Месси: "Вазият жиддий эмас деб ўйлайман"
Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси Чили терма жамоаси билан Америка кубоги гуруҳ босқичи ўйинида ўнг сон мушакларини шикастлаб олди. Футболчи тиббий кўрикдан ўтади, деб хабар бермоқда "Tyc Sports".
Аргентина бугун Чилини 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Лионель 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилди.
"Мен бироз хавотирда эдим, лекин 90 дақиқа ўйнай олдим. Умид қиламанки, бу жиддий нарса эмас. Кўрамиз, кейин нима бўлади, лекин ноқулайлик туфайли эркин ҳаракат қилиш қийин", - деди Месси ўйиндан кейин.
Маълумот учун, икки турдан сўнг Аргентина олти очко жамғариб, турнирнинг плей-офф босқичига йўлланмани кафолатлади. Аргентиналиклар гуруҳ босқичининг сўнгги ўйинини 30 июнь куни Перу термасига қарши ўтказади.
Фикрлар