Марказлашган мусобақа учун нега Тошкент қулайроқ, водий ёки воҳа эмас? - ПФЛ директори бунга 8 та сабабни келтирди

Шу кунларда Coca Cola Суперлигаси марказлашган ҳолда давом эттирилиши бўйича ҳаракатлар бошланган. Ўйинлар Тошкентда ўтказилиши режалаштирилмоқда. Хўш, марказлашган мусобақа учун нега Тошкент қулайроқ? деган саволга ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев телеграмдаги ўзининг саҳифасида жавоб берди.

Биринчидан, Суперлиганинг барча клубида Тошкентдан қўним топиш учун навбатчи отеллар бор. Улар бу отеллардан мунтазам — тиббий текширув учун, йиғинлар учун ва ҳоказо вақтларда фойдаланади. Яъни, ҳар бир клуб учун ўз вилоятидан кейинги қароргоҳ бу Тошкент.

Иккинчидан, Тошкент ва Тошкент вилоятида Суперлига талабларига жавоб берадиган 7 та майдон бор, биз шуларнинг 5 тасидан фойдаланишимиз мумкин (2 тасида прожекторлар муаммоси бор). Бошқа бирор ерда бунча майдон йўқ. Водий масаласи кўтарилиши мумкин, албатта. Бироқ водийда бундай стадионлар сони 4 та (улар орасидан Истиқлол стадиони масаласи алоҳида мавзу).

Учинчидан, Тошкент ва Тошкент вилоятларида машғулот майдонлари нисбатан кўп. Ҳаёт фақат расмий ўйинлардан иборат эмас, клублар машғулот ҳам олиб бориши керак. Сизнингча, яна қайси вилоят бир вақтнинг ўзида 14 клубни қабул қила олади? Тошкентда эса уларнинг барчасида келганида шуғулланиш учун навбатчи майдонлар бор (аслида бу мавзу ҳали Тошкентда ҳам муаммолар келтириб чиқариши катта эҳтимол).

Тўртинчидан, биз U-21 мусобақасини ҳам унутмаслигимиз керак. Чунки Ўзбекистон мезбонлик қиладиган U-19 Осиё чемпионатининг асосий футболчилари мана шу лигада тўп суради. Ҳатто Тошкентнинг ўзида улар учун табиий майдонлар қолмаяпти, биз мажбур бўламизки, уларга сунъий майдонларни таклиф қилишга. Муҳими, мусобақанинг тўхтаб қолмаслиги.

Бешинчидан, U-21 жамоалари асосий жамоалар билан ёнма-ён бўлганидагина ёш футболчиларда мотивация ва ўсиш бўлади. Шу тариқа, умумий 28 жамоа учун Тошкентдан бошқа вилоят қийинчилик туғдиради.

Олтинчидан, учрашувлар ҳакамлари, инспекторлари ва комиссарларининг асосий қисми Тошкентда истиқомат қилади. Бу улар учун чегараларни босиб ўтиш муаммосини камайтиради, футбол клублари уларни олиб келиш ва кузатиш харажатларини вақтинча ўйламайди. Уларнинг ҳаммасини бошқа вилоятга кўчириб бориш ва яшашини таъминлаш эса қўшимча маблағ талаб қилади.

Еттинчидан, МТРК ходимларининг асосий қисми ҳам Тошкентда истиқомат қилади. Уларда ҳам чегарани босиб ўтиш масаласи бор. Битта учрашувда МТРКнинг тахминан 15 нафар ходими хизмат қилиши инобатга олинса, барча учрашувлар учун етарли персоналнинг бошқа вилоятга олиб бориш муаммоси, уларнинг харажатлари масаласи келиб чиқади. Қолаверса, МТРК ва Спорт фаолияти фақатгина футболдан иборат эмас, улар қолган вақтларда бошқа лойиҳалар учун ҳам ишлаши керак, бунинг учун улар Тошкентда бўлиши лозим.

Саккизинчидан, футболни ёритиб борувчи асосий интернет нашрлар ҳам пойтахтдан туриб ишлайди. Championatasia дейсизми, Кун, Дарё, SPORTS.uz ва ҳоказо, улар ҳам бошқа вилоятлар учун ўз ходимларини юборишда, уларнинг яшашини таъминлашда молиявий қийинчиликка дуч келиши мумкин.

Касалланиш ҳолати Тошкентда кўпроқ, вилоятларда камроқлиги масаласида шундай дейишимиз мумкин: айни вақтда бутун Ўзбекистон қизил ҳудудда. Инфекция юқтириб олиш хавфи барча жойда бор. Агар жамоалар Тошкентдан қўним топса, режамиз бўйича улар истиқомат қиладиган масканларда карантин талаблари кучайтирилади. Бу ишга СЭС ва ИИВни жалб қилиш нисбатан осонроқ бўлади. Клублар ўз қароргоҳи орқали автобусда машғулотга ва ўйинга қатнайди холос. Улар билан бегона кишиларнинг учрашмаслигини иложи борича назорат қилиш мумкин бўлади, - дея ёзиб қолдирди Диёр Имомхўжаев.

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!