"Ман Сити" собиқ форварди "Юве"нинг асосий мақсадига айланди

"Рома" ҳужумчиси Эдин Жеко ёзда жамоани тарк этиши мумкин, дея хабар бермоқда Tuttosport.

Ушбу трансферга "Ювентус" бош мураббийи Маурицио Саррининг ўзи қизиқиш билдирмоқда. Босниялик футболчининг ўйинига мухлис бўлган мутахассис уни Гонсало Игуаинга ўринбосар сифатида кўрмоқда.

Ўз навбатида, "Рома" жамоа сардорини коронавирус пандемияси келтириб чиқарган молиявий зарар сабаб трансферга қўйишга мажбур бўлиши мумкин.

34 ёшли ҳужумчининг римликлар билан амалдаги шартномаси 2022 йилгача амал қилади. Айни вақтда футболчи "Рома"да йилига 7,5 миллион евро маош олади. Олдинроқ, Жеко клуб билан келишувни узайтириш учун йиллик маошини 6 миллион еврогача пасайишига рози эканлиги хабар қилинган эди.

Жорий мавсумда ҳужумчи барча турнирларда "Рома" сафида 35 та ўйинда майдонга тушиб, 17 та гол ва 9 та голли пас узатган.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!