Марадона ҳакамликда муаммо бўлмаганини айтгани, жаҳон чемпионатида ўрнатилган рекорд ва Роббеннинг симуляцияси - Равшан Эрматов хориж нашрига катта интервью берди
Россиянинг таниқли нашрларидан бири бўлган “Спорт-Экспресс” сайти журналисти Игор Рабинер ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов билан интервью ташкил этди. Бир қанча мавзуларни ўз ичига олган ушбу суҳбатни ЎФА медиа бўлими ўзбек тилида тақдим этди. Биз суҳбатнинг энг қизиқарли жойларини эътиборингизга ҳавола қилишни мақсад қилдик.
— Ҳакамликни соғиндингизми?
"Албатта, ўзимни бағишлаган севимли ишимни соғинишим табиий. 18 ёшгача футбол ўйнадим, кейин жиддий жароҳат олдим ва бошқа нарса қилиш кераклигини тушундим. Ёрдамчи мураббий бўлиб ишлаганимда тасодифан ўйинга тушиб қолдим ва менга ҳакамлик қилишни таклиф қилишди. Ўшанда келажакда учта жаҳон чемпионатида ишлашимни тасаввур ҳам қила олмасдим. Ўз устимда ишлашни бошладим, қоидаларнинг барча талқинларини ўрганиб, прогресс борлигини ҳис қилганимда, мақсадим жаҳон чемпионатида ишлаш эканлигини айтдим. Баъзилар мени ақлдан озган деб ўйлашди".
— Қайси вақтда жаҳон чемпионатида ишлаш мумкинлигига ишончингиз комил бўлди?
"2000 йилларнинг бошларида. 1997 йилда ҳакамлик билан яқиндан шуғуллана бошладим ва бир неча йил ўтгач, ишонч пайдо бўлди. Чет тилларини ўрганишни бошладим, чунки уларсиз имконсиз эди. Катта ҳамкасбларимга жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилишимни айтди. Агар биз бир хил одамлар бўлсак, нега бундай турнирларни орзу қилмаслигимиз керак? 2002 йилда Корея ва Японияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳакамлар ишини диққат билан кузатиб бордим ва мен ҳам буни уддалай оламан, деган ҳис бор эди".
Жаҳон чемпионатида ва Ўзбекистонда ҳакамлик бир-биридан жуда фарқ қилади деган туйғу йўқ эди. 2003 йилда ФИФА рефериси бўлдим, 2010 йилда эса ЖАРда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига бордим ҳамда ўзини узоқ вақт парвозга тайёргарлик кўрган ва ниҳоят орзусини рўёбга чиқарган астронавтдек ҳис қилдим. Кейин эса яна иккита чемпионатда ишлаш насиб қилди. Буларнинг барчасини бошдан кечирганингизда, ишингизда нимадир тугалланмаган деб ўйлаш ношукурлик бўларди.
— Шунга қарамай, "ЖЧ-2022"да ишлаш истагингиз бўлмаганига ишонмайман. Айниқса, биринчидан, ёшингизга мос келарди, иккинчидан эса, тарихда ҳеч ким тўртта жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилмаганди.
"Ҳа, Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидан сўнг олдимда навбатдаги мақсад — Қатар турганди. У менинг ёшим ва тажрибамга тўғри келарди. Тайёргарликни бошладим ҳам, 2019 йилда у Осиё чемпионатининг бешта ўйинини, финални бошқардим. Агар Осиёда биринчи рақамли бўлсанг, албатта жаҳон чемпионатига чиқасан. Мен ўша турнир билан ЖЧ-2022 лицензиясини амалда қўлга киритдим, буёғига шунчаки савияни сақлаб қолишим керак эди, холос.
Лекин кейинчалик менга ўзбек футболининг ривожига ҳисса қўшиш таклифи бўлди. Бу катта масъулият. Ватанпарварлигимни ҳисобга олиб, қарор қабул қилишим қийин бўлди. Тарозининг бир томонида фаолиятим ва навбатдаги жаҳон чемпионати, иккинчи томонида кўп ишлар қилиниши керак бўлган ўзбек футболи ривожи ётарди. Ватанга муҳаббат эса шахсий вазифалардан устун чиқди".
