ташқари, Гирасси Чемпионлар лигасида бир мавсумида кўп гол уриш бўйича Левандовски ва Холандга етиб олди. Ҳар учала ҳужумчидан 10 тадан гол бор. Кейинги беллашувларда гол урган тақдирда Гирасси бу борада яққол рекордчига айланади.

Шунингдек, гвинеялик Гирасси Европа Чемпионлар лигаси тарихида кетма-кет ўнта учрашувда гол урган ёки самарали пас оширган биринчи африкалик ўйинчи сифатида тарихга ўз номини муҳрлаган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!