"Ливерпуль" орзусидаги футболчи учун 80 миллион евро беради
«Ливерпуль» клуби раҳбарияти «Кристал Пэлас» ҳужумчиси Исмаила Сарр бўйича янги таклиф тайёрлаётгани хабар қилинмоқда.
Аввалроқ лондонлик клуб 28 ёшли вингер учун «қизиллар» таклиф этган 60 миллион еврони рад этган эди. Журналист Dsports Хадим Диакате маълумотича, мерсисайд жамоаси бу сафар сенегаллик футболчи учун тахминан 75–80 миллион евро атрофида таклиф беришга тайёрланмоқда. Сарр «Манчестер Сити» билан келишувга эришган Коди Гакпо ўрнига асосий номзод сифатида кўрилмоқда.
Исмаила Сарр жорий мавсумда ҳали бирор дақиқа майдонга тушмади. Ўтган мавсумда эса у 45 учрашувда майдонга тушиб, 21 та гол урди ва 2 та голли узатма берди. Transfermarkt портали мутахассислари сенегаллик ҳужумчининг бозор қийматини 45 миллион евро атрофида баҳоламоқда.

Фикрлар