— Эшитишимча, жаҳон чемпионатида бутун мамлакат сизга мухлислик қилган экан.
"Ҳа, жаҳон чемпионатлари пайтида Ўзбекистон ҳакамни қўллаб-қувватлайдиган ягона давлат эканлигини айтишганди! (Кулади.) Шунга қарамай, бу ердаги ва хориждаги устозларим билан маслаҳатлашиб, футбол жамоатчилигимиз таклифини қабул қилишга қарор қилдим. Халқаро майдонда мен аллақачон маълум ютуқларга эришганман, эндиликда эса ўз мамлакатим футболи ривожи учун хизмат қилишим керак эди".
— Бу икки ролни бирлаштириб бўлмадими?
"Йўқ. Агар сиз миллий футбол федерациясида ишласангиз, халқаро ўйинларга қатнаша олмайсиз, чунки бу манфаатлар тўқнашуви. Аввалига бу мумкин деб ўйладим, лекин афсуски, бу имконсиз экан. Аввалига камида бир марта жаҳон чемпионатига чиқиш ва у ерда камида битта ўйин ўтказишни мақсад қилиб қўйганимни эсладим. Орзуларим ушалди, натижада 3 та ЖЧ ва 11 та учрашувда қатнашдим. Агар клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари ва бошқа йирик халқаро мусобақаларни қўшадиган бўлсак — 20 ва 17 ёшгача бўлган жаҳон чемпионати, Лондон Олимпиадаси (Буюк Британия — Нигериянинг очилиш ўйинида ишлаган. Ўйинда бевосита қироллик оиласи аъзолари ҳам бор эди), Осиё чемпионатлари – умуман олганда буларнинг барчаси ФИФАнинг 16 та турнирида ишлабман деганидир".
— Айтишларича, яқинда сизни Виктор Кашшаи ўрнига Россияда ҳакамлик тизимининг раҳбарлигига таклиф қилишган, бироқ рад жавобини бергансиз.
"Ҳа, шундай гап-сўзлар бор эди, лекин мен ассоциацияда иш бошлаганим учун уларни ҳисобга олмадим. Менга хориждан бир нечта таклифлар бўлган эди, лекин бу менинг ватанимга нисбатан нотўғри ва инсофсизлик бўларди".
— Охирги йилларда қайсидир ҳакам Ўзбекистон зарарига хатога йўл қўйганида, бу ҳақда гапирганмисиз? Ёки эски корпоратив бирдамлик бунга йўл қўймайдими?
"Ҳар қандай хатога, хусусан, мураббийга, футболчиларга, ҳакамларга ҳурмат кўрсатишни талаб қиладиган этикет бор. Ўйиндан кейин биз учрашишимиз, эски хотираларни эслашимиз, ҳакамлик мавзуларини муҳокама қилишимиз мумкин. Турли мамлакатлардан келган кўплаб ҳакамлар ҳозиргача мен билан муайян вазиятларда маслаҳатлашишади.
Ўйин қоидалари ҳар йили ўзгариб туради ва бу жараённи назорат қилиш керак. Бу жараён менга ҳар доим қизиқ. Танқидда келсак, танқид қилмайман, чунки футбол майдонида ҳакам сифатида ишлаш қанчалик оғирлигини биламан. Айниқса, топ-жамоалар ўйнаса ва хатонинг нархи ниҳоятда юқори бўлса… Яхшиямки, энди ВАР пайдо бўлди, бу ҳакамларга хатони тузатиш учун ёрдам беради".
— ВАР билан ишлаш ҳақида
"2016 йилда биз Токиодаги Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида биринчи марта ВАРни синовдан ўтказа бошладик. Кейин Россияда бўлиб ўтадиган 2018 йилги жаҳон чемпионатида видеоассистентлар ёрдамидан фойдаланиладими ёки йўқми деган савол ҳали ҳам бор эди. Ўша турнирдан сўнг биз ВАР ёрдам беради деган хулосага келдик. Аввалига кўп қийинчиликлар бўлди – вазиятни кўриш учун вақт кетди, мураббийлар, футболчилар, мухлислар норози бўлди. Энди халқаро даражада бу, кўпинча 30-40 сонияни ташкил этмоқда".
