Майдондан креслогача ёхуд раҳбар бўлган футболчилар
Одатда футболчиларнинг майдондаги умри қисқа бўлади, деган гапларни кўп эшитамиз. Шу боис аксарият ўйинчилар фаолияти давомида келажакларини ўйлаб режалар тузиб қўйишади. Кимдир футболдан кейин ўзини мураббийликка, яна кимдир эса бошқа соҳага бағишлайди.
Шунингдек, ҳозирда турли клубларда юқори лавозимларда ишлаётган собиқ футболчилар ҳам бор. Бунга Жаъфар Ирисметов, Собир Ходиев ва яна бир қатор мисолларни келтиришимиз мумкин. Биз эса эътиборингизни бошқа бир жиҳатга қаратишни лозим топдик. Футболчи сифатида кўзга кўринган, ишқибозларнинг меҳрини қозонган собиқ ўйинчилар орасида бугунги кунда раҳбарлик лавозимигача кўтарилганлари ҳам йўқ эмас.
Хўш, бу каби масъулиятли вазифаларга эришишлари қандай юз берган ва ҳозирда уларнинг ишлари қандай? Айниқса, вилоят футбол ассоциацияларини бошқариб келаётган собиқ футболчилар аста-секин кўпайиб бормоқда. Масалан, водийдаги учала ассоциацияларни ҳам бугунги кунда кўзга кўринган собиқ футболчилар бошқаришмоқда.
Бекзод Каримов – Андижон вилояти футбол ассоциациясининг вице-президенти
Тўп сурган жамоалари: “Пахтакор”, “Бухоро”, “Андижон”
Андижон футболи тарбияланувчиси Бекзод Каримов профессионал футболдаги ҳаётини “Пахтакор”да бошлаган. Қолаверса, Ўзбекистон ёшлар терма жамоасида ҳам тўп сурган. Кейинчалик “Бухоро” ҳамда “Андижон” клубларида фаолият олиб борди. Аммо оғир жароҳатлар унинг майдондаги иштирокига тўсқинлик қилаверди. Натижада у ҳали роса ўйнайдиган пайтида бутсаларини михга илишга мажбур бўлди. Бироқ 33 ёшли мутахассис анча ўқимишли ва футболдаги тушунчалари теран бўлганлиги сабабли у ўзи ёқтирган спорт туридан узоқлашиб кетмади.
Ўз вақтида Андижон машинасозлик институтини аъло баҳоларга тамомлаган Каримов кейинчалик раҳбариятнинг эътиборига тушди ва Андижон вилояти футбол ассоциацияси вице-президенти сифатида иш бошлади. Шунингдек, у “Андижон” клуби қошидаги футбол мактабига ҳам директорлик қилган. Лекин охирги пайтларда асосан Андижон ФАда самарали фаолият олиб бормоқда. Фикримизга исбот сифатида шуни айтишимиз мумкинки, ўтган йили ЎФА томонидан йил лауреатларини тақдирлаш маросимида “Йилнинг энг яхши ассоциацияси” сифатида айнан Андижон вилояти футбол ассоциацияси эътироф этилди ва мукофотни Бекзод Каримов қабул қилиб олганди. Бу ҳам унинг ўз ишига нисбатан жонкуярлиги ва меҳнатларининг самарасидир.
Аслида у футболчи сифатида ҳам туппа-тузук ҳимоячи эди ва кўплаб мураббийларнинг қизиқишига сабаб бўлганди. Лекин кўриб турибмизки, раҳбарлик лавозимида муваффақиятларга эриша олишини исботлаб бермоқда.
Шуҳрат Мирхолдиршаев – Наманган вилояти футбол ассоциациясининг вице-президенти
Тўп сурган жамоалари: “Навбаҳор”, “Машъал”, “Андижон”, “Насаф”
Бу ном ўзбек футболида анча машҳур, шундай эмасми? Бизнингча, Шуҳрат Мирхолдиршаевни танимаган ишқибоз бўлмаса керак. Унинг қандай футболчи ва тўпурар бўлганини ортиқча таърифлаб ўтишга ҳожат йўқ, чунки бусиз ҳам ҳамма унинг кимлигини яхши билади. Аниғи шуки, у ҳавас қилса арзигулик тўпурар бўлганди.
