Малайзияда профессионал бокснинг 42 йиллик танаффусидан сўнг, илк бор рингга кўтарилган ўзбек боксчисини биласизми?

Малайзиялик промоутер Викрам Свапрагасамни ўзбек профессионал бокс иҳлосмандлари яхши  танишади. У юртдошларимиз Қудратилло Абдуқаҳҳоров, Азизбек Абдуғофуровларни ҳозирги муваффақиятларининг асосий сабабчиларидан бири деб айта оламиз. Гарчи, улар ҳозирда бошқа промоутерлик компаниялар билан ҳамкорлик қилаётган бўлсада, менежерлик ишлари барибир ушбу инсонга боғлиқ. Қолаверса, Анвар Турапов, Улуғбек Собиров ҳамда Жасур Аҳмаджоновлар ҳам унинг Vladimir Boxing  промоутерлик компанияси мижозлари ҳисобланишади.

Биз Викрам билан боғланиб, қўл остидаги ўзбек боксчиларининг келажагига оид ва бошқа саволлар билан мурожаат қилдик.

Ассалому алайкум.

- Салом.

- Жаноб Викрам сизни безовта қилаётганимизнинг сабаби, Sports.uz сайти учун интервью олиш эди?

- Бажонидил.

- Саволлар асосан қўл остингиздаги ўзбек боксчилари ҳақида бўлишини ҳам англаб турган бўлсангиз керак?

- Албатта.

- Келинг, дастлаб ҳамюртларимиз билан ҳамкорлик қандай бошланганлиги ҳақидаги хотираларингиз билан ўртоқлашсак?

- 2010 йилда ўзбекистонлик мураббий Илгар Алиев билан танишиб қолдим. У билан учрашиб, шахсий мураббий сифатида Малайзияга олиб бордим. У мен учун яхши дўст ва биродарга айланди. Иккимиз бу ерда бокс зали очдик ва ҳаваскор йўналишда бир нечта чемпионларни тайёрладик. Мазкур жараён натижасида терма жамоада келажакка эга бўлмаган, бир қатор ўзбек боксчилари билан учрашиб, уларни профессионал фаолиятига ёрдам беришга қарор қилдик.

31542772_154437128731399_7934469922036383744_o

- Қудратулло Абдуқаҳҳоров ҳамда Азизбек Абдуғофуровларлар деярли чемпионлик жангига даъвогар даражасига етиб келаётганда бошқа промоутерлик компаниялари билан шартнома тузишга “мажбур” бўлди. Бу ёғига тортиб кетишингизга кўзингиз етмадими?

- Баъзи промоутерлар боксчиларни юқори миқдордаги суммалар билан катта жангларга таклиф қилишади. Биз ҳам бошида шундай қилдик. Лекин ҳозир пулга боғлиқлик жуда юқори.

- Улуғбек Собировнинг рингга кўтарилиши ҳақида эшитдик. Лекин Анвар Турапов, Жасур Аҳмаджоновларга анчадан буён жанг ташкил қилинмаяпти?

- Хабарингиз бор, ўтган йилдан буён Қудратиллонинг жаҳон чемпионлик камари йўлидаги жангига бутун диққат-эътиборимизни қаратган эдик. Мазкур воқейлик амалга ошгунига қадар, баъзи ишлар ортга сурилган эди. Ҳа, Улуғбек 22 февраль куни украиналик жуда кучли, мағлубиятсиз одимлаётган Дмитрий Митрофановга қарши рингга кўтарилади. Жорий йил ҳар уч боксчи иштирокида 6 та баҳсга гувоҳ бўласиз.

- Қудратиллонинг Сергей Липинец билан бўладиган жангига батафсил тўхталсангиз. Шартномалар қандай кўриниш олди?

- Жангни PBC реклама қилади ва FOX ёки Showtime дастуридан ўрин олади. Ҳозирча мендаги ягона маълумот шу холос. Бу икки кун аввал маълум бўлди.

25353923_1942236056097570_6203549724816349968_n

- Сиз Ўзбекистон профессионал бокс федерацияси ҳамда BUKA билан ҳамкорликда Тошкентда бокс оқшоми ташкил қилган эдингиз. Яна шундай режалар борми?

