Маъмур Саидқосимов: Ўзбекистонлик ҳакамлар Осиёда етакчи ўринларда боришмоқда
Ўзбекистон футбол ассоциацияси мамлакатимизда ҳакамлик соҳасини ривожлантириш, малакали ҳакамларни тайёрлаш ва уларнинг савиясини мунтазам равишда ошириб бориш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, ўзбекистонлик ҳакамлар кўплаб халқаро нуфузли мусобақаларга доимий равишда таклиф қилинишяпти. Улар Жаҳон чемпионати, Осиё Кубоги, Осиё чемпионлар лигасидан ўрин олган ўйинларда муваффақиятли ишлаб келишмоқда.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ҳакамлар ва назоратчилар департаменти директори Маъмур Саидқосимов бу ютуқларнинг ортида машаққатли меҳнат ётгани ҳақида айтиб ўтди.
“Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ҳакамлик соҳасини ривожлантириш учун бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Жумладан, ҳакамларнинг малакасини ошириш мақсадида улар иштирокида турли семинарлар ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, ҳар мавсум олдидан ҳакамлар жисмоний тестлар топширишади. Жисмоний тестлардан ўтолмаганлар мусобақаларга қўйилмайди. Бу эса ҳакамлар доимий равишда ўз устиларида ишлашлари кераклигини англатади. Шунингдек, ЎФА ёш ҳакамларни тайёрлаб боришга ҳам катта аҳамият қаратяпти. ЎФА Биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов бу масалани шахсан назорат қилиб бормоқда. Ҳозирда Равшан Эрматовни бутун дунё танийди. У ўзининг меҳнати ва ҳаракати туфайли бутун дунёга ўзбек ҳакамлари қандай савияга эга эканлигини исботлаб берди. Равшан Эрматов ортидан бир қатор тажрибали ҳакамлар етишиб чиқмоқда. Бизнинг вазифамиз уларни ҳам Эрматов даражасига олиб чиқиш.
Ўтган йили ЎФА Биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг топшириғига асосан “Ёш ҳакамлар тайёрлаш мезонлари” тасдиқланди. Ана шу мезонлар асосида ёш ҳакамларни тайёрлаб боряпмиз. Бунинг натижасида ҳозирда кўплаб ҳакамларимиз мунтазам равишда халқаро мусобақалардан таклиф олишмоқда.
Январь ойида БААда ўтган Осиё Кубогида ҳам мамлакатимиз вакиллари жуда яхши ишлашди. Равшан Эрматов ёрдамчилари Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидов билан биргаликда бир қатор муҳим ўйинларни, жумладан, финал учрашувини юқори савияда бошқарди. Бундан ташқари, ҳакамларимиз Осиё чемпионлар лигасидан ўрин олган мусобақаларда ҳам муваффақиятли ишлаб келишмоқда. Равшан Эрматовдан ташқари Валентин Коваленко, Ильгиз Танташев, Шерзод Қосимов, Азиз Асимов, Руслан Серазетдинов ҳам ўз гуруҳи билан Осиё қитъасининг клублар ўртасидаги нуфузли мусобақасида иш олиб боришяпти. Бундан ташқари, шу йилнинг 22-26 март кунлари U-23 Осиё чемпионати саралашидан ўрин олган учрашувлар бутун қитъамиз бўйлаб бўлиб ўтади. Ўзбекистонлик бир қатор ҳакамлар мазкур ўйинларни бошқариб бориш учун таклиф олишган.
Қувонарлиси, аёл ҳакамларимиз ҳам эркаклар билар бир қаторда халқаро мусобақаларда муваффақиятли ишлаб келишмоқда. Уларнинг юқори савияси ОФК томонидан муносиб эътироф этиляпти. Эдита Миробидова, Зилола Раҳматова, Анна Сидорова, Кристина Середа кўплаб учрашувларда иш олиб боришди. Шунингдек, бўлғуси мусобақаларга ҳам таклиф қилинишган.
Бундан ташқари, 20-24 март кунлари Тошкентда ҳакамларимиз учун ФИФА семинари ўтказилади. Семинарни тажрибали ҳакам, ФИФА инструктори Валентин Иванов олиб боради. Семинар давомида ҳакамларимиз учун муҳим маълумотлар бериб ўтилиб, улар билан амалий машғулотлар ҳам ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистонлик нафақат истеъдодли ҳакамлар, балки тажрибали инструкторлар ҳам халқаро миқёсда фаолият олиб боришмоқда. Масалан, ФИФА инструктори сифатида ишлаётган Фарҳод Абдуллаевни кўпчилик яхши танийди. У ўтган йили Россияда ўтказилган Жаҳон чемпионатида, шунингдек, бу йил БААда ўтган Осиё Кубогида фаолият юритди. Бутун дунё бўйлаб ташкил қилинаётган турли семинарларда жаҳоннинг турли мамлакатлари ҳакамларига семинар ўткзмоқда. Ҳозирда ЎФА Ҳакамлар ва назоратчилар департаментида фаолият юритаётган Владислав Цейтлин ҳам инструкторлик бўйича таълим олим, бу йўналишда иш бошламоқда.
Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ўзбекистонлик ҳакамлар, ҳакамлар назоратчилари ва инструкторлар ҳозирда Осиёда етакчи ўринда боришмоқда. Биз савияли мутахассисларимизни янада кўпайтириш учун бу йўналишдаги ишларимизни давом эттирамиз”, - деди Маъмур Саидқосимов.
Фикрлар