"Агар режа ишласа натижа ҳам ижобий бўлади" ёхуд Анвар Ғофуровнинг "Сурхон"даги тақдири қандай бўлади?
"Сурхон" клубига вақтинчалик Анвар Ғофуров бош мураббий этиб тайинланганидан кейин термизликлар унинг бошчилигида кетма-кет иккинчи ғалабасига эришдилар. Ўтган турда "Насаф" таслим этилган бўлса, бу сафар "Бухоро" Термизда 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратилди.
Учрашувдан кейин "Сурхон" бош мураббийи Анвар Ғофуров учрашув ҳақида фикрларини билдириб ўтди ва журналистлар саволларига жавоб берди.
- Ўйин ҳақида фикрларингиз?
- Осон ўйин бўлмади. Умуман олганда, чемпионатда осон жамоанинг ҳам ўзи йўқ — ҳар бир учрашув қийин кечади ва ҳар бир жамоанинг ўзига хос ўйин услуби бор. Бугунги баҳснинг биринчи бўлимида ҳисобни ишончли кўринишга келтириб олганимиз сабабли футболчилар майдонда эркинроқ ҳаракат қилишди. Шунингдек, сурхондарёлик мухлисларга алоҳида миннатдорчилик билдираман — улар стадионда бизни фаол қўллаб-қувватлашди.
- Биринчи бўлимда Достон Турсунов қанот ярим ҳимоясида ҳаракат қилган бўлса-да, кўп ҳолларда марказда кўринди. Бу тактик режа эдими?
- Албатта, ҳар бир мураббий ўйин учун турли режа ва ечимларни тайёрлайди. Биз ҳам бугунги учрашув учун турли вазиятларга мос тактик ишланмаларни олдиндан тайёрлаб қўйган эдик.
- Асосий жамоага мураббий бўлганингиздан сўнг ижобий натижалар қайд этилди. Эшитишимизча, бу икки ўйин сиз учун синов тариқасида берилган. Кейинги фаолиятингиз қандай бўлади?
- Бу масала бўйича раҳбарият билан ҳали гаплашганимиз йўқ. Якуний қарорни раҳбарият қабул қилади. Менинг вазифам эса жамоани ҳар бир ўйинга яхши спорт формаси ва юқори кайфиятда тайёрлашдан иборат.
- "Сурхон" жамоасининг ҳозирги натижалари унинг ҳақиқий кучими ёки бу вақтинчалик ҳолатми?
- Бу футбол. Жамоа баъзан ютади, баъзан ютқазади. Ҳар бир учрашув учун аниқ режа ва вазифа бўлади. Агар режа ишласа, натижа ҳам ижобий бўлади. Агар нимадир ўхшамаса, ўз вақтида ўзгартириш киритиш мураббийнинг вазифаси.
- Жамоа Дилшод Йўлдошевнинг футболкаси билан суратга тушди. Унга нима бўлди?
- 2–3 кун аввал у операцияни муваффақиятли ўтказди. Ҳозир унинг аҳволи яхши Бутун жамоа Дилшоднинг тезроқ соғайиб, сафимизга қайтишини кутмоқда. Бугунги ўйинда ҳам унинг кайфиятини кўтариш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида шу ишни амалга оширдик.
Фикрлар