- Албатта, Қудратиллонинг жангидан сўнг, Ўзбекистонда нуфузли бокс кечаси ўтказиш истагим бор. Чунки, юртингизда жуда кўп истеъдодлар мавжуд. Уларни қўллаб-қувватласангиз жаҳон чемпиони бўлишга қодирлар.

- Жасур Аҳмаджонов, Анвар Турапов ва Улуғбек Собировларларни келажаги ҳақида нима дея оласиз. Уларни Азиз ва Қудратилло даражасига чиқишига ёрдам бера оламан деб айта оласизми?

- Ҳа, уларни тўғри йўлда тарбиялаб бориш билан бунга эриша оламиз. Ўйлайманки, 2021 йил профессионал бокс оламида бу уч боксчи машҳурликка эришади.

- Умуман олганда ўзбек боксчиларининг кучли тарафи нимада?

- Аввало, улардаги кучли мактаб... Қолаверса, оёқда ишлаш, техника, ҳаваскор йўналишдаги тажрибани айтишим мумкин. Шунингдек, барчаси мехнатсевар ва ўрганишдан қочмайдилар. Бу омиллар профессионал йўналишдаги фаолиятини осонлаштиради.

65464290_2339266179727887_8521636790858153984_n

- Абдуқаҳҳоровда Менни Пакьяо билан жанг ўтказиш варианти пайдо бўлган эди. Буни амалга ошириш учун сиз томонингиздан қандайдир ҳаракатлар бўлганми?

- Албатта, жанг Малайзияда бўлиб ўтган. Лекин улар Лукас Матиссени танлашган. Чунки у вақтлар Қудратилло бокс оламида у қадар таниқли эмасди. Ваҳоланки, бу ерда аргентиналикдан кўра, юртдошингиз машҳурроқ эди. Қолаверса, Лукасдан кўра кўпроқ хавф туғдирарди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам ушбу вариантда тўхталишгандир.

- Демак, Қудратиллони Малайзияда яхши танишар эканда?

- Албатта, ҳамюртингиз 42 йиллик танаффусдан сўнг, яъни, Муҳаммад Али ва Жо Багнер жангидан кейин, менинг юртимда рингга кўтарилган биринчи профессионал боксчи бўлган. Ушбу кечада Малайзия спорт вазири, бошқа нуфузли инсонлар билан биргаликда шахсан ўзи иштирок этган. Шундан кейин Қудрат бир неча бор Сингапур ва Малайзияда, шунингдек WBC Silver камари учун жанг олиб борди. У бу ерда бир неча бор телевиденияга таклиф этилган. Шунинг учун, бу заминда кўпроқ танилган. Яна шуни қўшимча қилмоқиманки, айнан Қудратиллонинг жанги юртимизда янги профессионал бокс даврини бошлаб берди.  

- Шу 5 нафар ўзбекистонлик боксчи билан ҳамкорликда давом этасизми ёки янги номлар ҳам пайдо бўладими?

- Ўзбекистонда профессионал бокс оқшоми ташкил этишимнинг асосий сабаби ҳам шунда. Янги истеъдодларни топиш истагидаман. Қўл остимда бир қатор филиппинликлар бор. Лекин мен учун ўзбек боксчилар билан ишлаш осонроқ.

31905672_2021673184820523_2857542536321302528_n_1

- Ўзбекистонлик профессионал бокс ишқибозлари учун яна қандай янгилик айта оласиз?

- Янгилик эмаску, шунчаки дил сўзларимни айта оламан. Агар, Қудратилло ғалаба қозона олса, сизларда икки нафар жаҳон чемпиони бўлади. Азизбек ҳам жаҳон чемпионлик камарини мазкур ёки келаси йил қўлга киритади деган ниятдаман. 5 йил ичида кўплаб ўзбекистонлик боксчилар улкан натижалар қайд этишига ишонаман. Шундай экан, ғалабалардан завқланинг!

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!
Baxil Alixujaev
13/02/2020 10:57
Жаноб Викрам жудаям олийжаноб инсон! Хамма билан дустона сухбатлашади. Оддийгина "САЛОМ" деб алик олганига ишонмайман. Бир неча марта интернетда саломлашганимда тулик алик олганди.