Марко Милич: Суперлигага чиқсак, келаси йили ҳам "Бухоро"да қоламан, вазифани бажариш қўлимиздан келади!

Сербиялик ҳимоячи Марко Милич куни кеча “Бухоро” клуби билан шартнома тузди. Шу тариқа, у бир йиллик танаффусдан кейин, яна Ўзбекистон Суперлигасига қайтди.

Ўтган йили Тожикистоннинг “Истиқлол” шарафини ҳимоя қилган ва ундан аввал “Қўқон-1912”да тўп сурганини кўпчилик яхши эслаб қолган бўлса керак. “Бухоро” Миличнинг фаолиятида янги жамоа ҳисобланади.

“Бухоро” клубига ўтиши ким сабабчи?

- Мени “Бухоро” клубига шахсан бош мураббий – Даврон Файзиевнинг ўзи таклиф қилди. У ўтган йили собиқ жамоам – “Қўқон-1912”да ишлаганидан хабарим бор. Ўз ўрнида, мени таклиф қилгани учун Даврон Файзиев ва “Бухоро” клубига миннатдорлик билдирмоқчиман. Улар бу ерга таклиф қилиш орқали менга бўлган ишончи ва ҳурматини намойиш этишди.

У 34 ёшда ва олдингидек етарли кучга эгами?    

- Ҳа, гапингизга қўшилмасдан иложим йўқ, мен чиндан ҳам 34 ёшдаман ва бундай ёшда легионер сифатида тўп суриш оғир, буни ўзингиз ҳам биласиз. Бир маромда барқарор тўп суриш учун тўғри овқатланиш, машғулот ўтказиш ва ишлаш керак. Қисқаси, соғлом ҳаёт тарзига амалга қилиш керак бўлади. Барчасини тўғри бажариш ҳамда қатъий режимга амал қилиш талаб қилинади. Чунки спортчиларнинг ҳаёт тарзи осон эмас. Ўзига яраша оғир, деб айтиш мумкин. Агар ишларни тўғри бажарсангиз катта муаммоларга дуч келмайсиз. Асосийси, юқорида айтганимдек, соғлом ҳаёт тартибига амал қилиш зарур.

Про-лига унинг учун ортга ташланган қадам эмасми?

- Ҳа, бу йил про-лигада ўйнайман. Нима учун бундай қарорга келганим билан қизиқяпсизми? Биласизми, “Бухоро” гарчи про-лигага тушган бўлса-да, дарҳол яна Суперлигага қайтиш вазифаси қўйилган. Демак, жамоа бу йил яна элитага қайтиш учун курашади ва бу асосий мақсад. Менга шуниси ёқди. Шу боис “Бухоро”га келдим ва қўйилган мақсади йўлида мен ҳам қўлимдан келганича ёрдам бераман. Муҳими, бизда аниқ вазифа бор. Бу ерда яхши даражадаги мураббийлар штаби ва футболчилар йиғилган. Жамоамиз жуда аҳил. Ишонаманки, шу йилнинг ўзидаёқ Суперлигага қайтишга эришамиз.

Милич яна қанча муддат футбол ўйнамоқчи?

- Фикримча, кўпи билан яна икки-уч йил футбол ўйнасам керак. Худо насиб қилиб, Суперлигага чиқсак, келаси йили ҳам “Бухоро”да қоламан. Ўзбекистонда менга ҳамма нарса ёқяпти. Бу ерда ўзимни худди уйдагидек жуда эркин ва хотиржам ҳис қиляпман.

милтч_1

Юртимизда сербиялик футболчилар нима учун кўплиги хусусида

- Тўғри, ҳар йили Ўзбекистон чемпионатида камида 10 нафардан сербиялик футболчи тўп суради. Бунинг сабабини билмайман. Лекин бу ерда футбол даражаси юқори. Мамлакат жуда ажойиб, ҳаммаси зўр. Бизга бўладиган муносабатлар ҳам яхши. Асосийси, ҳурмат қилишади. Сербиядан келсак, доимо илиқ ҳолатда кутиб олишади.

Сербиялик легионерларнинг ўз юртида ва Ўзбекистонда

оладиган ойлик маошларида тафовут каттами?

- Бу ҳеч қандай сир эмас ва беркитадиган гап ҳам эмас. Аммо, тўғриси, мен бу хусусда гапирмоқчи эмасман. Агар бу ҳақида айтсам, хунук бўлади, чиройли иш бўлмайди. Фақат шуни айтишим мумкинки, бу ерда ҳамма хурсанд. Футболчиларни барча нарса қониқтиряпти.

Про-лигадаги интрига ва “Бухоро”нинг асосий рақиби ким?

- Бу йил энг асосий рақиб “Нефтчи” бўлади. Фарғонадан яна бир жамоа – “Истиқлол” ҳам бор. Айтишларига қараганда, Самарқанднинг “Динамо” клуби ҳам жиддий қаршилик кўрсатса керак. Ҳар ҳолда, улар ҳам яхши жамоа тузишяпти, деб эшитдим. Бу ёғини вақт кўрсатади. Худо хоҳласа, Суперлигага чиқиш бизнинг қўлимиздан келади.

Тожикистонда ўтказган фаолияти қандай кечди?

- Тўғри, мен ўтган йили Тожикистоннинг “Истиқлол” клубида тўп сурдим. Чемпионликни қўлга киритдик ва бундан ташқари Суперкубокни ҳам ютдик. Биласиз, ўтган йили Осиё Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичида Тошкентда “Локомотив”га қарши ўйнадик ва ғалаба қозонгандик. Лекин охирги саралаш босқичида “Ал-Аҳли” билан жиддий кечган учрашувда мағлубиятга учраб, юришимизни тўхтатишга мажбур бўлдик. Хўш, “Истиқлол” ҳақида нима дейишим мумкин? Бу чемпион жамоа, яхши таркибга эга. Клуб кучли мураббийга ҳам эга. Умид қиламанки, бу йил ушбу жамоа Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этади. Собиқ клубимдагиларга омад тилаб қоламан. Менга кўрсатишган эътиборлари учун раҳмат айтмоқчиман.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!