“Локомотив” ҳимоячиси Муҳаммад Коне Буркина Фасо терма жамоасига чақирилди

“Локомотив” жамоаси сафида ишончли ўйин намойиш этиб келаётган Муҳаммад Гнонтча Коне Буркина Фасо терма жамоасидан чақирув олди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар бермоқда.

Биласиз, айни пайтда барча қитъаларда Жаҳон чемпионати-2018 саралаш босқичи давом этмоқда. Жумладан, Африкада ҳам терма жамоалар келаси йили Россия яшил майдонларида ўтказиладиган мундиал йўлланмаси учун баҳс олиб боришмоқда. 

Ўтган йили Ўзбекистон терма жамоаси билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушган Буркина Фасо терма жамоаси ўз олдига мудиал чипталаридан бирига эга чиқишни мақсад қилган. Ушбу юрт бош жамоаси “Локомотив” сафида Осиё Чемпионлар Лигаси ҳамда Ўзбекистон чемпионати беллашувларида ишончли ўйин кўрсатиб келаётган Муҳаммад Конени навбатдаги учрашувларига таклиф этди. 

Аслида Кот-д’Ивуарда таваллуд топган 23 ёшли ҳимоячи айни пайтда Буркина Фасо паспортига ҳам эга. Шу сабабли буркиналиклар устози Конени олдиндаги икки учрашувга чақиришни лозим топди. 

Буркина Фасо терма жамоаси мундиал саралашининг Д гуруҳида иштирок этмоқда ва 4 очко билан жадвалда биринчи поғонада кетмоқда. Буркиналиклар 2 сентябрь куни Сенегал майдонига сафар уюштиришса, 5 сентябрда ўз уйларида сенегалликларни қабул қилишади. Ушбу учрашувларда Муҳаммад Коне ҳам иштирок этиш учун чақирилди. 

Таъкидлаш жоизки, Буркина Фасо ўрин олган гуруҳда яна Жанубий Африка Республикаси терма жамоаси ҳамда Кабо Верде термалари ҳам бор.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!