Камолиддин Тожиев: "Гол ўтказиб юборилса фақат ҳимоя айбдор бўлмайди"
Суперлиганинг 5-турида “Пахтакор” ОКМКни 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Ўйиндан кейин мезбонлар бош мураббийи Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида иштирок этди.
- Биринчи бўлимни яхши бошладик, яхши ўтказдик. Кейин танаффусдан сўнг тезкор гол ўтказиб юбордик. Бу бироз руҳиятимизга таъсир ўтказди. Учинчи голни урдик. Барибир учрашув охирида чарчоқ ҳам сезилди. 10 нафар футболчимиз терма жамоаларда бўлгани учун биз билан шуғулланишмаганди ва охирида чарчоқ ҳам сезилди.
- Кейинги ўйин “Нефтчи” билан. Ҳар ўйинда гол ўтказиб юбориляпти. Жамоангизни ҳимояси ҳақида қандай бош қотиряпсиз?
- Гол ўтказиб юборилса фақат ҳимоя айбдор бўлмайди. Бутун жамоани айтиш мумкин, фақат ҳимоя чизиғи вакилларини эмас. Барибир ҳаммага ўйин амалиётини бериш керак. Буни устида ишлаяпмиз ва ишлашда давом этамиз.
- Ўтган мавсумда ўнг қанот ҳимоясида Ҳожиакбар Алижонов ёрқин ўйин кўрсатганди. Шерзод Насруллаев чақирилди ва у ҳам чап қанотда зўр ўйнаши кутилган. Ойбек Бозоров ҳам таклиф қилинди. Улар ҳам ҳужумларга фаол қўшилишади. Аммо “Пахтакор” ҳужумларининг ярмидан кўпи Алижонов томонидан уюштирилмоқда.
- Санаб чиқсак, Насруллаев ҳам биринчи таймни ўзида 7-8 марта тўп узатди. Ўнгдан ҳам эмас, чапдан ҳам вазиятлар яратяпмиз. Фақат гол уришга етмаяпти. Иккала қанот билан ҳам кўпроқ ҳужум қилиш бўйича ишлаяпмиз.
- Ҳожимат Эркиновни терма жамоага чақиришмаяпти. Унга нимадир етишмаяпти...
- Машғулотларда ҳам ёмон эмас, ўзини формасида. Ишлашда давом этяпмиз ва ўзи билан ҳам гаплашяпмиз. Худо хоҳласа, формасига кириб ўзини кўрсатади.
- “Пахтакор” сафида терма жамоа ўйинчилари кўп. Дарвозабон Назаров майдонга тушмаяпти. Каннаваро ҳам уни терма йиғинига чақирмади. У билан қанақадир муаммолар борми?
- Муаммо йўқ. Санжар ҳам бор. Ўтган ўйинда ғалабага эришдик. Шу боис алмаштирмасликка қарор қилдик. Назаров ҳам, Қувватов ҳам ўйин амалиётига эга бўлишади.
- Ҳужумчиларнинг голлар уриш фоизи камайиб кетяпти. Бу ҳақида нима дея оласиз? Бу сизни қанчалик ўйлантиряпти?
- Машғулотларда буни устида ҳам ишлаяпмиз. Барибир яхши ҳимояланишяпти.
- ФИФА Эрондаги легионерларни бошқа чемпионатда ўйнашига рухсат берди. “Пахтакор”да ҳам улардан кимнидир кўришимиз мумкинми?
- Худо хоҳласа. Буни ҳам устида ишлаяпмиз.
- Фламарион жароҳатидан кейин фаоллашиб боряпти ва спорт формаси тобора яхшиланяпти. У ҳақида фикрингиз?
- Ўтган йили мавсум охирида иккала тиззасини операция қилдирганди. Қишки йиғинда ҳам қатнашмаганди. Мавсум бошида эса шамоллаб қолганди. Ҳозир анча тикланиб олди.
Фикрлар