Ўйнаган клубларида ҳам ўзидан ажойиб таассуротлар қолдирган ва мухлисларнинг меҳрини қозонган. Кейинчалик фаолиятини якунлаганидан кейин Мирхолдиршаев анча вақтгача футболдан четда юрди. Ҳа, балки у ўйинларни кузатиб келгандир, бироқ футболга алоқадор ишлардан йироқда эди. Шуҳрат фаолиятини тугатгач, ўзини мураббийликка бағишлашини ҳам кутганлар бор эди. Лекин воқеалар ривожи бошқача тус олди.
Наманган футболи тарбияланувчиси ўтган йили вилоят ҳокимининг ташаббуси билан Наманган вилояти футбол ассоциациясига вице-президент этиб тайинланди. Албатта, бунда унинг футболдаги бой тажрибаси ҳисобга олинди. Шу тариқа, у вилоят футболини бошқаришга киришди. Ҳозирда унинг ишлари чакки эмас. Лекин футболчи Мирхолдиршаев билан раҳбар Мирхолдиршаев ўртасида катта фарқ бор. Яъни, бугунги кунда у анча вазнга эга бўлиб қолган. Шунга қарамасдан, айтиш мумкинки, у ҳали ҳам ўзининг севимли иши билан шуғулланиб келмоқда.
Носир Отақўзиев – Фарғона вилояти футбол ассоциациясининг вице-президенти
Тўп сурган жамоалари: “Нефтчи”, “Насаф”, “Навбаҳор”, “Олмалиқ”, “Қўқон-1912”
Отақўзиев ҳам футбол ишқибозларига жуда яхши таниш эди. Фарғоналик собиқ ҳужумчи “Нефтчи” клуби орқали катта футболга кириб келган. Аниқроғи у ҳам Юрий Саркисяннинг топилмаларидан бири бўлганди. Мирхолдиршаев сингари у ҳам ўз вақтида чемпионатимизнинг энг яхши тўпурарларидан бири бўлган.
Вақти соати келиб, Носир ҳам фаолиятини тугатди. Сўнг Фарғона вилояти ҳокимининг қарорига кўра Отақўзиев вилоят футбол ассоциациясининг вице-президенти лавозимига тайинланди. Бу эса Отақўзиев учун янги чақириқ эди. Шу тариқа, у эндиликда бор эътиборини вилоят футболини янада юксалтиришга қаратган. Биламизки, ҳозирги кунда Фарғона вилоятидан бирорта клуб Суперлигада иштирок этмаяпти.
Катта тарихга эга бўлган “Нефтчи” орқага қараб кетди ва ўтган йилдан бери про-лигада қатнашмоқда. Ушбу клубнинг собиқ футболчиси сифатида Носир Отақўзиев “Нефтчи”нинг яна Суперлигага қайтиб, ўз ўрнига эга бўлишини хоҳлаётгани турган гап. Умуман олганда, Отақўзиевнинг вилоят футболини кўтариш йўлида қиладиган ишлари ҳали кўп. Бу борада эса унга омад тилаб қоламиз.
Асқар Жадигеров – Тошкент вилояти футбол ассоциациясининг вице-президенти
Тўп сурган жамоалари: “Андижон”, “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Динамо”, “Ясси Сайрам”, “Ордабаси” (иккаласи – Қозоғистон), “Бурирам Юнайтед” (Таиланд), “Нанчанг Хенгуан” (Хитой)
У фаолияти давомида уч бор “Андижон” клубида тўп сурган. Шу боис Жадигеров фаолиятининг учдан бир қисмини ушбу жамоа сафида ўтказган. Айниқса, ўша пайтларда маҳаллий мухлислар томонидан унга “Роналдиньо” дея таъриф берилганди. Чунки Асқарнинг ўйини ҳаммага ёқарди. Кейинчалик эса “Пахтакор”, “Бунёдкор” каби етакчи жамоаларимиз сафида ҳам тўп сурди.
Шу билан бирга легионер сифатида хориж клубларида ҳам фаолият олиб борди. Охирги пайтларда эса Асқар про-лигада “Нурафшон-Интер” жамоасида тўп сураётганди. Ўтган йили эса Жадигеров Тошкент вилояти футбол ассоциациясининг вице-президенти сифатида ишга киришди. Албатта, бу кўпчилик учун кутилмаган янгилик бўлганди. Шу тариқа, Асқар ҳам футболчиликдан кейин ўзини раҳбарлик лавозимида синаб кўрмоқда.
Фикрлар