"Ҳозир энг бахтли одамман" - Камолиддин Тожиев ва Ҳожиакбар Алижонов матбуот анжуманида нималарни айтдилар?
Ўзбекистон Кубоги финалида “Пахтакор” - “Бухоро” (1:0) ўртасидаги ўйиндан кейин матбуот анжуманининг иккинчи қисмида ғолиб жамоа бош мураббийи Камолидин Тожиев ҳамда учрашувнинг энг яхши футболчиси Ҳожиакбар Алижонов иштирок этдилар.
Камолиддин Тожиев: - Кеча ҳам қийин ўйин бўлишини айтгандим. Чиндан ҳам қийин ва шиддатли учрашув бўлди. Битта голгача ўйин бўлди, биз гол урдик. Худога шукр, ғалабага эришдик. Ҳаммани табриклайман.
Ҳожиакбар Алижонов: - Барча “Пахтакор” мухлисларини табриклайман. Худо хоҳласа, давомли бўлсин. Ўйин қийин бўлди. Мураббий айтганларидек, қийин бўлишини ҳамма билиб турганди. Бу уч очко учун эмас, соврин учун ўйин эди. Бизга керакли натижани қўлга киритдик.
- Учрашувдаги баҳсли вазиятларда бевосита иштирок этдингиз. Бу ҳолатлар нимани ортидан келиб чиқди?
Ҳожиакбар Алижонов: - Уларни нимага тўполон қилишганини тушунмадим. Ҳеч ким ютқазгиси келмайди. Аммо бунақа футбол менимча яхши эмас.
- Асосий таркиб ўйинчиси Башар Ресан захирада қолдирилди. У тўп билан яхши ўйнайди. Фақат иккинчи бўлим ўрталарида майдонга туширдингиз. Уни захирада қолдиришингиз нима билан боғлиқ эди?
Камолиддин Тожиев: - Ўтган ўйинда “Хоразм”га қарши тўлиқ ўйнаганди. Шу боис бироз куч йўқотганди. Тайёр футболчиларни туширдик-да.
- Башар Ресан билан боғлиқ вазиятда агар унга қизил карточка кўрсатилганида сизда Б вариант бормиди?
Камолиддин Тожиев: - Йўқ, қизил тўғрисида ўйламагандик. Ўша пайт 1:0 ҳисобида ютиб тургандик. Ҳеч қиси йўқ, ўйинчимиз бор эди. Захирада тайёрлаб тургандик. Қизил кўрсатилса ҳимоячини тушириб, ҳимоядан олдинга ўйнаб натижани сақлаб қолиш эди.
- Шаҳбоз Жўрабеков кўп вазиятларда сиз билан тўқнашувларга киришди. Хомяков ҳам унга кўп эътироз билдирди. Шу ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
Ҳожиакбар Алижонов: - У мураббийни кўрсатмасини бажарди, деб ўйлайман. Мураббийи унга яқинроқ ўйна, имкон берма, деб айтиб турганди. Шу сабабли мен ҳам унга нисбатан тажовузкорроқ ўйнадим.
- Айнан бир вазиятда сиз билан Хомяков ўртасида бироз тортишувга ўхшаган мулоқот бўлиб ўтди. Ўша ҳолатда ораларингда қандай гап ўтди?
Ҳожиакбар Алижонов: - Билмадим, футболга алоқадор нарса эди. У ўз фикрини айтди, мен ўз фикримни айтдим.
- Учрашув охирида рақиб томонидан киритилган гол офсайд орқали бекор қилинди. Бу ҳақида нима дея оласиз?
Камолиддин Тожиев: - Ҳали кўрмадим. Ёрдамчиларим айтдики, ўша вазиятда иккита пассив офсайд бўлган экан.
- Бу мураббий сифатидаги дастлабки совринингиз бўлди ва “Пахтакор” раҳбарияти ҳам ўйинни бевосита стадионда кузатишди. Сир бўлмаса, раҳбарият томонидан ушбу ғалаба учун қандай бонус ваъда қилинган?
Камолиддин Тожиев: - Ҳали ҳеч ким ваъда қилгани йўқ. Бориб олайлик, энди кўрамиз.
- Йил бошида бош мураббий вазифасида эмасдингиз. Кейин бош мураббий вазифасига киришдингиз. Бош мураббий сифатидаги биринчи Кубокни қўлга киритдингиз. Бу сиз учун нимани англатади?
Камолиддин Тожиев: - Битта сўз билан айтаман: ҳозир энг бахтли одамман. Жуда хурсандман. Мен учун жуда катта ютуқ. Йигитларга раҳмат, ҳар доим айтаман: сизлар ҳеч кимга имконият бермасанглар, ҳеч ким юта олмайди.
Ҳожиакбар Алижонов: - Қўшимча қиламан, шифокоримизга ҳам раҳмат.



Фикрлар