"Локомотив" - "Навбаҳор" ўйинидаги баҳсли вазиятларга Хайрулла Ҳамидовнинг муносабати

Хабарингиз бор, кеча Суперлига 2-туридан ўрин олган "Локомотив" - "Навбаҳор" учрашуви бўлиб ўтди. Ўйинда баҳс мунозараларга сабаб бўладиган воқеалар ҳам кузатилди. Ҳакамларнинг қарори бораси бўйича МОҚ раҳбарининг маслаҳатчиси Хайрулла Ҳамидов телеграмдаги ўзининг саҳифасида қуйидаги фикрларни билдириб ўтди.

- Мен ўйинни, хусусан хавфли вазиятларни қайтадан кўриб чиқдим. Ҳакам Серазетдинов "Локомотив" дарвозабонига ишлатилган қўполликни тўғри баҳолаган экан. Дунёнинг исталган ўйинида умумқоида бор: жарима майдончаси ичида дарвозабонга бармоқ учиниям теккизиб бўлмайди. Касян эса, ҳарчандики тоза ўйнашга уринмасин, қўлини ёйиб юборди ва натижада гол ураётган пайти Илёсовга нисбатан қўпол ўйнаб қўйди.

Бундай пайтда ҳимояланаётган томоннинг фойдасига ҳукм чиқарилади. Серазетдиновнинг қарорига шарҳ давомида бироз қўшилолмаган бўлсам-да, такрорий лавҳалар бот-бот намойиш этилиши асносида шубҳам қолмади.

Бунинг устига, иккинчи бўлимдаги "Локомотив" тотал устунлик билан ўйнаб ғалабага ҳақли бўлиб ҳам қолди.

Наманганлик футбол ишқибозларини футболга қўшаётган ҳиссаларини эътироф этаман, ҳамиша қойил қоламан. Уларга чексиз ҳурматимни изҳор этган ҳолда, вазиятга барибир адолат нуқтаи назаридан қараб шундай дейман: Бу кеча темирйўлчилар натижага яраша озгина устунроқ эдилар, ҳакамнинг қарорлари ҳам асосли эди.

Энг муҳими, Наманганга, аҳли оилалари бағрига эсон-омон етиб олишлари муҳим мен учун...

Натижалар кейинги турдан яхшиланишига ишониб қоламан, - дея ёзган Хайрулла Ҳамидов.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!