— Ўзбекистон чемпионатида ВАР борми?
"Ўзбекистон Суперлигаси ўйинларининг 70-80 фоизида ишлайди. Бу ҳам натижа, албатта".
— Жаҳон чемпионати финал босқичининг 11та ўйинида сизнинг ҳисобингизда 0 та пенальти ва битта қизил карточка бор.
"Мен ўйнашга берардим ва доимо барқарор бўлишга ҳаракат қилиб келдим. Марказда ҳуштак чалинган вазиятга жарима майдончасида ҳам чалиниши керак. Енгил қоидабузарликлар деярли ҳеч бир жойда қайд этилмайди".
— Қарорларингизнинг тўғрилиги ва жаҳон чемпионатларида кўп ўйинларни бошқарганлигингиз ўртасида боғлиқлик кўрасизми?
"Ҳакам ўйин қаҳрамони бўлмаслиги керак. Унинг вазифаси футбол жамоаларига сифатли хизмат кўрсатишдан иборат. Агар ўйиндан кейин сиз ҳақингизда гапирмасалар, демак сиз яхши баҳолагансиз. Ҳеч ким ҳакамни мақтамайди. Одатда, ҳакам ҳар бир ўйинда ўртача икки юзта ўйин эпизоди бўйича қарор қабул қилиши керак. Агар у камида битта жиддий хатога йўл қўйган бўлса, ҳамма бу ҳақда гапиради ва у тўғри қилган 199 ишни унутишади. Шунинг учун ҳамиша эпизодга яқин бўлишга, тўғри позиция танлашга, ўйин ва футболчиларнинг фикрларини ўқишга ҳаракат қилдим.
…80 йиллар билан солиштирганда футбол ўзгарди, у жуда шиддатли, тезкор қарши ҳужумларга айланди. Ҳакамнинг жисмоний тайёргарлиги эса ўйин темпи даражасига мос келиши керак. Буни англаб етган фитнес инструкторларидан бири, фитнес мураббийи Жамшид Умаров билан иш бошладим. Биз жараёнга илмий ёндашдик. Ўша пайтда ҳакамларнинг кўпчилигида “жисмоний” мураббийлари йўқ эди. Биз қандай юкламалар қачон кераклигини, тикланиш вақти қанча, қандай витаминизация лозим, қандай овқатланиш кераклигини билардик. Шунинг учун натижа бўлган".
— Яъни, биринчи жаҳон чемпионатингиздан олти йил аввалроқ жисмоний тайёргарлик мураббийи билан ишлашни бошлагансиз, шундайми?
"Ҳа. Фаолиятим давомида ҳеч қачон фитнес имтиҳонидан йиқилмаганман. Мен уларни гарчи талаблар жуда юқори бўлса ҳам ҳар доим ортиғи билан бажарганман.
Футболда бу омил жуда муҳим. 50-60 метр узунликдаги пас билан тўп икки сония давомида қарши ҳужумда етиб боради. Ҳатто Усейн Болт ҳам бунчалик тез югура олмайди. Сиз эса у ерга боришингиз керак, акс ҳолда сиз хато қиласиз. Битта хато ҳакамни жаҳон чемпионатидан чиқариб юбориши мумкин, рақобат эса жуда юқори. Мен, айниқса, ёш ҳакам сифатида хато қилишга ҳаққим йўқ эди".
— Ҳакам сифатида сиз дуч келган энг “ўзгача” мураббий ким эди?
"Марадона бўлса керак. У бир ўйиннинг ўзида жентлмен, шоумен ва тажовузкор бўлиши мумкин эди".
— Сиз ишлаган ўйиндан кейин у қўлингизни сиқдими?
"Ҳа. 2010 йилги Жаҳон чемпионатида Аргентина Германияга 0:4 ҳисобида мағлуб бўлганидан кейин! Жамоаси йирик ҳисобда мағлуб бўлаётган мураббий ҳакамнинг олдига келиб, қўл сиқиб, ҳакамликда ҳеч қандай муаммо йўқлигини айтиши жуда ёқимли".
— Ҳакамлар симуляцияга чидай олишмайди. Бу борада сиз учун энг “ўзгача” футболчи ким, Неймарми?
