"Манчестер Юнайтед" Роналдунинг футболкаси савдосидан қанча пул ишлаб топди?
SPORTS.uz Криштиану Роналдунинг футболкаси сотуви ҳақидаги барча ҳақиқатларни ошкор қилади.
15 миллион евро ишлаб олиш учун нечта футболка сотиш керак?
3 сентябрь санасида "Манчестер Юнайтед"нинг расмий дўконида турнақатор навбат пайдо бўлди. Ичкарида эса, сотувчиларнинг ўзи МЮнинг 7-рақамдаги либосини талашиб жанжал кўтарди.
Бир неча кундан сўнг, турли хориж нашрларида бир суткада АПЛда ҳеч қачон бундай кўп футболка сотилмагани ҳақидаги шов-шувли хабарлар урчиб кетди. Айрим манбалар, "қизил иблислар" 24 соат ичида Криштиануга сарфлаган пулини ишлаб олди, деб бонг урди. Бу хабарлар қанчалар ҳақиқатга яқин?
Имкони бор, лекин бир суткада эмас!
2014 йилда "Манчестер Юнайтед" "adidas" компанияси билан 10 йиллик шартномага имзо чекди. Спорт оламидаги гигант билан тузилган битим 750 миллион фунтга баҳоланди. Шартноманинг барча бандлари аниқ бўлмагани боис, тўлиқ маълумот беришнинг имкони йўқ. Шунга қарамай, футболкалар сотувидан тушадиган сумманинг атиги 7 фоизигина клубга тегишли эканлиги факт!
Бундан чиқди, Криштиану Роналдунинг трансферига сарфланган пулларни оқлаш учун 2 075 650 футболка сотилиши керак. Ҳисоб-китоб бироз аниқ бўлмаслиги мумкин. Сабаби, клуб сотувга қўйган либосларнинг ўртача нархидан келиб чиқиб рақамларни аниқлаштирдик. 12 миллион фунт стерлинг ишлаб олиши учун "қизил иблислар" савдо бўлими раҳбарлари бироз сабр қилишлари шарт.
"Love the Sales" нашри берган маълумотларга қараганда, "Роналдунинг либоси" деб интернетга қидирув бериш сўнгги ойларда аввалгисига қараганда нақд 600 баробар ортиб кетган. Дарҳақиқат, Криштианунинг МЮдаги либоси АПЛдаги энг бозори чаққон "товар" бўлиб турибди. Шунингдек, сайт интернет дўконлари орқали Роналдунинг 7-рақам туширилган либосини сотиб олиш истагидагилар сони вебдўконлардаги футболкалар сонидан бир неча баробар кўпроқ. Бунга Вьетнамдаги улкан "adidas" компаниясининг ёпилгани асосий сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Немис брендининг бир йилда ишлаб чиқарадиган маҳсулотининг 28 фоизи Шарқий Осиё давлатида тайёрланади.
Бу ростми?!
"Love the Sales" келтириб ўтган яна бир қизиқ фактга эътибор қаратинг! "Манчестер Юнайтед" аллақачон 13,9 миллион фунт стерлингни айнан 7-рақамли либоси савдоси сабабли қўлга киритган. Бунинг учун 2,5 миллионта футболка сотилиши керак эканлиги ҳақида юқорида айтиб ўтдик. Тўғриси, бу маълумот қай даражада тўғри эканлигини номаълум. Сабаби, ўтган мавсумда МЮ умумий ҳисобда 1,7 миллион футболка сотган. 2019 йилда 1,8 миллион либос ўз эгаларига етказиб берилган.
Тўғри, Роналдунинг эффекти савдога таъсир кўрсатган бўлиши мумкин, бироқ айнан футболкалар сотувидан жамоа у қадар катта даромад олмайди. Бу бизнинг ҳисоб-китоб, холос. Мавсум сўнгида "adidas" ўз расмий каналида "Манчестер Юнайтед" нечта либос сотгани ҳақида маълумот беради. Нима деб ўйлайсиз, клуб 2021/22 йилги мавсумнинг ўзидаёқ Роналдуга сарфланган пулларни ишлаб олишга қодирми?
Я . У
Фикрлар