Машариповга қарши учрашувни охирига етказолмаган Неймар нималар деди?
Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” жамоаси Осиё элит чемпионлар лигаси доирасида Эроннинг “Истиқлол” жамоасини 3:0 ҳисобида енгди.
Бу беллашувнинг биз учун муҳим жиҳати шундаки, биринчидан ҳамюртимиз Жалолиддин Машарипов форслар таркибида тўлиқ ўйнади, иккинчидан бир йилдан ортиқ жароҳатини даволатган Неймар майдонга тушди.
58-дақиқада захирадан ўйинга қўшилган бразилиялик юлдуз учрашувни охиригача етказа олмади. 88-дақиқада оёқ мушакларидаги оғриқ туфайли майдонни тарк этди.
Ўйиндан кейин Неймар аҳволи ҳақида маълумот берди.
- Оёқларимда томир тортишиб қолди ва жуда қаттиқ оғриқ берди. Энди текширувдан ўтаман ва ҳаммаси яхши бўлишига умид қиламан. Бир йил ўйнамаганимдан кейин бунақа бўлиши одатий ҳолат. Шифокорлар мени огоҳлантирган эди. Шунинг учун мен эҳтиёт бўлиб, кўпроқ вақт ўйнашга ҳаракат қилишим керак, - деди Неймар.
“Истиқлол”га қарши ўйин Неймар жароҳатдан қайтганидан кейин иккинчи учрашуви эди.
Фикрлар