"Неймар ва Роббен. 2014 йилги ЖЧда Нидерландия — Коста-Рика ўртасидаги чорак финал баҳсида ишлаганман, ўшанда Роббен билан шундай ҳолат бўлган. Нидерландияликларнинг ўйинларини таҳлил қилдим ва Роббен тез-тез симуляция қилишга уринганини кўрдим. Ўйиндан олдин туннелда мен унга: “Арьен, мен сенинг олдинги ўйинларингни кўрдим ва сен ҳар бирида бир-икки марта симуляция қилдинг. Сен топ футболчисан, сенга ёшлар қараяпти! Кел, бугун бунақа нарсадан воз кечайлик!”-дедим.
Ўйин давомида мен уни диққат билан кузатдим, доимо унинг ёнида бўлишга ҳаракат қилдим. Биринчи бўлим тугади, Роббен менга қарата кулиб: “Реф! Мен бир неча марта “шўнғишни” хоҳладим, лекин қарасам менинг ёнимда экансан!” Шундай дея биз қучоқлашиб, кулиб майдондан чиқиб кетдик, буни сурати ҳам бор. Кейинги дақиқаларда у “шўнғишга” уринмади ҳам".
— 2010 йилги жаҳон чемпионатида ярим финалга, 2014 йилги жаҳон чемпионатида чорак финалга қадар етиб боргансиз. Нега ЖЧ-2018да фақат гуруҳ босқичида ишладингиз?
"Ўша чемпионатда ёрдамчим жароҳат олган, унинг ўрнини босадиган ҳеч ким йўқ эди. Албатта, бу аламли ҳолат. Жаҳон чемпионатининг ҳар бир ўйини бир умр сиз билан қолади. Аммо 2018 йилги жаҳон чемпионатидан кейин 2019 йилги Осиё чемпионати ҳам бор эди, у ерда ҳам ёрқин лаҳзалар бўлди".
— Хайрлашув учрашувини ҳакам сифатида бошқардингизми?
"Ҳали вақт бўлмади. Лекин буни амалга ошириш мумкин. Ассоциацияда юқори савияда ўйнаган, шунингдек, хайрлашув учрашувларини ташкил этмаган бир қанча собиқ футболчилар ишлайди. 2022 йил ўзбек футболига 110 йил тўлди. Ушбу тадбир учун биз ўйин ташкил қилмоқчимиз ва унда бир пайтлар Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаган кўплаб собиқ футболчилар билан хайрлашув учрашувини ўтказмоқчимиз. Балки мен ҳам ҳакам сифатида чиқаман ва расман хайрлашарман. Аммо ҳозирча буларнинг барчаси музокаралар босқичида".
— Бундай ҳиссий жиҳатдан муҳим лаҳзани сиз билан баҳам кўриш учун бундай ўйинга қандай ҳакамларни таклиф қилишни хоҳлайсиз?
"Европаликлардан кўп йиллар давомида Виктор Кашшаи ва Милорад Мажич билан бирга ҳакамлик қилганмиз. Шунга қарамай — Николо Риццоли, Дамир Скомина, бельгиялик Франк де Блекере, Сергей Карасев ва албатта, Осиёдан кўплаб дўстларим бор".
— Охирги икки йил ичида норасмий ўйинларда ҳакамлик қилганмисиз?
"Халқаро даражада — йўқ. Ўзбекистонда турли турнирлар, хайрия ўйинлари бўлиб ўтди. Вақти-вақти билан ёлғиз ўзим – ҳамкасбларим, дўстларим билан футбол ўйнашга чиқаман".
— Ҳакам сифатида нима билан фахрланасиз?
"Майдонда полициячи бўлмасликка ҳаракат қилдим, лекин футболни яхшилашга ёрдам берадиган одам бўлишни хоҳлардим. Эсингизда бўлса, авваллари тажовузкор, жаҳлдор ҳакамлар кўп бўларди. Мен эса доим табассум билан ишлашга ҳаракат қилдим. “Сариқ карточка сен учун, дўстим, билиб қўй ва эҳтиёт бўл қабилида”. Мен ҳакамликка ёндашувни ва футболчиларнинг ҳакамларга бўлган муносабатини бироз ўзгартира олганимдан фахрланишим мумкин. Ўзаро ишонч ва ҳурмат бор эди, чунки биз биргаликда футболни яхшилашни хоҳлаймиз".
