Мбаппе “Реал”га ўтиш учун онасининг хизматидан воз кечиши шарт
Килиану Мбаппе “Реал” футболчисига айланиши учун онаси Файза Ламари хонимнинг агентлик хизматидан воз кечиши керак. Бу ҳақда Marca нашри хабар тарқатди.
ПСЖ ва Франция терма жамоасининг энг ёрқин юлдузининг трансфер ишларини унинг оила аъзолари юритади. Агар футболчи Испанияга кўчиб ўтадиган бўлса, бу ҳолат муаммо келтириб чиқаради.
Бу ФИФАнинг янги қоидаси билан боғлиқ. Унга кўра, трансфер ва шартномалар бўйича фақат лицензияга эга агентлар иш олиб бориши шарт.
ФИФА агентлари платформасида Ламари хоним агент сифатида қайд этилмаган ва шу боис расман бирор бир ўйинчига хизмат кўрсата олмайди.
Ламари хоним Килианнинг манфаатларини расман ҳимоя қилиш учун 2024 йилнинг май ойигача расмий сертификат олиши талаб этилади.
Мутахассислар бу ҳолат бўйича бир ечим борлигини ҳам таъкидламоқда. Унга кўра, Германия ва Англия клублари ФИФАнинг янги қоидасини ҳали амалиётга тадбиқ қилмаган. Ламари хоним ўғлини Премьер-лига ёки Бундеслига жўнатиш орқали, унинг манфаатлари учун ишлашни давом эттириши мумкин.
Фикрлар