"Менга шартномани узайтириш ҳақида ҳеч ким айтгани йўқ" - "Навбаҳор"ни тарк этган ўйинчи билан самолётдаги суҳбат

“Сўғдиёна” трансфер ойнаси очилган пайтдан фойдаланиб селекция ишларини давом эттиряпти.

Хабарингиз бўлса керак, клуб бир қатор янги ўйинчиларни ўз сафига қўшиб олди ва шартномалар имзолади. Жамоа бошқалар қатори хориж йиғинини ўтказиш мақсадида Туркиянинг Анталия шаҳрига йўл олди.

Олдин сайтимиз орқали хабар берганимиздек, ўтган мавсумни “Навбаҳор”да ўтказган қанот ярим ҳимоячиси Станислав Андреев 2023 йилда жиззахликлар сафида тўп суришга қарор қилди. Табиийки, у ҳам “Сўғдиёна” билан Анталия сафарига кетди. Тақдир тақозоси билан Анталияга бирга парвоз қилдик. Натижада самолётда Андреевни бироз суҳбатга тортдик.  

- Станислав, аввало “Сўғдиёна” билан шартнома имзолаганингиз ва клубнинг аъзосига айланганингиз билан табриклайман. Бу клубга кўчиб ўтишингизга асосан нима туртки бўлди? Бу олдиндан режалаштирилганмиди ёки тўсатдан юз бердими?

- 2022 йилги чемпионат тугаганидан сўнг “Навбаҳор” билан шартномам ҳам ниҳоясига етганди. Менга шартномани узайтириш ҳақида ҳеч ким айтгани йўқ. Декабрь ойи бошида Ёрқин Назаров қўнғироқ қилиб, агар хоҳласам “Сўғдиёна” жамоасига қўшилишим мумкинлигини айтиб ўтди ва келишиб олдик. Ортиқча ҳеч нима муҳокама ҳам қилинмади. Сўнг бу жамоага келдим.

андреев2

- “Навбаҳор”ни тарк этишингизни яна қандай сабаблари бор?

- Яна такрорлайман: шартномам якунига етгани учун узайтиришни хоҳлашмади. Шунинг учун жамоани тарк этдим.

- “Навбаҳор” бренд клуб ва медаллар учун курашади. Умуман, “Сўғдиёна”га ўтиб олдинга қадам ташладим, деб айта оласизми?

- Ҳар бир мавсум янги чақирув. “Сўғдиёна” ҳам ўтган йили яхши натижаларни кўрсатди. Ажойиб жамоа. ОФК Кубоги ўйинларида ҳам яхши қатнашди. Менимча, бу олдинга ташланган қадам.

андреев1

- Сиз учун “Сўғдиёна” янги клуб, янги мураббий ва янги футболчилар. Муҳит қандай?

- Ҳамма футболчиларни яхши танийман. Янги жамоа, лекин таркибни асосий ўйинчилари жамоада қолишган. Ҳозир айтганимдек, барчаси менга таниш. Жамоадаги мухитга келсак, аъло даражада. Биринчи машғулотданоқ бир-биримизни тушуниб қатнашдик. Клубда ёши катта футболчилар ҳам, ёшлар ҳам мавжуд. Энг каттаси Жасур Ҳасанов ва биз бир-биримизни яхши таниймиз.

- Сиз фаолиятингизда ютуқларга эришгансиз. “Сўғдиёна”да ҳам нимадир ютишингизга ишонасизми ва бу борада клубнинг имконияти қандай?

- Мавсум бошида жамоаларнинг имкониятлари бир хил бўлади. Яхши жамоа йиғиляпти ва шунга яраша қизиқарли ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Кимни қандай ўринда бўлишини турнир жадвали кўрсатиб беради.

андреев3

- Сизда легионерга айланиш имконияти ҳам бормиди?

- Албатта, ҳар бир футболчи ўзини хорижнинг кучли клубларида кўришни хоҳлайди. Ҳали футбол ўйнашга вақтим бор. Бу йилни “Сўғдиёна”да ўтказай-чи, кейин кўрамиз, нима бўлишини.

Шуҳратбек Жўраев.

 

Фикрлар

Фикр қолдириш учун авторизациядан ўтинг!