— Бошқа мамлакатлик қанча ҳакамлар сизнинг босиб ўтган йўлингиз улар учун илҳомлантирувчи ва рағбатлантирувчи омилга айланганини айтишган?
"Шундай бўладики, ёш ҳакамлар маслаҳат сўраб менга мурожаат қилишади. Бу жуда яхши ва мен жуда кўп меҳнат қилганимни айтади. Фаолиятимга назар ташлайдиган бўлсак, ҳакамлар улар билан ҳам шундай бўлиши мумкинлигига ишонишди".
— Ҳакамликдан функционерга ўтишдаги энг қийин ва эҳтимол, ёқимсиз нарса нима?
"Мен буни ёқимсиз деб айтмаган бўлардим. Энг қийини — авваллари фақат ўз ишим учун масъул бўлсам, энди ҳамкасбларим билан биргаликда бутун мамлакатимиз футболи ривожи учун масъулман. Ва бу жуда катта масъулият талаб қилади. Шундай бўладики, жамоа мағлубиятга учрагач, мухлисларнинг катта шикоятларини эшитишга тўғри келади. Ўзбекистон чемпионатида ҳакамлар хатога йўл қўйишади — бу ҳам танқидга сабаб бўлади. Лекин биз доимо бунга тўғри муносабатда бўлишга ҳаракат қиламиз ва ўз ишимизни таҳлилий ва тизимли равишда ривожланишга йўналтирамиз. Футболда ҳамма хато қилади, асосийси ўша хатоларни такрорламаслик".
— Дунёда ҳакамлар етакчилик қиладиган бошқа федерациялар ҳам борми?
"Ҳа, масалан, Швеция ва бошқа бир қанча давлатлар. Сентябрь ойида у ерда ўртоқлик учрашуви ўтказдик, Швеция федерацияси президенти билан танишдик. У ҳам собиқ ФИФА рефериси ҳисобланади. Ҳакамлар тартибли, интизомли инсонлар ва бундай ишларда бу сифат қадрланади.
— Нега айнан сизни танлашди?
"Халқимиз футболни яхши кўради, футбол бизнинг биринчи рақамли спортимиз. Лекин кўп нарсаларни профессионал даражага қўйиш керак. Замонавий инфратузилмани ривожлантириш, мураббийлар малакасини ошириш, болалар футболини тизимли ривожлантиришга жиддий ёндашишимиз керак. Балки бизнинг футбол жамоатчилигимиз бу ишни қандай қилиб қуриш ва буни амалга оширишни аниқлаш учун халқаро ва маҳаллий даражада тажриба ва алоқаларга эга эканлигимни билишгандир. Бу вазифани ўз зиммамга олмаслик ва юксак ишончни оқлашга уринмаслик мумкин эмас эди.
… Яна бир вице-президентимиз Одил Аҳмедовни Россия футболида ҳамма билади. Мен ҳар доим айтаман: “Жамоа яхшиланишни истаса, энг яхши ўйинчиларни олади. Шундай қилиб ассоциациямизни Одил Аҳмедов мустаҳкамлади”. Унинг Россиядан Хитойгача бўлган кўплаб мамлакатлардаги улкан ўйин тажрибаси бизга кўп ёрдам беради. Бундан ташқари, Аҳмедовнинг ўзининг болалар академияси мавжуд бўлиб, у ерда замонавий профессионал ишларни олиб боради.
— Аҳмедовга академия очиш ғоясини ўзи бир пайтлар “Краснодар”да ўйнаган Сергей Галицкий бергани ростми?
"Мен ҳам бу ҳақда эшитгандим. У ҳали “Краснодар”да ўйнаб юрган пайтларида академияни очди. Ҳозир унинг жуда яхши шогирдлари бор, улар Ўзбекистон ёшлар терма жамоаларига жалб этилган. Яна бир неча йиллардан кейин терма жамоаларда Аҳмедов академияларининг самарасини ҳис қиламиз".
ЎФА матбуот химзати
Фикрлар