Манчестерликларга ёқмаган ўйинчини икки чемпион топ-клуб чақиряпти
“Манчестер Юнайтед” бош мураббийи Рубен Аморим етарли даражада ўйин амалиёти бермаётган иқтидорли ярим ҳимоячи Кобби Майну тез орада жамоасини ўзгартириши мумкин.
Сўнгги маълумотларга қараганда, Бундеслига ғолиби “Бавария” ва Италия чемпиони “Наполи” 20 ёшли ўйинчини ўз таркибига қўшиб олишга тайёр.
Кобби ёзда бошқа клубга ижарага кетмоқчи бўлганида Рубен Аморим унга рухсат бермади. Майну мунтазам ўйин амалиётига эга бўлмаётгани учун яна клубдан кетиш ташаббусини кўтарди.
TalkSPORT нашрига кўра, жорий мавсум олдидан ўз таркибига “Манчестер Юнайтед”нинг икки ўйинчиси – Скотт Мактоминей ва Расмус Хёйлундни қўшиб олган “Наполи” Майнуга ҳам асосий даъвогар ҳисобланади.
“Бавария” кейинги йилларда Англия Премьер-лигасидан олган Майкл Олисе, Ҳари Кейн, Луис Диас ва Николас Жексоннинг трансферлари муваффақиятли чиққанидан илҳомланган ҳолда Майну билан ҳамкорлик қилмоқчи.



Фикрлар