“Ливерпуль” ва “Арсенал” клублари Мессига кубок совға қилган футболчини талашмоқда

Англия Премьер-лигасининг “Ливерпуль” ва “Арсенал” клублари ПСЖ ҳужумчиси Коло-Муанига жуда катта қизиқиш билдирмоқда.  

Мерсесайдликлар бир неча ойдан буён Муҳаммад Салоҳ ва Дарвин Нуньесга ўринбосар қидираётган эди. Бунга мисрлик футболчининг шартномаси билан боғлиқ муаммо бўлса, уругвайлик ҳужумчининг ҳозирги кундаги формаси асосий сабаб сифатида келтирилмоқда. Артета бошчилигидаги “тўпчилар” эса жароҳат олган Сака ўринга қишда футболчи сотиб олмоқчи. 

“Bild” нашрининг хабарига кўра, франциялик футболчи ҳам парижликлар сафидаги ўйин амалиётидан норози. Бундан ташқари, бош мураббий Луис Энрике билан ҳам келишмовчилик бор. Шу боис, Коло қишки трансферлар ойнасида янги таклифларни кўриб чиқмоқчи. Манбага кўра, форвард ҳам агарда расмий таклиф бўлса, Англияга кўчиб ўтишни режалаштирмоқда. 

Рандаль 2023 йил “Айнтрахт” жамоасидан 80 миллион евро эвазига Франция клубига кўчиб ўтган эди. Унинг ПСЖ билан шартномаси 2028 йилгача мўлжалланган бўлиб, Тransfermarkt порталидаги нархи 30 миллион евро деб баҳоланмоқда. 

Маълумот ўрнида, 26 ёшли ҳужумчи бу мавсум 14 та тўқнашувда иштирок этиб, 2 та гол ва 1 та голли узатмага муаллифлик қилган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!