Миржалол Қосимов: "Балки менинг ҳам айбим бордир"

“Пахтакор” – ОКМК (3:1) ўртасидаги учрашувдан сўнг олмалиқликларнинг бош мураббийи Миржалол Қосимов матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.

- Йигитлар ўз олдига қўйилган мақсадни бажаришмади. Биринчи бўлимда бошқача схемада ўйнадик. “Пахтакор”га имкониятлар яратиб берилди. Ҳаммамиз биламиз, “Пахтакор” яхши жамоа. Йигитларимизни биринчи бўлимда схемадаги ҳаракатлари тўғри бўлдию, аммо югураётганда “олов” чиқиши керак-да. Курашиш керак. Ўзини ва жамоани ғурури учун ўйнаши лозим. Бу нарса биринчи бўлимда кўринмади. “Пахтакор” бундай имкониятдан фойдаланиб голларни уриб кетди. Иккинчи бўлимда бироз схемани ўзгартирдик, фойдасини берди. Яхши вазиятлар бўлди. Рақиб дарвозаси яқинига келганимизда гол уришимиз мумкин эди. 2:1 пайтида Асадда бўлди, қанақадир квадрат ўйнаб юборишди. Балки рақиб жамоа ҳам бунга имкон бермагандир. “Пахтакор”ни ғалаба билан табриклаймиз. Икки хил таассурот қолди.

- Ўзингиз айтганингиздек, икки хил тайм кўрдик. ОКМКни жисмоний ҳолати “Пахтакор”никидан яхшироқдек кўринди. 90 дақиқада бу борада яхши ҳаракат қилди. Биринчи таймда ҳам жисмоний томондан ана шундай фаол бўлганида балки вазиятлардан ҳам фойдаланган бўлармиди?!

- Шу нарса ёқмади. Схемани ҳаммаси яхши, агарда у тўғри бажарилса. Ўйинда ҳар хил ҳаракат қилиб ютқазиш бор. Жонини бериб, кўзида олов ёниб, қандайдир рикошетдан ўтказиб юбориб ютқазиш мумкин ва шундай бўлса йигитларга уялмаларинг дейман. Лекин биринчи бўлимда кўзлари ёнмади. Шунчаки, 11 футболчи майдонда юрди. Югуришдан ташқари майдонда шижоат ҳам бўлиши керак. 90-дақиқадан кейин Насруллаевни қилаётган иши?! Ҳисоб қанақа эди? Албатта, термада ўйнайди-да, буни футболчиларга ҳам айтдим. Ҳисоб 3:1 ва бундай пайтда жойида қараб турса ҳам бўлади, лекин шундай натижа бўлса ҳам тезлик билан камида 60 метрга югурди охирида. Шу боис икки хил таассурот қолдирди. Балки менинг ҳам айбим бордир, “настрой” қила олмагандирман. Ҳамма хато қилади. Жонини бериб ўйнаши керак. Асабимга теккани биринчи бўлимда яққол кўриниб қолди.

- ОКМКни барча ўйинларини кўрсак ҳужумлар бор, имкониятлар бор...

- Айтяпман-ку, дастлабки турларда ҳам ўйин бошида бўлди. Футбол шунақаки, кимдир хато қилади, кимдир бундан фойдаланади. Хато қилганда бундан фойдаланмаса тескариси бўлиши мумкин. Гол рақибни шоширишга, тўп йўқотишга, хато қилишга, шошқалоқликка олиб келади. Бошида шу нарсалар бизга панд бериб қўйди. Ютиш учун яратилган яримта имкониятдан ҳам унумли фойдаланиш керак. Шунинг учун Абдураззоқовга ҳам, бошқаларга ҳам эътирозларимиз кўп. Охирида Али яхши тўп узатиб берди. Аммо жарима майдони ичида 10 та “касания” қилишга ҳеч ким бермайди. Барча бундай пайтда беркитади.

- Балки жамоангизда соф ҳужумчи бўлганида кўпроқ голлар урармиди...

- Ҳаммаси “балки” бўляпти-да! Ҳозирги кунга келиб, Ғиёсов, Рустамов ёки бошқаси йўқ. Энди талаб қиламиз, юқори мақсад қўйилади, улар ўз устида тўғри хулоса чиқариб, тўғри фикрласа ўзига керак. Миллий терма жамоага номзодлар бор. Ўзини “очиб” бермаса мураббийлар ҳам чақиришмайди. Ҳеч кимга эшик ёпиқ эмас.

- Охирги уч йилда ОКМК “Пахтакор”га илк бор ютқазди. Натижа ва таркибга қарасак, ОКМК сўнгги уч йил ичидаги кучсиз ҳолатидами? Бу фикрга қўшиласизми?

- Мен бошқача айтган бўлардим. Кучсиз эмаску, фақат ҳозир айтганимдек, малакали футболчилар камроқ бўлиб қолди. Тўхтахўжаев, Санчес, Рустамов, Ғиёсов...Ҳар бирига тўхталиб ўтмоқчи эмасман. Лекин ўша гапим: ҳеч кимга иродасизларча ютқазишга кафолат бермайман. Ҳаммасида азарт бўлиши керак. Ҳаётда бепарво бўлсанг ер билан битта қилиб ташлайди. Футболда ҳам худди шунақа. Кимга қарши ўйнашингдан қатъий назар футболда ўз ўрнингни олишинг керак.

- Қишки селекцияда етакчилар ўрнини тўлдириш борасида ўйламадингларми?

- Ёшроғидан таклиф қилдик, аммо бизга тўғри келмади. Шу боис ўзимизни йигитлар билан қолишга қарор қилдик.

- Апрель ойида ўйинлар тақвими жуда зич. Олдин бунақаси бўлмаган. Мураббий сифатида бу борада кучларни қандай тақсимламоқчисиз?

- Ротация. Захира кенглиги ҳам муҳим. Олдин шунақа дейишарди: менга захирангни кўрсат, сенга жамоангни қандайлигини айтаман! Бир-бирини ўрнини тўлдириб ўйнаш керак. 3 майгача 7 та ўйин кутиб турибди. Йигитларни ўзлари машғулотни ёмон кўришади, аммо ўйнашни яхши кўришади. Мана, имконият яратиб берилди. Бу ерда тикланиш муҳим саналади. Бу ҳам нормал ҳолат.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!